БОЙЛИК КИМ ТАМОНДАН БЕРИЛАДИ?

Аллоҳ хоҳлаганида ҳар бир бандани бой-бадавлат, обрўъ-эътиборли қилиб қўярди. Лекин ундай эмас. Бунинг сабаби нима? Кишилар орасида ўта давлатманди ҳам, ўртаҳоли ҳам, кунини зўрға ўтказадигани ҳам бор. Бунинг ҳикмати мўъжизавий Қуръони каримда очиқ-ойдин айтилган. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

“Агар Аллоҳ (барча) бандалари ризқини кенг-мўл қилиб қўйса, албатта улар Ер юзида зулм-тажовузкорлик қилган бўлардилар. Лекин У Зот (бандалари ризқини) Ўзи хоҳлаганича ўлчов билан туширади. Албатта У бандаларидан Хабардор, кўриб турувчи Зотдир” (“Шўро” сураси, 27-оят).
Агар Аллоҳ ҳар кимга фаровон ҳаёт берганида одамлар ҳадларидан ошиб кетишарди, туғёнга тушишарди. Чунки бойлик инсонни куфрга, кибрга, гуноҳ ишларга бошлайди. Намруд, Фиръавн, Қорун, Макка мушриклари бунга ёрқин мисолдир. Аллоҳ бандаларига Меҳрибон. Шунинг учун уларнинг ҳолига қараб ризқ беради. Бойликка муносиб бўлганларни бой қилади. Кимга камбағаллик хайрли бўлса, камбағал қилади. Аллоҳ таоло бандалари ҳолатини ўзларидан ҳам яхши билади: бири бойликка сабр қилолмаслигини билгани учун унга кенг ризқ бермайди. Яна бошқасини камбағаллик бузишини билгани учун унга фақирликни раво кўрмайди. Шунингдек, Аллоҳ таоло одамлар ризқни қайси йўл билан топаётганини, қўлидаги мол-давлатни қайси йўлларда сарфлаётганини кўриб-кузатиб туради.
Амр ибн Ҳурайс ва бошқалар: “Бу оят Суффа аҳли ҳақида тушган. Улар: “Бизда ҳам фалон нарсалар бўлганида эди…”, дея дунёни орзу қилишганида мазкур оятлар нозил бўлди” (Табароний, Ибн Жарир, Байҳақий ривояти).
Қатода ушбу оят ҳақида: “Айтилишича, ризқнинг яхшиси туғёнга бошламайдигани, Аллоҳнинг ибодатидан чалғитмайдиганидир”, деган (Ибн Жарир ривояти).
Хаббоб ибн Арат розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Биз Бани Қурайза, Бани Назир, Бани Қайнуқоъ бойликларига ҳавас билан қарадик. Шунда Аллоҳ таоло “Агар Аллоҳ бандалари ризқини кенг қилиб қўйса…” оятини туширди” (“Тафсирул Алусий”).
Уламолар айтади: “Бандалар учун фойдали иш қилиш Аллоҳ таолога вожиб бўлмаганидек, Унинг иши бандалар манфаатига зид ҳам эмас. У қайсидир бандасига кенг ризқ берса, бу ўша бандани ёмонликка бошлашини билади. Шунинг учун унинг фойдасини кўзлаб унга озроқ мол беради. Шундай экан, ризқ танглиги камчилик бўлмаганидек, ризқ мўллиги фазилат ҳам саналмайди. Аллоҳ таоло баъзи қавмларга – гарчи ризқларини фасод йўлларга ишлатишини билса ҳам – бойлик беради. Умуман, бу борада ишлар Аллоҳ таолонинг иродасига ҳавола этилади”.
Ҳақиқатан, инсон нафси ҳеч қачон тўймайди, яна кўпроқ бўлишини орзулайди. Масалан, мартабаси кўтарилган одам кейинги поғонага кўз тикади, бойлиги маълум миқдорга етганида уни янаям кўпайтириб, ҳаммадан ўзиб кетишни, мол-дунёда якка пешқадам (лидер) бўлишни истайди. Буни эзгулик йўлида талаб этса майли эди, лекин кўпинча бойлиги ошиб-тошиб кетган одам чегарадан чиқади, босар-тусарини билмай қолади. Аллоҳ меҳрибон Зот. Бандалари ҳолига қараб ризқ, бойлик, неъмат беради. Тасаввур қилинг: агар барча бирдек бой бўлганида нима бўларди? Ҳаммаёқ кибрли, бурни осмонда, насиҳатни хушмайдиган, фақат ўзини ўйлайдиган худбин кимсаларга тўлиб кетарди. Қолаверса, бир бой бошқа бойга бўйсунмасгани учун жамият ҳаёти издан чиқарди. Шунинг учун ҳам Ҳикматли Зот бандаларига маълум ўлчов билан ризқ беради.
Қуръони каримда яна шундай дейилган:

“Инсон ўзини бой-беҳожат кўргач, албатта туғёнга тушади – ҳаддидан ошади” (“Алақ” сураси, 6-7-оят).
Одатда, инсон бойиса, мансаб отига минса, мавқеи юқориласа, кибр-ҳавога берилади, ғурурга кетади, Аллоҳга ибодат қилишни эсидан чиқара бошлайди. Агар куни келиб, Аллоҳ ҳузурига қайтишини, ҳар битта амали ҳақида ҳисоб беришини, гуноҳларига жазо олишини ёдида сақлаганида, бундай қилмасди.
Муфассирлар айтишича, “Алақ” сурасининг 6-оятидан охиригача Абу Жаҳл ҳақида нозил бўлган. Лекин бу оятдаги “инсон”дан мурод барча инсонлардир. Чунки бойиганда туғёнга кетиш касали мўминда ҳам, кофирда ҳам бўлиши мумкин. Фарқи шунда: мўмин банда ўзида маънавий иллатлар илдиз отиб кетишига йўл қўймайди, кибрдан, риёдан қутулиш йўлини қидиради.

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَنْ جِبْرِيلَ عَلَيْهِ الصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَنْ رَبِّهِ تَبَارَكَ وَتَعَالَى قَالَ:… إِنَّ مِنْ عِبَادِي الْمُؤْمِنِينَ مَنْ لاَ يُصْلِحُ لَهُ إِلاَّ الْغِنَى وَلَوْ أَفْقَرْتُهُ أَفْسَدَهُ ذَلِكَ وَإِنَّ مِنْ عِبَادِي الْمُؤْمِنِينَ مَنْ لاَ يُصْلِحُ إِيْمَانَهُ إِلاَّ الْفَقْرُ وَلَوْ بَسَطْتُ لَهُ أَفْسَدَهُ ذَلِكَ وَإِنَّ مِنْ عِبَادِي مَنْ يُرِيدُ الْبَابَ مِنَ الْعِبَادَةَ فَأَكُفُّهُ عَنْهُ لِئَلاَّ يَدْخُلَهُ الْعَجَبُ فَيُفْسِدَهُ ذَلِكَ وَإِنَّ مِنْ عِبَادِي الْمُؤْمِنِينَ مَنْ لاَ يُصْلِحُ إِيْمَانَهُ إِلاَّ الصِّحَّةُ وَلَوْ أَسْقَمْتُهُ لأَفْسَدَهُ ذَلِكَ أَظُنُّهُ قَالَ: وَإِنَّ مِنْ عِبَادِي الْمُؤْمِنِينَ مَنْ لاَ يُصْلِحُ إِيْمَانَهُ إِلاَّ السَّقَمُ وَلَوْ صَحَّحْتُهُ لأَفْسَدَهُ ذَلِكَ ، إِنِّي أُدَبِّرُ عِبَادِي بِعِلْمِي بِقُلُوبِهِمْ إِنِّي بِهِمْ عَلِيمٌ خَبِيرٌ. رَوَاهُ أَبُو نُعَيْمٍ فِي حِلْيَةِ الأَوْلِيَاءِ وَابْنُ أَبِى الدُّنْيَا فِى الأَوْلِيَاءِ وَسَنَدُهُ حَسَنٌ لِغَيْرِهِ.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан, у зот Жаброил алайҳиссаломдан, у эса Парвардигори таборака ва таолодан ривоят қилади: “Мўмин бандаларим орасида шундайлар бор, уни фақат бойлик тузатади (яъни, агар у бойиса, яхши-салоҳиятли бўлади). Агар уни камбағал қилиб қўйсам, бу нарса уни бузади. Мўмин бандаларим ичида яна шундайлар бор, унинг имонини фақат камбағаллик тузатади. Агар ризқини кенг қилиб қўйсам, бу нарса уни бузади. Бандаларимдан (баъзилари) кўп ибодат қилишни хоҳлайди. Мен эса – ўз нафсидан ажабланиб, бузилиб кетмаслиги учун – уни бундан тўсаман. Мўминлар орасида шундай бандаларим бор, унинг имонини саломатлик тузатади. Агар касал қилсам, бу нарса уни бузади”. (Ровий айтади:) Менимча: “Мўмин бандаларимдан шундайлар бор, унинг имонини фақат касаллик тузатади. Агар уни соғ-саломат қилиб қўйсам, бу нарса уни бузади”, деб ҳам айтди. “Албатта мен бандаларим (ишлари)ни – қалбларидаги нарсаларни билиб турган ҳолимда – тадбир қиламан. Албатта Мен (уларни) жуда яхши биламан, (ҳолатларидан) Хабардорман” (Абу Нуайм “Ҳилятул авлиё”да, Ибн Абу Дунё “Авлиё”да ривоят қилган. Ҳадис санади ҳасан лиғайриҳ).
Аллоҳ таоло бандалари ҳолини ўзларидан ҳам яхшироқ билади, шунга қараб ишларини тадбир қилади. Айрим мўминлар салоҳияти моддий шароитига боғлиқ. Яъни, уларнинг бой бўлиши ўзларига ҳам, мўминларга ҳам манфаат келтирса, Аллоҳ таоло бундай бандаларини бой-беҳожат қилиб қўяди. Уларнинг қўлига бойлик тушса, ҳовлиқиб босар-тусарларини билмай қолишмайди. Агар камбағал бўлишса, бу уларга салбий таъсир кўрсатади. Шунинг учун Аллоҳ таоло бундай кишиларни Ўз фазли билан бой қилиб қўяди.
Мўминлар орасида яна шундай тоифа ҳам бор. Улар бойликка сабр қила олишмайди, бой бўлиш уларни бузади. Масалан, кибр-ҳаво, одамларни менсимаслик, мол-дунёси билан фахрланиш, ибодатларга дангасалик, ўзгалар ҳақини поймол қилиш ва ҳоказо. Аллоҳ бундай бандаларга раҳм қилади, уларнинг ўртаҳол ёки камбағал бўлишларини хоҳлайди. Агар кенг ризқ, моддий мўл-кўлчилик берилса, бузилиб кетишади. Аллоҳ уларнинг залолатга кетишини истамагани учун бойлик бермайди.
Одамлар орасида шундайлар бор. Улар қўшимча нафл ибодатларни кўпроқ бажаришга ҳаракат қилишади. Аммо шу билан бирга қалбларида тоат-ибодат билан кибрланиш, ўзидан ажабланиш, мақтанчоқлик иллати ҳам йўқ эмас. Бундай кишилар қилаётган амаллари билан фахрланиб кетмасликлари учун Аллоҳ уларни кўп нафл ибодат қилишдан тўсиб қўяди.
Баъзи тоифалар бор, уларнинг салоҳияти таналари соғломлигига боғлиқ. Агар касал бўлиб қолишса, намоздан, бошқа солиҳ амаллардан қолиб кетишади. Шунинг учун Аллоҳ бундай бандаларини доимий саломатлик билан сийлайди.
Яна баъзи тоифаларда эса аксинча: касал бўлишса, таналарида бирон дард-оғриқ бўлса, Аллоҳга ибодат қилишади, дуо-илтижо этишади. Агар соғайиб кетишса, яна гуноҳ-маъсиятга шўнғишади. Шунинг учун Аллоҳ уларни бемор қилиб қўяди. Зеро, Аллоҳ бандалари учун нима фойда, нима зарар эканини яхши билади.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта
махсус ислом таълим муассасаси
ахборот-ресурс маркази раҳбари
М. Саиджалолова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*