АЛЛОҲ ЭНГ ЯХШИ КАФИЛДИР!

Аббосийлардан Абдуллоҳ ибн Али Дамашқни ишғол этганида бир соат ичида бир минг ўттиз олти мусулмонни ўлдирди. Хачир ва отларни умавийлар қурдирган катта жомеъ масжидига ҳайдаб киритди. Кейин вазирларидан: “Яна менга қарши чиқадиган одам қолдими?” деб сўради. Улар “Йўқ!” дейишди. “Мени танқид қила оладиган топиладими?” деб сўради ҳукмдор. “Фақат бир киши – у ҳам бўлса, Авзоъий танқид қилиши мумкин”, дейишди вазирлар. Авзоъий даврнинг машҳур муҳаддис олими, тақводор ва серибодат зот эди. Султон сипоҳларига уни тутиб келишни буюрди.
Сипоҳлар Авзоъийнинг уйига кириб боришганида у ҳатто ўрнидан қимирлаб ҳам қўймади. Улар олимга Абдуллоҳ ибн Али ҳузурига чорлаётганини айтишди. Авзоъий: “Менга Аллоҳнинг Ўзи кифоя ва У энг яхши кафил бўлувчидир, мени бироз кутинглар”, деди-ю, ичкарига кириб кетди. Ғусл қилди, кўйлаги остидан кафан кийди, чунки у ўлимга бораётганини сезиб турар эди. Сўнг ўзига ўзи бундай деди: “Эй Авзоъий, мана ҳақ сўзни айтиш фурсати келди, аммо Аллоҳ йўлида маломатчининг маломатидан қўрқма!”
Шундан кейинги воқеаларни унинг ўзи шундай ҳикоя қилади: “Саф тортиб турган сипоҳларнинг қиличини оралаб, султоннинг қошига етдим. Унинг қўлида бамбук калтак, ўзи ғазабдан пешонасини тириштириб ўтирарди. Лекин, Аллоҳга қасамки, ҳозир у назаримда пашша каби эди. “Ҳасбуналлоҳу ва неъмал вакил” дедим. Ўшанда на бола-чақам, на мол-дунёим кўзга кўринди. Аксинча, ҳисоб куни намоён бўладиган Раҳмоннинг Аршини ўйладим. Султон менга чақчайиб қараб турарди. Ичида нима кечаётгани ёлғиз Парвардигорга аён эди.
Эй Авзоъий, биз тўккан қонлар ҳақида нима дейсан?-деб сўради султон.
-“Ла илааҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ”, деб гувоҳлик берган одамнинг қонини тўкиш ҳаромдир. Лекин зинокорни, мўминнинг қотилини, диндин қайтган муртадни ўлдирса бўлади. Сен қатл қилган одамлар шу уч тоифадан бўлса, тўғри қилибсан. Аксинча бўлса, уларнинг хуни сенинг зиммангадир деб жавоб бердим.
Султон қўлидаги калтакни синдирди. Мен бўйнимга қилич тушишини кутиб турардим. Аъёнлар кийимларига қон сачрамаслиги учун ортларига тисарилишди. Султон яна сўради:
Биз қўлга киритган ўлжалар ҳақида нима дейсан?
Ҳалол бўлса ҳисоб-китоби бор, ҳаром бўлса азоби дедим.
Абдуллоҳ ибн Али тилла тўла халтачани менга узатди. Мен мол-дунёга хоҳишим йўқлигини айтдим. Вазирлардан бири ол дегандек биқинимга туртди, чунки султон мени ўлдиришга баҳона қидираётган эди. Ҳамон қимирламай турганимни кўрган султон олтинларни қўшинга тарқатдида, бўш халтачани отиб, чиқиб кетди. “Ҳасбуналлоҳу ва неъмал вакил”. Бу калимани кирганда ҳам айтган эдим, чиқаётганимда ҳам айтдим.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта
махсус ислом таълим муассасаси
ахборот-ресурс маркази раҳбари
М. Саиджалолова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*