Диний бағрикенглик – янги тараққиёт босқичида

Бугунги кунда диний соҳа ривожи, унинг юксалиши ва дунё ҳамжамиятидаги ўрни борасида жуда кўплаб ишлар амалга оширилмоқда ва кундан-кунга энг муҳим масалалардан бирига айланмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев – кўп асрлик миллий ва диний қадриятларимизни асраб авайлаш, дунё илм-фани ва маданиятига улкан ҳисса қўшган аждодларимизнинг бебаҳо меросини ўрганиш, унинг асосида ёшларни комил инсон этиб тарбиялаш жамиятда барқарор ижтимоий-маънавий муҳитни таъминлашнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади, – деб бежиз айтмаганлар. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг амалга ошираётган оқилона сиёсатларига асосан ҳар бир соҳага, айниқса, дин соҳасига алоҳида эътибор берилиб, тубдан янгиланмоқда экан, бу масала янада долзарб аҳамият касб этади.
Бу борада қилинган ишлардан энг каттаси “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”нинг тасдиқланганидир. Диний соҳани ўз ичига олган “Ҳаракатлар стратегияси”нинг бешинчи бандида эса диний бағрикенглик ҳамда миллатлараро тотувликни таъминлаш соҳасидаги устувор йўналишлар белгилаб қўйилган бўлиб, унга кўра юртимизда бир қанча диққатга сазовор, самарали ишлар амалга оширилди ва оширилмоқда.
Хусусан, 2018 йилнинг 16 апрелида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони имзоланди. Мазкур фармонда “Жаҳолатга қарши маърифат” улуғвор ғоя асосида иш олиб бориш асосий масала этиб белгиланди.
Шунингдек, фармонда бажарилиши белгилаб қўйилган вазифалардан Ўзбекистон халқаро ислом академияси ташкил этилди ва ушбу академия таркибида Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Наманган ва Сурхондарё минтақавий филлиалларига эга бўлган Малака ошириш маркази ташкил этилиши илова қилинди.
Мазкур академия ҳузуридаги, “Зиё” медиа маркази фаолиятини янада оширишга эътибор қаратилди, унга кўра ушбу марказ мамлакатимизда динниг асл инсонпарварлик моҳиятини жамоатчиликка етказувчи асосий медиа тузилма сифатида шакллантирилди.
Дин соҳасидаги фармонда бажарилиш кўзда тутилган фахрли ишлардан яна бири Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ҳузурида “Вақф” хайрия жамоат фонди ташкил этилди ва ҳеч қанча вақт ўтмай ушбу фонд “Илм йўлида кўмак берамиз” акцияси доирасида талабаларни моддий рағбатлантириб, ўз ишини намунали амалга ошира бошлади.
Шунингдек, ушбу фармоннинг ижроси ўлароқ, вилоят, шаҳар ва республика босқичида Қуръон мусобақалари ўтказилиб, ундаги ғолиблар аниқланди, биринчи ўрин соҳибига эса Lacetti автомобили топширилди.
Фармон ижросига кўра, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги муассасаларда фуқароларга муқаддас Қуръони каримни ўргатувчи махсус курслар ташкил этилди ва Қуръони каримни ўрганишни хоҳловчилар учун малакали мутахассислар дарс ўтишни бошладилар.
Диққатга сазовор ишлардан яна бири шуки, Ислом динини чуқурроқ ўрганиш ва уни ривожлантириш мақсадида давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 23 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси бўйича қурилиш ишлари олиб борилмоқда. академия, кутубхона, архив ва қўлёзмалар фонди ташкил этилиб, уларни бугунги Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан буюк мутафаккирлар ва уламолар томонидан асос солинган илмий ва диний мактабларга доир юртимизда ва чет элларда сақланаётган қадимий қўлёзма ва тошбосма китоблар, тарихий далил ва ҳужжатлар, археологик топилмалар, осори-атиқалар, шу йўналишдаги замонавий илмий-тадқиқот ишлари, видео ва фото ҳужжатлар билан бойитиш, 300 ўринли конференсия зални ўз ичига олган бу бино келгусида ислом дини ривожланишига, аждодларимиз қолдирган бой меросни ўрганиш ва дунёга танитиш, дин соҳасида турли янги илмий, илмий-оммабоп асарлар, адабиётлар ва қимматли китоблар яратилишига хизмат қилади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган тарихий нутқи ва таклифларига биноан, жаҳонда экстремизм, терроризм муаммосига ҳам алоҳида эътибор қаратиб, тинчлик-осойишталикни сақлаш, диний бағрикенгликни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлган “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолуциясининг қабул қилиниши ҳам Ўзбекистон халқи учун жуда катта ютуқлардан бири бўлди. Зеро, Президентимиз ушбу сессияда дин борасида: “Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади”, – дея таъкидлаган эдилар.

Қайд этиб ўтиш лозимки, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг дин соҳасида олиб бораётган турли хайрли ва савобли ишлари бутун ўзбек халқи томонидан қўллаб-қувватланмоқда ва беҳисоб дуо ва ташаккурларига сабаб бўлмоқда.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта
махсус ислом таълим муассасаси
маънавий-маърифий ишлар
бўйича директор ўринбосари
Зайнаб Комилжонова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*