Одам савдоси – аср муаммоси

Бугунги кунга келиб асримизнинг жиддий муаммосига айланган одам савдосига қарши кураш халқаро, минтақавий, кўп ва икки томонлама муносабатларни талаб этмоқда. Ҳозирга қадар жиноятчиликнинг ушбу турига қарши курашиш ва унинг олдини олиш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бир қатор халқаро тавсиявий ва мажбурий характерга эга ҳужжатлари қабул қилинган бўлиб, улар доирасида ушбу хавфга қарши дунё миқёсида тегишли чора-тадбирлар кўрилмоқда.
“Одам савдосига қарши курашиш соҳасида ҳамкорликни кучайтириш тўғрисида”ги келишув, 2006 йилда саккиз аъзо мамлакат доирасида “Одам савдосига қарши курашнинг 2007–2010 йилларга мўлжалланган дастури” қабул қилинган эди.
БМТ маълумотига кўра, дунёда ҳар йили тахминан 2 миллион 700 минг киши одам савдосининг қурбонига айланмоқда. Халқаро экспертларнинг баҳолашича, ушбу жиноятчилик натижасида олинаётган йиллик даромад миқдори 7 миллиард АҚШ долларидан ошиб кетган. Ташвишланарлиси, одам савдоси жиноятидан жабрланганларнинг 80 фоизи аёл ва болалардир. Ҳар йили дунё бўйича 600–800 минг нафар аёл ва болалар алдов йўли билан хорижий мамлакатларга олиб кетилиб, сотиб юборилмоқда.
Бу жиноятларнинг асосий сабаби маънавий қашшоқлик, очкўзлик, дунёга ҳаддан ташқари ҳирс қўйиш ва нафсига қул бўлишдир. Бугунги кунда инсонлар қул қилиб сотаётган баъзи кимсалар инсонларни ҳур қилиб яратган Аллоҳ таоло билан Худоликни талашмоқда. Ислом дини кўрсатмаларида ҳам инсоннинг жонзотлар ичида энг мукаррами экани таъкидланиб, қулликка қарши қатъий чоралар белгилаб қўйилган. Аллоҳ таоло ўзининг сўнгги дини Исломни юзага чиқарганда қулдорлик тузуми мавжуд бир воқеълик эди. Ислом дини инсонни ҳур яратилганлигини таъкидлаб, уни тугатиш чораларини кўрди. Қул озод қилишни савоб даражасига кўтарди, бунинг устига тез-тез такрорланувчи турли хил хато ва гуноҳ ишларнинг каффоратига қул озод қилишни буюрди. Масалан, қасамни бузиш, фарз рўзасини билиб туриб бузиш кабилар. Пайғамбаримиз (с.а.в.) “Ким бир мўмин қулни озод қилса, Аллоҳ таоло унинг ҳар бир аъзоси учун бунинг аъзоларини дўзахдан озод қилади”, деб марҳамат қилдилар. Бу ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.) қул озод қилишнинг фазилатини баён қилдилар чунки бу амал билан дўзахдан қутилиш ва жаннатга кириш мумкин экан.
Пайғамбаримиз (с.а.в.) қудсий ҳадисларида:
“Аллоҳ таоло: “Уч киши борки, мен уларга қиёмат куни хусуматчиман. Менинг номимдан (аҳд) берадиган ва кейин хиёнат қиладиган киши. Ҳур кишини сотиб пулини ейдиган киши. Мардикор ёллаб, уни ишлатиб ва ҳаққини бермаган киши”, деди” (Имом Бухорий ривояти). Бу ҳадисда Аллоҳ таоло қиёмат куни уч кишига раҳмат назари билан қарамаслиги ва улар билан хусумат қилиши баён қилинмоқда. Аллоҳ таоло ким билан хусумат қилса, албатта, уни енгади. Улар ичида ҳур кишини сотиб, уни ҳурликдан маҳрум қилиб, қулликка солган киши ҳам бор. Бу жуда катта гуноҳдир. Чунки бу ҳолатда инсон, одатда қилиши мумкин бўлган ишлардан ман этилиб, хорлик ҳолатига туширилади ва кўпинча фақат қорин тўйдириш учун ишлашга маҳкум қилинади. Ўткинчи мол-дунё учун ватандошларини, қишлоқдошларини ва ҳатто қариндошларини сотишдан қайтмаётган кишилар, юқоридаги ҳадислардаги маъноларни бир зум тафаккур қилсалар кифоя. Зеро, ҳалол касб қилиб, бойлик орттираётган, элга хизмат қилиб, дуо олаётган мардлар ҳам сон-саноқсиз.
Яна бир ҳадиси шарифда:
“Аллоҳ таоло қиёмат кунида уч кишига қарамайди. Ҳурни сотган киши, ўзини ўзи сотган киши ва мардикорнинг тери қотгандан кейин унинг ҳаққини бекор қилган кишини”, дейилади. Бу ҳадис ҳам юқоридаги ҳадисни тўлдириб келади. Қиёмат куни аҳволи оғир бўладиган кишилардан яна бири ўзини сотган киши экан. Инсон била туриб, ўзини қулликка солиши улуғ гуноҳлардан ҳисобланади. Яна бир энг ташвишли ҳолатларданг бири, чет элга ноқонуний тарзда ишга чиқаётган шахсларнинг кўпчилиги юқорида таъкидланган йигирма биринчи асрнинг трансмиллий ташкилий жиноятчиликнинг учта энг хавфли туридан бири – халқаро терроризм ва дин ниқоби остидаги зўравонлик руҳи, куч ишлатиш, яъни экстремистик, фундаменталистик, сепаратистик хуружлар вакилларининг тузоғига тушиб қолмоқда. Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳот ва янгиланишлар натижасида фуқароларимизнинг турмуш шароити узлуксиз юксалиб бормоқда, ҳуқуқ ҳамда эркинликлари тўла рўёбга чиқарилиши учун қулай ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий шарт-шароитлар юзага келмоқда. Буларнинг барчаси шахс эрки, унинг ҳаёти, саломатлиги ва шахсий ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш, фуқаролар ҳуқуқий муҳофазаси самарадорлигини ошириш, шахс-давлат муносабатларида шахс манфаатлари устуворлиги тамойилига оғишмасдан амал қилиш эҳтиёжини янада кучайтирмоқда. Шахс эрки ва қонуний манфаатларини таъминлаш ижтимоий ҳаётимизнинг барча соҳаларида олиб борилаётган тадбирлар орқали амалга ошириб келинмоқда.
Ўзбекистон Президентининг 2008 йил 8 июлдаги “Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш бўйича чоралар тўғрисида”ги қарори билан одам савдосига оид ноқонуний ҳаракатларга қарши тадбирлар, давлат ва жамоа органлари томонидан бажариладиган энг муҳим вазифалар белгилаб берилди.
Хусусан, юқоридаги халқаро нормалар асосида Ўзбекистон Олий Мажлиси томонидан 2008 йил 17 апрелда “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги қонун ҳамда унинг асосидаги қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Одам савдосига қарши курашга қаратилган халқаро қонунчиликда ҳам, Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилигида ҳам одам савдоси жабрдийдалари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий реабилитацияси ва ҳимоясини таъминлаш белгилаб қўйилган. Жумладан, БМТнинг 2000 йил 15 ноябрдаги “Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши кураш тўғрисида”ги Конвенцияси 25-моддасига кўра: “Ушбу Конвенция иштирокчиси бўлган ҳар бир давлат ўзининг имкониятлари даражасида одам савдосидан жабр кўрган фуқароларга ёрдам кўрсатиш, айниқса, қасд олиш билан қўрқитишдан ҳимоялашга қаратилган ёрдамни бериш мажбуриятини олади. Ҳар бир иштирокчи давлат одам савдосидан зиён кўрганларга товон ундирилиши ва улар кўрган бошқа шаклдаги зарар ўрнини қоплаш юзасидан керакли тартиб-қоидаларни жорий этади”. Юртимизда чет элга чиқиб ишловчи кишилар учун қонуний асослар яратилди. Жумладан улар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 12 ноябрдаги; «Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет эллардаги меҳнат фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет эллардаги меҳнат фаолияти тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 1-бандига кўра, фуқаролар Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳукуматлараро, идоралараро шартномалар ва битимлар асосида фақат Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ва Фуқароларни чет элларда ишга жойлаштириш бўйича минтақавий бюроларнинг кўмагида Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги томонидан белгиланадиган тартибда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун чет элга чиқиш ҳуқуқига эгадирлар. Хулоса қилиб айтганда, одам савдосининг ҳар қандай кўринишига қарши курашиш халқаро ва минтақавий даражада жиддий ёндашув ва ўзаро ҳамкорликка асослансагина яхши самара бериши мумкин. Зеро, одам савдоси, унинг инсоний ҳуқуқ ва эркинликларини ғайриқонуний ва ғайри ахлоқий равишда айнан инсон томонидан камситилиши, йўққа чиқарилиши – кечириб бўлмас жиноят, оғир гуноҳ!

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта
махсус ислом таълим муассасаси
ахборот-ресурс маркази раҳбари
М. Саиджалолова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*