Ёшларни диний бағрикенглик руҳида тарбиялашнинг аҳамияти

Бағрикенглик гўзал инсоний фазилатлардан ҳисобланади. Бағрикенглик – яқинларингиз, ўзингиздан катталар ёки кичиклар, дўст ва тенгдошларингиз билан гаплашаётганинизда, муомала қилаётганингизда, турли муносабатларингизда риоя қилишингиз зарур бўлган гўзал хислатдир.
Бағрикенгликнинг луғавий маъноси ўзганинг сизга унчалик ёқмайдиган жиҳатига сабр ва тоқат қилишдир.
“Бағрикенглик” (“тoлeрaнтлик”) сўзи деярли барча тилларда бир хил ёки бир-бирини тўлдирувчи мазмунга эга. Уларни умумлаштириб “бағрикенглик” чидaмлилик, бардошлилик, тоқатлилик, ўзгача қарашлар ва ҳаракатларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш, муруввaтлилик, ҳиммaтлилик, кeчиримлилик, мeҳрибoнлик, ҳaмдaрдлик каби маъноларга эга дейиш мумкин.
Халқимизда “Кенг феъл, кетмас давлат берсин” деган эзгу тилак бор. Кенгфеъллик бағрикенгликнинг маънодоши бўлиб, майда-чуйда ёқимсиз нарса ва ҳолатларга асабийлашмасликни, жаҳл қилмасликни билдиради.
Отажонингиз сиз ёқтирмайдиган ишни буюрди. “Дада! Менга бу иш ёқмайди”, дейишга шошилманг. Бағрикенг бўлинг. Ўзингизни босиб, сабр билан ота буйруғини бажаринг. Келажакда, катта бўлиб, оила қурганингизда бу яхшилигингиз болангиздан қайтади.
Синфдошингизни ё гапи ёки муомаласи сизга ёқмай қолди. Уни камситишга ва айблашга шошилманг. Тор кўнглингизни кенг қилинг. Сиқилаётган юрагингизни сабрга ўргатинг. Шунда бағрикенг инсон бўласиз. Кимки инсонларга бағрикенг муносабатда бўлса кун ўтган сайин унинг обрў ва мартабаси ошиб боради.

Сиз ўзингиз тенгдошингизнинг ўзингиз ёқтирмайдиган сифатига сабр-тоқат ва одоб ила муносабатда бўлишингиз бағрикенглик дейилади.
Бағрикенглик – нажот ва муваффақият, бахту саодат хазинасидир.
Ўзаро бир-бирини тушунмаслик бутун инсоният тарихи давомида ўзаро шубҳаланиш ва ишончсизликнинг, оқибатда турли ихтилофлар ва низоларнинг сабаби бўлган.
Улуғ ватандошимиз Абу Райҳон Берунийнинг “Одамлар билмаган нарсаларига душманлик кўзи билан қарайдилар”, – деган фикрлари чуқур мазмунга эгадир.
Тасаввур қилинг, ҳамма ўзаро муносабатларда бағрикенг бўлса, одамлар бир-бирини ҳамиша ҳурмат қилса, ҳаёт гўзал, турмуш янада фаровон бўлади. Бағрикенглик бошқалардан кутиладиган фазилат эмас. Сиз биринчи бошлашингиз керак бағрикенгликни. Шунда бу беназир хислат атрофга ёйилиб, олам янада мунаввар бўлади.
Бағрикенгликнинг даражалари. Бағрикенгликнинг уч даражаси бор:
Биринчи, бирор кимса билан гаплашаётганингизда унинг хулқи ёки кўринишидаги бирор жиҳат сизга ёқмай қолди. Шунда ҳам сабр билан, унинг “айби”ни юзига солмай тоқат қилдингиз. Бу бағрикенгликнинг қуйи даражасидир.
Иккинчи, иккинчи сизга кимдир нотўғри ва қўпол муомала қилди. Одоб қоидаларини бузди. Унга нисбатан сабр қилишингиз бағрикенгликнинг ўрта даражасидир.
Учинчи, сизга бирор жиҳати ёқмай қолган ёки сизга нисбатан нотўғри муомала қилган инсонга кечиримлилик билан муносабатда бўлишингиз ва унинг камчилигини кўтариб, ҳеч нима бўлмагандек энг гўзал муомалада бўлишингиз бағрикенгликнинг олий даражасидир.
Сабаби, ёмонликни яхшилик билан бартараф қилиш илоҳий амр бўлиб, унга буюк бобокалонларимиз, олиму алломаларимиз, фозилу арбобларимиз, мутафаккир аждодларимиз асрлар давомида амал қилиб келганлар.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта
махсус ислом таълим муассасаси
ахборот-ресурс маркази раҳбари
М. Саиджалолова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*