Сен ота-онангга қандай яхшилик қила оласан?

Эй фарзанд, атрофингга қара ва ота-оналарнинг ўз фарзандларига қилган ишларини фикр қил. Ана шунда ота-онанг сени тарбиялаш ва сени касаллардан даволатишда бошларидан кечирган қийинчиликларни билиб оласан.
Онанг сени тўққиз ой қорнида кўтарган вақтида қанча-қанча оғриқларни тортди. Ва қанча-қанча машаққатларни бошидан ўтказди. Сени эмизиш, сени ювиб тараш, иссиқ-совуқдан сени ҳимоя қилишда у бечора кўп кеча ва кундузларни қийинчиликда ўтказди.
Сен улғайгач, сенга қандай эмаклаш, қандай юриш, қандай ейиш ва ичиш, қандай гапириш, барча-барчасини ўргатди. У ҳар куни сен учун таом ва чой тайёрлайди. Кийимларингни ювади. Сенга ётиш учун жой солади. У сени кўриб кўзи қувонади, қалби шодланиб орзу-умидларга чўмади.
Отанг эса ишлаб Аллоҳ берган ризқни топиш учун ҳар куни уйидан чиқиб кетади. Сенинг роҳатингни ўйлаб қийналади, меҳнат қилади. Сенинг ейишинг, ичишинг, кийинишинг, турар жойинг ва таълим олишинг учун пул тўплайди. У сени яхши кўради ва сени ҳаётингда ютуқларга эришиб, ишларингда муваффақият қозониб яшашингни кўришидан ҳам кўпроқ бирон нарсани яхши кўрмайди.
Шунинг учун сен ота-онангга итоат қилишинг ва уларга яхшилик қилишинг керак.
Ота-онага яхшилик қилишнинг аввали уларга итоат қилишдир. Чунки улар болаларини зарарли нарсага буюрмайди. Агар улар касал бўлиб қолсалар, уларни давола, агар ожизланиб камбағал бўлиб қолсалар, уларга пулдан ёрдам қил. Одамлар ота-онангни сўкмасин десанг, сен уларнинг ота-оналарини сўкма. Уларга мулойимлик билан гапир. Уларнинг сўзидан сиқилма. Агар тирик бўлишса, уларга узоқ умр сўраб, вафот этишган бўлсалар, раҳмат сўраб уларнинг ҳаққига дуо қил. Бу сени тарбия қилганликлари ва ёшлигингда меҳрибон бўлганликлари эвазига уларга мукофот бўлади.
Уларга итоат қил, яхши кўр ва уларнинг насиҳатларига амал қил.
Уларнинг олдида одоб билан ўтир, улар сенинг ҳузурингга келсалар, ўрнингдан тур ва уларнинг овозидан овозингни баланд кўтарма.
Ота-онанг қувватли вақтларида улар хурсанд бўладиган ишларни қил. Агар қувватлари кетиб ишга яроқсиз бўлиб қолсалар, зиммангдаги уларнинг ҳақларини адо этишинг учун улар муҳтож бўладиган барча нарсаларда уларга ёрдам бер.
Улар сенга қаттиқлик қилсалар, уларга қўпол гапирма. Чунки улар фақат сенинг фойдангни хоҳлашади.
Эрталаб турганингда ва кечқурун ётишингдан олдин, уларни кўрганингда уларга салом бер.
Уларни ғазаблантирадиган нарсалардан йироқ бўл. Уларнинг узун умр кўришларини яхши кўр. Шуни орзу қил. Чунки улар ҳам сенинг саломат бўлишингни ва умринг узун бўлишини орзу қилардилар.
Улар бирон иш буюрганларида зинҳор “уф”, дема.
Чақирганларида “лаббай”, деб тезда ҳузурларига етиб бор.
Уларга озор етишига сабабчи бўлма. Яъни, болалар билан уришма ва уларнинг ота-оналарини сўкма. Акс ҳолда ўша ёмон болалар ҳам сенинг ота-онангни сўкадилар.
Лаббай – биров чақирганда бериладиган жавоб (аслида “лаббай” сўзи “мана, ҳузурингдаман” маъносини англатади).
Уф – бирон нарсадан шикоят ва ранжишни ифодалайди (аслида “уф” сўзи “сендан безорман”, “жонимга тегдинг”, маъносини англатади. Шу сабаб бу сўзни зинҳор тилга олмаслик керак. Айниқса ота-онамиз олдида “уф” демаслигимиз лозим).

Хадичаи Кубро аёл қизлар ўрта
махсус ислом таълим муассасаси
ахборот-ресурс маркази раҳбари
М. Саиджалолова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*