1 Меҳнатдан келса – бойлик, турмуш бўлар чиройлик – .:: Xadicha.uz

Меҳнатдан келса – бойлик, турмуш бўлар чиройлик

Меҳнат самарасини ҳеч нарса билан алмаштириб бўлмайди, чунки унинг замирида ҳақиқий пешона тери ётади. Ана шу ҳаракат инсонга бахт-саодат, омад келтиради. Шунинг учун ҳам халқимиз “Меҳнатдан келса –бойлик, турмуш бўлар чиройлик” – дейди. Ўз ҳалол меҳнати билан топиладиган бойлик эзгулик келтириб, фаровон ҳаётга етаклайди.
Меҳнатни севиб, уни юракдан бажарган шахс меҳнатсевар ҳисобланади.
Меҳнат қилиш кўникмалари кишида болаликдан шаклланиб боришини ҳамма яхши билади. Бу ҳақида Ҳасан Басрийнинг қуйидаги сўзлари эътиборга лойиқ саналади: Ҳасан Басрий (р.а) бир куни ёшлар тарбиясига эътиборни жалб қилиш мақсадида ҳамсуҳбатларига: “Экин пишиб етилганидан сўнг нима қилинади?”,- деб савол бердилар. Улар: “Ҳосил йиғиб олинади”, – дейишди. Шунда Ҳасан Басрий (р.а): “Эй йигитлар! Шуни билингларки, гоҳида экин пишиб етилмасидан олдин унга офат (касаллик) етиши ҳам мумкин” , – деб, кишининг ўспиринлик даврини қандай ўтказиши унинг келажакда ким бўлиб етишишида муҳим ўрин тутишига ишора қилган эдилар.
Имом Ғаззолий ҳазратлари: “Олимлар суҳбатида қатнашишга ҳаракат қил, одобдан ташқари сўз ва ҳаракатлар қилма, жамоат ҳузурига салом бериб кир. Сўнгра, ўзинга муносиб ўрин танла. Изинсиз тўрга ва эътиборли жойга бориб ўтирма. Суҳбатни диққат билан тингла. Биладиган нарсангни сўрама, билмаганингни сўраб ўрган. Сенга алоқаси бўлмаган нарсани ўринсиз суриштираверма. Рухсатсиз сўзга аралашма. Сўзи, ўзи, тили, дили билан иши бир бўлмаган кишининг насиҳатида яхшилик йўқ. Ундай кишининг мажлисида ўтириб, вақт йўқотиш керак эмас. Вақт бандага Аллоҳнинг жуда қимматли икромидир,бўлар-бўлмасга исроф этмаслик керак. Ҳакимлар: “Илм ўрганинг, зеро у, фақирликда давлат, бойликда зийнатдир” , – деганлар.
Аллоҳ таоло “Моида” сурасида:
وَكُلُوا مِمَّا رَزَقَكُمُ اللَّهُ حَلَالًا طَيِّبًا وَاتَّقُوا اللَّهَ الَّذِي أَنْتُمْ بِهِ مُؤْمِنُونَ
“Аллоҳ сизларга ризқ қилиб берган нарсаларнинг ҳалол ва покларини тановул қилингиз ва ўзларингиз имон келтирган Аллоҳдан қўрқингиз! ”
Имом Байҳақий (р.а) ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар Муҳаммад (с.а.в). шундай марҳамат қиладилар:
“Кимки тиланчилик қилишдан сақланиш, оиласини боқиш ва қўни – қўшниларига мурувват қилиш мақсадида ҳалол йўл орқали ризқ топиш билан машғул бўлса, Қиёмат кунида у Аллоҳ таолога юзи ўн беш кунлик ойдек ёруғ бўлган ҳолида йўлиқади” .
Пайғамбарлардан Довуд (а.с) ўз меҳнати билан кун кеҳсирар ва темирдан совут ясаб сотар эдилар. Бу хусусда Қуръони каримнинг Сабаъ сурасида шундай баён этилади:
وَلَقَدْ آَتَيْنَا دَاوُودَ مِنَّا فَضْلًا يَا جِبَالُ أَوِّبِي مَعَهُ وَالطَّيْرَ وَأَلَنَّا لَهُ الْحَدِيدَ
“Биз Довудга (улуғ) фазл (мартаба) ато этдик: «Эй, тоғлар ва қушлар! (Довуд) билан бирга тасбеҳ айтингиз!» Яна унинг учун темирни (хамирдек) мулойим қилиб қўйдик”.
Довуд (а.с)га Аллоҳ таоло пайғамбарликдан ташқари яна мафтункор овоз ва темирчилик касбини ҳам ато этганки, Забур китобини тиловат қилганида қушлар ҳам мафтун бўлиб, унга жўр бўлар, атрофдаги тоғу тошлар ҳам акс садо бериб тиловатга қўшилишар, тасбеҳни бирга айтишар экан. Темирчиликда ҳам тенгсиз хусусиятли бўлиб, темир унинг қўлида хамирдек эриб кетар, ундан хоҳлаган буюмни ясай олар экан . Муқаддас Ислом динида ҳалолликка алоҳида катта аҳамият берилиши бекорга эмас. Бунинг сабаблари жуда ҳам кўп: Биринчидан, ҳалол касб қилиш бизга Аллоҳ таоло томонидан берилган энг улуғ амрлардан бўлиб, Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳам доимо мана шунга даъват қилиб келганлар. Иккинчидан, ҳалол касб – бу инсоннинг беминнат яшаши, Аллоҳ таоло берган неъматлани хотиржам тасарруф этишида ёрдам беради; Учинчидан, касб қилган ҳунарли кишилар доимо баланд ўринларда, мартабали кишилар қаторида эъзозланадилар. Уларда ичи қоралик, бировни кўра олмаслик бўлмайди. Ҳунарсизлар-чи? Улар Шерозий айтганидек: “Саёқ итларнинг овчи итларни кўришга кўзи бўлмагани цингари, ҳунарсизлар ҳам ҳунарманд одамларни ёмон кўрадилар. Саёқ итлар овчи итларни кўрганларида акиллаб, ғавғо қўпорадилару, лекин олдига боришга юраклари дов бермайди, шунга ўхшаш, разил одамлар ҳам яхшилик, қилишда бирор киши билан беллаша олмаганларидан кейин, ғийбат, бўҳтон қилишга киришадилар” .
Кишининг ўз меҳнати, ҳалол касби орқасидан ҳаёт кечириши уни бировнинг олдида тили қисиқ, сўзи ўтмас бўлиб қолишидан сақлайди. Ҳалол меҳнат орқасидан оилага барака ва файз киради, бундай хислатлар доимо мақталиб, тарих зарварақларига муҳрланиб қолади. Янги жамиятни ҳайратомуз намуналар билан тўлдирган саҳобалар ва ансорлар ўртасида ўзаро мурувват ва дўстлик алоқаларини боғлаш мақсадида тузилган биродарлик келишувида Абдураҳмон ибн Авф ва Саъд ибн Рабиъ (р.а)лар ака-ука тутиндилар. Расулуллоҳ (с.а.в) барпо этган бу биродарлик қасри шунчалар мустаҳкам бўлди-ки, ҳатто саҳобалар бир-бирларидан жонларини ҳам аямас эдилар. Мадина бойларидан ҳисобланган Саъд (р.а) муҳожир дўсти Абдураҳмон (р.а)га: “Мен Мадинанинг энг бой кишилариданман. Мол-мулкимнинг тенг ярмини сизга бўлиб бермоқчиман. Иккита аёлим бор, улардан истаганингизни танланг, мен уни талоқ қилай, иддаси чиққандан кейин сиз унга уйланинг”, дедилар. Абдураҳмон эса: “Аллоҳ оилангизга ва молингизга баракот берсин, мени бозорга йўллаб қўйинг”, дедилар. Шундан сўнг унга Бану Қайнуқў бозорини кўрсатиб қўйдилар. Шу куниёқ у олди-сотди қилиб бироз қурут ва сариёғ кўтариб келди ва тижорат иши шундан кейин бошланди. Икки олам сарвари Расулуллоҳ (с.а.в) умматларига энг баракали ва ҳалол касбларни қилишни васият этганлар.
“Касбнинг энг афзали ҳалол савдогарлик ва ўз қўли билан қилган касбидир” Дарҳақиқат, савдо баракадир. Расулуллоҳ с.а.внинг ўзлари ҳам машҳур саҳобалар – Абу Бакр, Усмон, Хадича онамиз (р.а) ҳам, буюк мазҳаббоши Имом Абу Ҳанифа ҳам тижорат билан шуғулланганлар.
“Қўй боқинглар, чунки у баракадир! ”
Расулуллоҳ с.а.в. ёшлик чоғларида айнан мана шу касб билан шуғулланиб, Макка аҳли қўйларини маълум ҳақ эвазига боққанлар. Абу Бакр (р.а)нинг озод қилган қуллари Омир ибн Фухайра ҳам қўй боқар, Аллоҳнинг икки дўсти Савр ғорига беркиниб турган чоғларида уларнинг изларини яшириш учун ана шу қўйлардан фойдаланган эдилар.“Тадбиркорликдек ақл йўқ, тамасизликдек тақво йўқ, яхши хулқдек олий насаб йўқ” . Ва яна савдогарларга кўрсатма равишда: “Савдо-сотиқда қасам ичишдан сақланинглар. Зеро у олдин кўпайтириб, сўнг барбод қилади”. “Газлама савдоси билан шуғулланинглар, чунки бобонгиз Иброҳим а.с. ҳам баззоз эдилар”.
Буюк Имом Абу Ҳанифа ҳам ипак савдоси билан шуғулланган ва айби бўлган молларни гарчи харидорлар сезмаса-да айтиб сотган. Пайғамбар (с.а.в) ҳунарни ёшлик чоғлардан бошлаб ўрганиш лозимлиги, болалар тарбиясида ҳам шу жиҳатларга амал қилинмоғи ҳақида таъкидлаб ўтганлар. Расулуллоҳ с.а.в. ўғил болаларга ва қизларга хос касбларни ҳам баён қилган эдилар:“Болаларингизни сузишга ва ўқ отишга ўргатинглар, қиз фарзандларингизни уйда тикиш – бичиш ишлари билан шуғулланганлари яхшироқ”. Дунё аёлларининг саййидаси, уларга ҳар томонлама ўрнак бўла оладиган онамиз Саййида Зайнаб бинти Жаҳш (р.а) ҳам тикиш – бичиш қилар эдилар. Бу ҳақида Оиша (р.а)нинг қуйидаги ҳадислари хабар беради:
“Зайнаб икки қўли моҳир аёл эди, тери ошлар, тикар ва Аллоҳ йўлида садақа қилар эди”. Қўли моҳирлик, тери ошлаш, тикувчилик қилиб, маблағ топиб садақа қилиш Зайнаб (р.а)нинг фазллари эди. Мадиналиклар аслида хурмо етиштиришда илғор кишилар эдилар. Уларнинг катта-катта хурмозор боғлари мавжуд бўлиб, ана шу ерда меҳнат қилар ва ҳосилниг фойдаси ҳисобига рўзғор тебратар эдилар. Юқорида келтирилган биродар тутининш воқеасидан сўнг улар бу ерларини ҳам муҳожирлар билан баҳам кўрмоқчи бўлдилар.
Абу Ҳурайра (р.а) ривоят қилинишича, ансорлар Пайғамбар (с.а.в)га: “Хурмозорларимизни биз ва биродарларимиз ўртасида тақсим қилинг”, деганларида “Йўқъ, деб рад этдилар. Улар ҳам бўш келмай: “Унда сизлар меҳнатига қарашинглар, ҳосилга сизларни шерик қилайлик”, дейишди. Улар ҳам бунга “Хўп”, деб рози бўлдилар”. Бу икки ҳадис ансорларнинг биродарларига ўта самимий муносабатда бўлганларини, уларга ҳамма нарсаларини фидо қила олишлари ва муҳожирларнинг ҳам ансорларнинг бу меҳрибончиликларини қадрлай олиш билан ҳалол касб, меҳнатлари эвазига ҳақ олганларига далолат қилади. Киши ўзи ўрганаётган ҳар қандай ҳунарини пухта эгаллаши лозим. Кайковус “Қобуснома” асарида ўғлига шундай насиҳат қилади: “Ҳар қандай касбни эгаллар экансан, унинг устаси бўлишга интил”, дейди ва ушбу ҳикояни мисол қилиб келтиради: Маҳмуд Ғазнавий ўз давлатини мустаҳкамлаб олгач, Аббосийларнинг сўнгги вакили Муқтадир Биллоҳга ўзига таслим бўлши ва байъат қилишни, агар айтганига кирмаса, устига ҳиндий филлар билан бостириб боришини таъклидлаб мактуб юборади. Унга жавобан Муқтадир томонидан ичига фақатгина “Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Алиф, Лом, Мим,” ёзувлари ҳуснихатда ёзилган нома келади. Уни вазирлар, аҳли сарой тушунмай, қанча-қанча тафсирларни ўқиб чиқадилар. Охирида подшоҳ машварат чақириб, маслаҳат солади. Аъёнлар орасида шоҳнинг атрофида ўтириб фикрини билдириш ҳуқуқига эга бўлмаган бир кичик котиб ҳам бор эди. У таъзим билан мана шу саволга жавоб бериб кўришга изн сўрайди ва: “Бу “Фил” сурасига ишора бўлиб, “Роббинг фил эгаларини нима қилганини кўрмадингми?”, оятидир”, дейди. Унинг гапидан таъсирланган Ғазнавий ўз аҳдидан қайтади. Котиб эса ўзининг хаттотлик касбиниг энг нозик жиҳатлари, ҳарфларга яширин маъноларни билгани учун вазирлар ва уламолар билан бир ўриндиқда ўтирган ҳолда келгуси машваратларга қатнаша олиш даражасига кўтарилди. Унинг бу топқирлиги ва касбига бўлган муҳаббати келгуси ҳаётининг гўзал ва аввалгисидан кўра яхшироқ бўлишига олиб келди. Касбига муҳаббати бор инсон ўз меҳнатидан чарчамайди. Касби туфайли атрофидагиларга ёрдами тегса, ўзини бахтли ҳисоблайди. Шунинг баробарида Аллоҳ таоло тарафидан улуғ ажру ҳасанотлар берилишига муносиб эканини ҳис қилиш билан руҳи енгил тортади. Имом Табароний ривоят қиладилар: “Гуноҳлар ичида шундайлари борки, унга фақат ҳалол ризқ топиш мақсадида қилинган ҳаракатгина каффорат бўлади”. Дарҳақиқат, инсон ҳалол меҳнати билан улуғ савоблар ваъда қилинган даражаларга эришиши мумкин. Расулуллоҳ (с.а.в) бир ҳадисда: “Албатта, Аллоҳ таоло ҳунарманд мўминни севади” деганлар.
Яна бир ҳадисларида: “Ҳеч ким қўл меҳнати билан топган таомидан кўра яхшироқ нарса еган эмас. Албатта, Довуд (а.с) ҳам қўл меҳнати орқали кун кўрганлар”, деб марҳамат қилганлар (Имом Бухорий ривояти).

 

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта
махсус ислом таълим муассасаси
ахборот-ресурс маркази раҳбари
М. Саиджалолова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*