ИСЛОМ ИЛМЛАРИ ТАСНИФИ

Маълумки, ислом динининг шаклланиши ва ривожланиши, унинг инсонлар томонидан қабул қилиниб, ижтимоий-маънавий ҳаётининг ажралмас қисмига айланиши, ўз навбатида, кўплаб “улум ул-исломия” ёки “улум уш-шаръия” номлари билан ислом илмлари ҳам шакллана бошланишига замин яратди. Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, даставвал Мадина давридаёқ асосий уч ислом илми:
1. Қироат ва тафсир илми
2. Ҳадис илми
3. Фиқх илми шаклланган эди.
Бугунги кунгача, бу илмларни ўзига хос жиҳатлари, баҳс мавзулари, классификацияси, уларни ўрганиш зарурияти ва аҳамияти каби масалаларни қамраган кўплаб асарлар яратилган. Улар жумласидан, Абу Ҳомид ал-Ғаззолийнинг “Эҳёу улум ид-дин”, Ибн Халдуннинг “Муқаддима”, Муҳаммад бин Абу Бакр ал-Марошийнинг “Тартибул улум”, Хожа Халифазоданинг “Кашф уз-зунун” каби кўплаб манбаларни келтириш мумкин. Машҳур мусулмон олимларидан бири Саййид Абдулхаким Арвасий “Мактубот”ида ислом илмларини иккига улуми ақлия, яъни табиий ва ижтимоий илмлар ва улуми нақлияга, яъни диний илмларга ажратади. Биринчи гуруҳ илмлари қаерда ва кимдан бўлса ҳам ўрганилиши фарзи кифоя ҳисобланган. Бунга Муҳаммад алайҳиссаломнинг “Хитойда бўлса ҳам илмни ўрганинглар” деган ҳадислари асос сифатида келтирилган.
Иккинчи гуруҳ илмларини фақат аҳли сунна вал жамоа олимлари томонидан ёзилган асарлардан ўрганиш мумкин. Бу илмлар ислом шариатининг энг муҳим саналган тўрт манбаи: Қуръон, ҳадис, ижмоъ ва қиёсдан олинган ҳолда шаклланган. Барча ислом илмлари асосан саккиз қисмга ажратилган:
1. Илми тафсир. 2. Илми усул ул-хадис. 3. Илми ҳадис. 4. Илми усул ул-калом. 5. Илми калом. 6. Илми усули фиқҳ. 7. Илми фиқҳ. 8. Илми тасаввуф.
Аксарият манбаларда бу саккиз хил илм қуйидагича тақсимланган:
1. Илми қироат. 2. Илми усул ул-хадис. 3. Илми ҳадис. 4. Илми тафсир. 5. Илми калом. 6. Илми усули фиқҳ. 7. Илми фиқҳ. 8. Илми адаб. Яъни тасаввуф, илми усули калом каби илмлар бу тақсимларга киритилмаган.
Санаб ўтилган ислом илмларини ўрганиш учун араб тилига мансуб 12 илмни билиш зарур бўлган. Улар: сарф, иштиқоқ, нахв, китобат, иштиқоқи кабир, луғат, матни луғат, баён, маоний, бадиъ, балоғат, иншо. Бундан юксак даражадаги ислом олими бўлиши учун 8+12 илмларни – улуми нақлияни, шунингдек, мазҳаб асосчиларининг ижтиҳодларини билиши ва бу масалаларни ижтимоий-табиий илмлар билан уйғун муҳокама қила олиши учун кенг замонавий билимга эга бўлиши керак деган хулосалар чиқарилган.
Ислом маърифатида илмлар турли асосларга кўра, турлича қисмларга ажратилган ва тасниф қилинган:
1. Шариат (ислом қонунчилиги) билан боғлиқлигига кўра, иккига а) шаръий илмлар яъни, Қуръони карим қироати, ҳадис, фиқҳ ва шунга ўхшаш илмлар; б) шаръий бўлмаган илмлар, яъни тиббиёт, алгебра каби илмлар.
2. Бу илмларни ўрганиш ҳукмига кўра бешга бўлинган:
А) Фарз (ўрганиш зарур) бўлган илмлар. Бу ҳам ўз навбатида, иккига: фарзи айн ва фарзи кифояга ажратилган. Эътиқодий ва киши кундалик ҳаётида дуч келиши мумкин бўлган фиқҳий ҳукмларни ўрганиш ҳар бир мусулмон учун фарз ул-айн ҳисобланган. Масалан, савдо билан шуғулланувчилар савдодаги мумкин бўлган ва таъқиқланган нарсалар ҳақида билиши фарз ул-айн бўлиб, ҳатто баъзи олимлар: савдонинг ҳукмларини ўрганмай туриб, бу ишга киришишга рухсат берилмайди, деганлар. Бунда инсон дуч келиши мумкин бўлмаган ҳолатларни ўрганиш зарур ҳисобланмаган. Масалан, кўр инсоннинг кўриш ман қилинган нарсаларни ўрганиши зарур ҳисобланилмаган.
Б) Фарз ул-кифоя илмларига Қуръони карим тўлиқ ёд олиш, араб тили ёки фиқҳ илмини тўлиқ ўрганиш ва баъзи дунёвий илмлар киритилган.
В). Мандуб – яъни тавсия ва тарғиб қилинадиган илмлар, яъни бунга шариат илмларининг нозик масалаларини ўрганиш билан мандуб ҳисобланган.
Г). Мубоҳ – яъни рухсат этилган, тарих, адабиёт каби илмлар.
Д). Макруҳ – яъни қўллаб қувватланмайдиган илмлар.
Е). Ҳаром –рухсат этилмаган яъни бу илмларни ўрганиш гуноҳ ҳисобланган. Масалан, сеҳр илми.
3. Ўрганиш даражасига кўра, илмлар учга тақсимланган:
А) ал-иқтисор – биринчи ёки қуйи
Б) ал-иқтисод – ўрта
В) ал истиқсо – олий.
Ҳар бир илмни бу уч хил даражаси билан ўрганиш фарз ул-айн ҳисобланилмаган. Буни Имом Ғаззолий “ақоид” илми мисолида кўрсатиб беради: аҳли сунна вал жамоа ақидасини далил-исботларсиз ўрганиш –биринчи даража. Далиллар асосида бидъат аҳли билан баҳс қила оладиган даражада ўрганиш –ўрта даража. Ёки ҳадис илмини ўрганишнинг биринчи даражаси муҳаддислар Имом Бухорий ва Имом Муслим асарларида келтирилган ҳадисларни билиши, қолган ишончли муснад китобларида келган ҳадисларни билиши ўрта даражасидир.
Ислом илмлари таснифига бағишланган асарларни тадқиқ қилиш асосида яна қуйидаги таснифлар келтирилгани намоён бўлади:
1. Назарий ва амалий илмлар
2. Арабий ва арабий бўлмаган илмлар
3. Ҳақиқий ва ҳақиқий бўлмаган илмлар.
4. Асбобга эҳтиёж сезадиган ва асбобсиз илмлар
5. Азҳон (зеҳнлар) ва алфоз(лафзлар)га таъллуқли илмлар каби.
Илмларнинг юқорида кўрсатилган кўплаб таснифларга ажратилиши илмий ва амалий аҳамиятга молик ишлардан ҳисобланган. Яъни дастлабки, ўрганувчи бу тақсимлардан илмларнинг қайси бири унинг учун зарур ва ёки зарур эмаслигини билишига ёрдам берган. Билимларни эгаллашда оддийликдан мураккаблик томон борилган. Ким қайси илмларни ўрганмоқчи бўлса, энг биринчи, бу илмнинг асосларини ва тамойилларини ўрганиши шарт қилинган, кейин секин-аста нисбатан чуқур масалаларга ўтилган.
Илмлар таснифи, ўз навбатида, кўплаб илмларнинг шаклланиши ва ривожланишига сабаб бўлган. Асосий илмлар (асл) яна кўплаб илмларга (фарълар) бўлинган. Масалан, ҳадис илми: ҳадис шарҳи илми, носих ва мансух илми, хадис ровийлари илми, таъналарни даф этиш илми, хадис рамзлари ва ишоралари илми, набий алайҳиссалом сўзларини таъвил қилиш илми каби, тафсир илми: маккий ва мадиний илм, сабаби нузул илми, жам ва тартиб илми, сура, оят, калима ва ҳарфлар илми, ҳофизлар ва ровийлар илми, муфассир одоб ва шартлари илми каби, фиқҳ илми: фароиз (мерос) илми, фатволар илми, шариат ҳукмлари илми каби кўплаб илмларга ажратилган.
Илмлар таснифи ҳақида гапирганда, уни тадқиқ этишнинг бугунги кундаги аҳамиятига ҳам алоҳида эътибор қаратиш керак бўлади. Бу илмлар ислом динининг асоси ҳисобланиб, уларни ўргангандан сўнггина, ислом дини асослари ҳақида тасаввур ҳосил қилиш мумкин бўлади. Маънавиятнинг юксалиши билан узвий боғлиқ бўлган улкан мезон –дин илмий-фалсафий жиҳатдан ҳам маънавиятнинг элементи ҳисобланади. Ислом динининг мазмун-моҳияти юқорида саналган илмларда тушунтириб берилар экан, уларни манбалар асосида ўрганиш ва илмий тадқиқ этиш халқимиз маънавиятини юксалтиришнинг муҳим омилларидан ҳисобланади.

А.С.Сайдахмедова – Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта

махсус ислом таълим муассасаси катта ўқитувчиси,

фалсафа фанлари номзоди

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*