САЖДА ВА УНИНГ ФАЗЛИ

Воил ибн ҳужр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон сажда қилсалар, икки тиззаларини икки қўлларидан олдин қўяр эдилар. Қачон турсалар, икки қўлларини икки тиззаларидан олдин кўтарар эдилар». «Сунан» эгалари ривоят қилишган. Шарҳ: Аввало, ҳадиснинг ровийи Воил ибн ҳужр розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик: Воил ибн ҳужр ибн Робиъа ал-ҳазрамий, куниялари Абу ҳунайд. Бу саҳоба ҳазрамавт қабиласидан бўлиб, оталари шу қабиланинг бошлиғи эдилар. Оталари бу кишини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга элчи қилиб юборишларидан олдин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг келишларини башорат бериб: «Воил ибн ҳужр узоқ бўлган ҳазрамавтдан, Аллоҳ ва Расулига рағбат билан итоат қилган ҳолда келади», деб айтдилар. У келганида ёнларига ўтказиб: «Эй Парвардигоро, Воил ва унинг зурриётини баракалик қилгин», деб дуо қилдилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кишини қабилаларига яна бошлиқ қилиб тайинладилар. Кейинчалик у киши Куфада истиқомат қилди. Али розияллоҳу анҳу билан Сиффин урушида иштирок этдилар. Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар: 1. Саждага кетаётганда олдин тиззаларни, кейин қўлларни қўйиш. 2. Саждадан тураётганда олдин қўлларни, кейин тиззаларни кўтариш.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Саждада мўътадил бўлинглар. Бирортангиз ҳам чиғаноғини итга ўхшаб ѐймасин», дедилар». Бешовлари ривоят қилган. Шарҳ: Ит икки кафти ва чиғаноқларини ерга қўйиб ѐтади. Намозхон ўшандоқ қилмаслиги керак. Кафтларини қўйиб, чиғаноқларини кўтариб туриши керак. Абдуллоҳ ибн Буҳайна розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон намоз ўқисалар, икки қўлларини очиб қўяр эдилар. ҳатто қўлтиқларининг оқи зоҳир бўлар эди». Икки Шайх ривоят қилганлар. Бошқа бир ривоятда: «Қачон намоз ўқисалар, қўлларини қочирар эдилар. ҳатто, қўзичоқ қўллари орасидан ўтмоқчи бўлса, ўта олар эди», дейилган. Шарҳ: Бу ривоятда саждада борган одам чиғаноқларини қанчалик кўтариб туриши ҳақида сўз бормоқда. Демак, у уларни ерга ҳам, қоринга ҳам яқинлаштирмаслик лозим
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга намоз ўқир эдик. Биримиз ҳароратнинг шиддатидан кийимнинг бир тарафини сажда қиладиган ерга қўяр эди». Бешовлари ривоят қилган. Шарҳ: Бу ҳадисни тўғри тушунишимиз учун ўша шароитни тасаввур қилишимиз керак. У вақтда сажда қиладиган гиламлар, турли жойнамозлар йўқ эди. ҳатто Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидлари ҳам қуруқ ердан иборат эди. Намозхонлар ёмғир ёғса, лойга, ҳаво исиб кетса, оловдек қизиб ётган тошли ерга сажда қилар эдилар. Шунинг учун ноилож кийган кийимларининг бир тарафини ёзиб туриб сажда қилар эдилар. Шу боисдан уламоларимиз ноилож қолган одамдан бошқаси кийимининг бир тарафига сажда қилиш мумкин эмас, деганлар.
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон сажда қилсалар «Аллоҳумма лака сажадту ва бика аманту ва лака асламту. Сажада важҳи лиллази холақаҳу ва соввароҳу ва шаққо самъаҳу ва басороҳ. Табарокаллоҳу аҳсанул холиқийн», дер эдилар». Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган. Шарҳ: Дуонинг маъноси: «Эй, бор Худоё, Сенга сажда қилдим ва Сенга иймон келтирдим ва Сенга Ислом келтирдим. Юзим ўзини халқ қилган, суратини берган, қулоғи ва кўзини очган зотга сажда қилди. Энг яхши холиқ Аллоҳ олий ва муқаддас бўлди
Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«У киши Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга намоз ўқиган, у зот рукуъларида «Субҳана Роббиял Азийм» ва саждаларида «Субҳана Роббиял Аъла» дер эдилар. Қачон раҳмат оятидан (ўқиб) ўтсалар, тўхтаб сўра ва азоб оятидан (ўқиб) ўтсалар, тўхтаб паноҳ тилар эдилар». Абу Довуд ва Термизийлар ривоят қилганлар. Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойидалар: 1. Рукуъда «Субҳана Роббиял Азийм»ни айтиш. 2. Саждада «Субҳана Роббиял Аъла»ни айтиш. 3. Раҳмат оятини ўқиганда Аллоҳ раҳматини сўраш. 4. Азоб оятини ўқиганда Аллоҳдан паноҳ тилаш.
«Қачонки «Фасаббиҳ бисми Роббикал Азийм» нозил бўлганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Буни рукуъларингизда қилинг», дедилар. Қачонки, «Саббиҳисма Роббикал Аъла» нозил бўлганда у зот: «Буни саждаларингизда қилинг», дедилар». Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилган. Шарҳ: Бу ҳадисдан рукуъ ва саждада ўқиладиган тасбиҳларимиз Қуръони карим оятлари экани маълум бўляпти. «Фасаббиҳ бисми Роббикал Азийм» (улуғ Роббингнинг исмини поклаб ёд) эт ояти нозил бўлганда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу оятни рукуъларингизда айтинг деган эканлар. «Саббиҳисма Роббикал Аъла» (Олий мақом Роббингнинг исмини поклаб ёд эт) ояти нозил бўлганда эса, бу оятни саждаларингизда айтинг, деган эканлар. Шунинг учун бу оятларни ҳаммамиз рукуъ ва саждаларимизда энг ози уч марта, кўпи эса ўн бир марта айтиб келамиз. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундоқ қилганлар. Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Маҳбубим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени рукуъ ва сажда ҳолимда қироат қилишдан қайтардилар». Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган. Шарҳ: Шунинг учун уламолар рукуъ ва саждада Қуръон қироат қилиш ҳаром, деганлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Банданинг Роббисига энг яқин пайти, у сажда қилганидадир. Бас, дуони кўпайтиринглар», дедилар».
Шарҳ: Намоз банданинг ўз Роббиси ила яккама-якка муножотидир. Намоз мўминнинг меърожидир, у Аллоҳнинг ҳузурида ўзини энг хор ва энг паст тутган ҳолидир. Сажда эса намознинг бандалик энг равшан зоҳир бўлиб, хорлик ва зорлик зоҳир бўлладирган жойидир. Банданинг зорлиги қанчалар ошса, Аллоҳга шунчалар яқинлашади. Шунинг учун ҳам банда саждада Роббисига энг яқин ҳолда бўлади. Роббисига яқин турганда сўрагани қабуллиги шундан. Шунинг учун ҳам банда саждада дуони кўпроқ қилиш керак. Имом Муслим ва Аҳмадлар ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Огоҳ бўлингким, мен рукуъда ва саждада турган ҳолимда Қуръон қироат қилишдан наҳий қилиндим. Аммо рукуъда Аллоҳни улуғланглар, саждада эса дуо қилишга ижтиҳод қилинглар, сизга ижобат бўлиши лойиқдир», деганлар. Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саждаларида «Аллоҳуммағфир ли занби куллаҳу, диққаҳу ва жиллаҳу ва аввалаҳу ва охироҳу ва аланиятаҳу ва сирроҳу», дер эдилар». Муслим ва Абу Довуд ривоят қилишган. Шарҳ: Дуонинг маъноси: «Эй бор Худоё, гуноҳимни мағфират қилгин, кичигини ҳам, каттасини ҳам, аввалини ҳам, охирини ҳам, ошкорасини ҳам сирлигини ҳам». Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Бир кеча Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрпада йўқотиб қўйдим. Изласам, қўлим оёқларининг остига тегди, У зот саждагоҳда эканлар, икки оёқлари тик турган экан. Ўзлари бўлса «Аллоҳумма аъузу биризока мин сахотика ва бимуъофатика мин уқубатика, аъузу бика минка, ла уҳси санаан алайка. Анта кама аснайта ала нафсик», дер эдилар». Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган. Шарҳ: Дуонинг маъноси: «Эй бор Худоё, Сенинг розилигинг ила ғазабингдан, офиятинг ила уқубатингдан паноҳ тилайман. Сендан паноҳ тилайман. Сенинг саноингни ҳисоблай олмайман. Сен Ўзингга сано айтганингдексан». Бу умматларга таълимдир. Аввал айтганимиздек, саждада «Субҳана Роббиял Аъло»ни айтилади. Инсон ўзи ёлғиз намоз ўқиганда эса, нафл ва тунги таҳажжуд намозлари саждасида хоҳлаганича дуо қилиши мумкин. Ушбу ҳадисларда келган дуоларни ёдлаб олса, яна ҳам яхши.
Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саждалари, қачон рукуъдан (бош) кўтарганлари ва икки сажда орасида (ўтиришлари) деярли бир-бирига яқин эди». Бешовлари ривоят қилишган. Шарҳ: Яъни, замон жиҳатидан яқин эди. Демак, рукуъ ва саждада қанча муддат турсалар, рукуъдан бош кўтариб қоматларини тиклаганларида ҳам, биринчи саждадан бош кўтариб ўтирганларида ҳам шунча муддат турар эканлар.
Товусдан ривоят қилинади: «Ибн Аббосдан икки товонга иқъо қилиш ҳақида сўрадик. «У суннатдир», деди. «Бизлар уни одамга жафо, деб биламиз», дедик. «Йўқ, у Пайғамбарларингиз суннатидир», деди.
Термизий, Муслим ва Абу Довудлар ривоят қилишган. Шарҳ: Аввало, ушбу ҳадиси шарифнинг ровийи Товус билан танишиб олайлик: Товус ибн ҳайсан Хулоний ал-ҳамадоний, куниялари Абу Абдураҳмон. Бу улуғ тобеин ҳижратнинг 33 йили Яманда таваллуд топиб, шу ерда улғайдилар. Фиқҳ ва ҳадис илмида олим бўлиб етишдилар. Товус ибн ҳайсан подшоҳ ва амалдорларга яқин бўлишни хуш кўрмас, яқин бўлсалар ҳам панд-насиҳат қилишдан тоймас эдилар. Бу зот ҳижратнинг 102 йили Муздалифада ҳаж қилиб туриб вафот этдилар. «Икки товонга иқъо» дегани оёқни тик қилиб, икки товонга орқани қўйиб ўтиришга айтилади. Иқъо икки хил бўлади. Биринчиси, юқорида зикр қилинди, иккинчиси эса думбаларини ерга қўйиб, болдирларни тик қилиб, қўлини ерга тираб ўтириш. Буни ит ўтириш ҳам, дейилади. Бундоқ ўтириш макруҳ. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан иқъо ҳақида савол сўраган кишилар ушбу икки иқъони ажрата олишмаган, бир-бирига алмаштириб қўйишган экан. Жоиз иқъо ўтиришни икки сажда ўртасида бўлиши Шофеъий мазҳабида суннатдир.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам икки сажда орасида «Аллоҳуммағфир ли, варҳамни ва афини ваҳдини варзуқни», дер эдилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган. Шарҳ: Дуонинг маъноси: «Эй, бор Худоё, мени мағфират қил, раҳим қил, офият бер, ҳидоят қил ва ризқлантир».

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта
махсус ислом таълим муассасаси
ахборот-ресурс маркази раҳбари
М. Саиджалолова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*