Эй инсон адашма

Конституциямизнинг 18-моддасида: “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар”, деб кўрсатилган. Бу Асосий қонунда шунчаки белгиланмасдан, амалда ҳам намоён бўлмоқда. Буни нафақат жамиятнинг ҳар бир фуқароси ҳис қилмоқда, айни пайтда жаҳон ҳамжамияти эътироф этмоқда, ўзбек моделининг маз¬кур масаладаги тажрибасидан намуна олмоқда. Бу бежиз эмас.
“Эътиқод” арабча сўз бўлиб, қаттиқ ишонч, Аллоҳ таолога бўлган имон маъноларини англатади. Эътиқоднинг асосини илм ташкил қилади. Чунки киши нимага эътиқод қилаётганини, нимага ишонаётганини англаши лозим. Илмсиз эътиқод йўқ, бўлиши ҳам мумкин эмас. Чунки киши илмсиз нимагадир ишонса, унга эътиқод қилса унинг оқибати аянчли бўлиши ҳеч гап эмас. Инсон эътиқод билан тирик, эътиқод билан азиз ва мукаррам. Соф эътиқод инсонни покликка, тўғри йўлга чақиради. Эътиқоди мустаҳкам инсон ўз динидан воз кечмайди.
Шунингдек, эътиқод – бир нарсани иккинчисига маҳкам боғлаш маъносини ҳам ифода этади. Ислом ақидаси мусулмони маълум бир нарсалар билан маҳкам боғлаб турадиган тушунчалар мажмуасидир. Инсон бирор нарсага эътиқод қилиши учун уни ҳеч қандай шубҳа қолдирмайдиган даражада яхши билиши лозим. Ислом динида Аллоҳнинг ягоналиги ва пайғамбарларнинг ҳақлигига эътиқод қилиш ва ишониш шарт. Бу борада Қурони каримда:
Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга, Пайғамбарига, (шу) Пайғамбарига нозил қилган Китоб (Қуръон)га ҳамда илгари нозил қилинган китобларга имон келтирингиз! Кимки Аллоҳни, фаришталарини, китобларини, пайғамбарларини ва “Охирги кун (қиёмат)”ни инкор этса, демак, у жуда узоқ (қаттиқ) адашибди” (Нисо, 136), – деб огоҳлантирилган. Ҳозирги ХXI аср таҳдидларининг сабаби нима? Нега ҳозирги кун ёшлари экстремизм, терроризм каби “ўргимчак тўр” ларига тушиб қолишмоқда? Бу таҳдидлардан қандай сақланиш мумкин? Юқоридаги саволлар ҳар қандай инсонни ўйлантириши керак бўлган саволлардир. Ўзбекистон кўп йиллар давомида мустабид тузум қарамлигида қолди. Биламизки, Юртимизнинг тинчлигига таҳдид солувчилар, қадриятларини унуттиришга интилганлар кам бўлмади. Шундай бир даврда, халқимиз маълум бир вақт исломдан, эътиқоддан узоқлашди. Шундай бўлсада шууримизга сингиб кетган асл иймон, эътиқод унутилмади.
Инсон ўз ақлини таниган онидан бошлаб нимагадир ишона бошлайди. Албатта инсоннинг Аллоҳга эътиқод қилиши унинг фитратида бўлади. Шунинг учун ҳам кўплаб ёшлар билимсизлиги, диндан беҳабарлилиги оқибатида ҳамда эътиқод қилиш эҳтиёжи туфайли “эътиқод овчилари”нинг қурбонларига айланмоқдалар. Бу “эътиқод овчилари” экстремизм ва терроризм каби инсон ҳаётига таҳдид солувчи оқимлардир. Улардан сақланиш учун аавало уларни қилаётган ишларининг моҳиятини англаб олишимиз лозим. “Экстремизм” сўзи лотинча “Экстремус” сўзидан олинган бўлиб, “ўта”, “сўнъги чора” деган маъноларни англатади. Экстремизм – Ижтимоий-сиёсий ҳарактердаги муаммоларни ҳал этишда ўта кескин чора-тадбирларни, фикр ва қарашларни ёқловчи назария ва амалий фаолият ҳисобланади. Экстремизм сиёсатда ашаддий, фавқулодда чора-тадбирлар ва қарашларга тарафдор бўладиган ҳаракатдир. ХХ аср бошларида турли экстремистик ҳаракатлар (гуруҳлар) пайдо бўлди. Улар гоҳ сиёсий, гоҳ диний, гоҳ ҳудудий масалани баҳона қилиб, турли жиноятлар содир этадилар. Ўз мақсадларига эришиш учун давлат раҳбарларига суиқасд уюштирдилар, туҳмат, одам ўлдириш, босқинчилик каби разил иллатлардан ҳам қайтмайдилар. Диний экстремистлар қаерда фаолият кўрсатмасинлар, асосий мақсади диний давлатни барпо этиш бўлиб, ўз мақсадларига ўзаро низолар, ихтилофлар ва қуролли тўқнашувлар орқали, яъни қон тўкиш ва зўрлик билан эришишни кўзлайдилар.
Террорчилар ўз ғаразли мақсадларини амалга оширишда асосан ижтимоий тармоқдан фойдаланадилар. Ижтимоий тармоқдаги турли-туман, ранг-баранг, одамни ўзига тортувчи лавҳалар ёрдамида кўплаб онгида бўшлиғи бор кимсаларни ўз домига тортадилар. Улар билан алоқа ўрнатгач, ўз ғаразли фикрлари билан онгидаги бўшлиқни тўлдирадилар. Глобал тармоқ орқали қўлбола бомбани ясаш, ўзини- ўзи ўлдириш орқали кўпчиликка талофат етказиш услубларини муттасил ўргатиб борадилар. “Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” китобида қуйидагича келтирилади: Террорчилар Ислом динини ниқоб қилиб олиб, “Биз ислоҳчилармиз” дея, ўзларининг вайронкор ғояларига эргашмаганларни “адашганлар” дея бутун бир мамлакатни хонавайрон қилмоқдалар. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Мусулмон, унинг қўлидан ва тилидан бошқа мусулмонлар озор чекмайдиган кишидир”- деганлар. Шундай экан, ҳар бир киши кимга ёки нимага эътиқод қилаётганлигини англаши, ўзининг тўғри йўлда эканлигига ишонч ҳосил қилишлиги, акс ҳолда бўлса, ўзини ислоҳ қилиб, вайронкор ғоялардан узоқда бўлишлиги даркор. Бугунги даврда ким бўлишимиз ва қандай мавқеъга эга бўлишимиздан қатъи назар, ҳар биримизнинг вазифамиз экстремизм ва терроризмнинг қабиҳ ва ғаразли жинояткорона мақсад ва моҳиятини ёшларимиз ва бутун халқимиз орасида тинимсиз фош қилиш асосида огоҳликка чақиришдан иборатдир. Зеро, огоҳлик – давр талаби!

Хадичаи Кубро аёл қизлар ўрта
махсус ислом таъли муассасаси
ахборот-ресурс маркази раҳбари
М. Саиджалолова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*