Ахлоқ ва дин уйғунлигининг баркамол авлод тарбиясидаги аҳамияти

Президентимиз томонидан таълим-тарбия жараёнига ёндашувда ёшларимизнинг ҳар томонлама баркамол бўлиб етишларини таъминлашга алоҳида эътибор берилмоқда. Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганидек, «Ҳаммамизга теран бир ҳақиқат аён бўлиши керак – биз юртимизнинг эртанги ривожи йўлида қандай чуқур ўйланган дастурларни тузмайлик, бу режаларни бажариш учун қандай моддий база ва имкониятларни яратмайлик, бунинг учун қандай кўп сармоя сафарбар этмайлик, уларнинг барчасини амалга оширадиган, рўёбга чиқарадиган қудратли бир омил борки, у ҳам бўлса, юқори малакали ишчи кучи ва юртимизнинг эртанги куни, тараққиёти учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган етук мутахассис ёшларимиз, десак, ўйлайманки, ҳеч хато бўлмайди» .
Бундан кўриниб турибдики, баркамол авлодни ёшлигидан юксак ахлоқий мезонларда тарбиялаш, уни турли зарарли таъсирлардан асраб-авайлаб вояга еткизиш юқори малакали ишчи кучи ва етук мутахассис ёшларни етиштиришда муҳим аҳамият касб этади. Шунинг учун ҳам ҳозирда таълим билан бир қаторда тарбияга ва одоб-ахлоққа ҳам катта аҳамият берилмоқда.
Тарбияни назарий жиҳатдан таҳлил қиладиган бўлсак, у тарбиявий жараённинг мазмуни, услуби ва ташкил этилиши масалаларини ўрганади. Жамиятимизнинг янгиланиши, тараққиёти ўсиб келаётган баркамол авлод тарбияси билан боғлиқ жараённи ҳам қайтадан кўриб чиқишни тақозо этмоқда.
Боланинг тарбияси унинг хулқида акс этишидан келиб чиқсак, у одоб масалаларини ҳам ўз ичига олади. Бунинг тўлиқ шарҳини эса қуйида Ислом ва христиан ахлоқи мисолида кўриб чиқамиз.
Ахлоқ (араб, хулқнинг кўплиги; лот. moralis — хулқ-атвор) — ижтимоий онг шаклларидан бири. Кишиларнинг тарихан таркиб топган хулқ-атвори, юриш-туриши, ижтимоий ва шахсий ҳаётдаги ўзаро, шунингдек, жамиятга бўлган муносабатларини тартибга солиб турувчи барқарор, муайян норма ва қоидалар йиғиндиси. Ахлоқ нормалари кишиларнинг хатти-ҳаракатларида ўз ифодасини топади. Бунда баъзи хатти-ҳаракатлар, хулқ-атворлар “ахлоқий”, баъзилари “ахлоқсизлик” деб баҳоланади. Ахлоқ ижтимоий онгнинг энг қадимий шаклларидан биридир. Давр ўзгара борган сари ҳар қандай ҳодиса каби ахлоқ ҳам ўзгаради, ривожланиб, такомиллашиб, маънавий маданиятнинг кўринишларидан бирига айланиб боради .
Бундан ташқари унинг бурч, ор-номус каби бир қанча категориялари мавжуд бўлиб, миллий ва умуминсоний элементлар билан бир қаторда норма, принцип, идеаллар кабиларни ўз ичига олади.
Ахлоқни ўрганадиган фан соҳаси ҳисобланмиш ахлоқшунослик бошқа ижтимоий-фалсафий фанлар билан ўзаро алоқадорликда ривожланиб келмоқда. Ахлоқшуносликнинг диншунослик билан алоқаси шундаки, ҳар иккала фан ҳам бир хил муаммо – ахлоқий мезон муаммосини ҳал этишга қаратилган.
Чунончи, Ислом динини оладиган бўлсак, Қуръони карим, Ҳадиси шариф, Ижмоъ ва муайян фатволардаги мезонлар ҳамда талаблар мусулмон Шарқи миллатлари ахлоқий даражасининг шаклланишида катта аҳамият касб этган .
Шунингдек, бошқа динларда ҳам ахлоқ биринчи ўринда талаб қилинадиган тушунчалардан бири ҳисобланади ва жамиятда турли вазифаларни бажаради. Улар орасида қуйидагилар энг муҳими ҳисобланади: 1) кишилар орасидаги турли муносабатларни мувофиқлаштириш; 2) кишилар фаолиятининг инсонпарвар қадриятлари ва мўлжалларини белгилаб бериш; 3) шахсни ижтимоийлаштириш. Ушбу вазифаларни бажарар экан, ахлоқ зарурийлик, ақлга мувофиқлик ва умуминсонийлик намуналарини намойиш этади. Кишилар фаолиятини мувофиқлаштирар экан, ахлоқ уларни инсонпарвар, эзгу, ҳалол ва адолатли муносабатларга ундайди. Умуман олганда эса, ахлоқ жамият ва шахс тараққиётининг умумижтимоий қонуниятлари асосида амалга оширади.
Хусусан, Ислом динида ахлоқий тарбия диний тарбиянинг ажралмас қисми десак, муболаға бўлмайди. Зеро, дин яхши деб ҳисоблаган ва даъват этган нарсалар эзгулик, ёмон деб ҳисоблаган ва маън этган нарсалар унга зиддир.
Шунингдек, дин буюрган, ҳаётда ва муомалада касб этишга тарғиб этган ахлоқ ва фазилатлар ислом жамиятида қадрият, чиройли хулқ ва маънавий фазилатлар ҳисобланади.
Диний дунёқараш ўз табиатига кўра ахлоқийдир. Ахлоқи ва муомаласи гўзал бўлмаган мусулмоннинг дини ҳам мукаммал ҳисобланмайди.
Қадимдан ахлоқ илми уламолари “Одамдаги ахлоқлар унинг яратилишида қўшиб яратилган бўладими ёки киши ахлоқни кейин ўрганадими?” деган саволга жавоб беришда ихтилоф қилишган.
Улардан баъзилари: “Яхши ва ёмон ахлоқ инсон яратилган чоғида қўшиб яратилади, ахлоқни кейин касб қилиб бўлмайди”, деганлар.
Бошқа бир гуруҳ уламолар: “Инсон туғилганда ҳеч қандай фазилат ёки разолатсиз туғилади, унда қандай хислат бўлса, туғилганидан кейин пайдо бўлади”, деганлар.
Ахлоқ илми уламолари эса: “Ота-онасида мавжуд бўлган баъзи ахлоқлар хамиртуруши инсонга онасининг қорнидалик пайтадаёқ ўтади. Аллоҳ бандани яратиш чоғида ахлоқ қобилиятини ҳам қўшиб яратади. Инсон ўсиши жараёнида тарбия, муҳит ва одатланиш оқибатида у ёки бу ахлоқни ўзида ривожлантиради ёки йўқотиб юборади”, дейдилар .
Шунинг учун ҳам, исломда хулқни сайқаллашга алоҳида эътибор берилади. Бу иш ҳар бир мусулмон учун лозим ва лобуд ишлардан бири даражасига кўтарилади. Хусусан, Қуръони каримда Аллоҳ таоло “Қалам” сурасида:
“Ва, албатта, сен улкан хулқдасан”, деган (4-оят)”.
Бундан кўриниб турибдики, ахлоқ ва гўзал хулқда бўлишлик бошқа динлар билан бир қаторда Ислом динида ҳам энг биринчи даражага кўтарилгандир.
Шунингдек, тасаввуф таълимотида ҳам ахлоқ масаласига алоҳида эътибор қаратилган.
Суфийлик ахлоқининг энг яхши жиҳатларидан бири камтарлик саналади. Уларнинг ахлоқидан яна кишиларнинг кўнгилларини топиш ва бошқаларнинг хулқларидан чекиладиган азиятларга бардош бериш, ўзгаларни ўзларидан афзал кўриш, ўзларини тенг кўришдир. Шунинг натижасида уларнинг шавқати ва раҳмати ҳамда “қувваи яқин”лари ортади. Уларнинг ахлоқидан яна бир қисми шуки, кечиримлилик, ёмонликларга яхшилик билан жавоб қайтармоқлик. Мол-дунё тўплаш ва дунё ташвишларига осонлик билан қаноат қилиш, мунофиқлик, вайсақилик билан бўлар-бўлмасга тортишиш ҳамда ноҳақ ғазабланиш каби иллатлардан сақланиш. Дўстлик, ҳалимлик, ўзаро меҳрибонлик ва улфатлик, биродарлар билан ўзаро келишувда бўлиш ва мухолифликдан сақланишдир. Шунингдек, яхшилик қилувчининг ҳар бир яхшилик учун шукр ва дуо қилиши, биродарлари ва бутун мусулмонлар манфаати учун ҳаракат қилишидир.
Бутун Қуръонда бундан кўра ахлоқни гўзаллаштирувчи оят йўқ: “Авфни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг ”. Суфийлар ушбу оятни жуда ҳам эъзозлашади. Чунки, бу оят амри маъруф ва наҳий мункарларни шаръий асосда жамлайди ва у уч калимадан иборат. Уч сони эса тоқ бўлиб, улар уни яхши кўрадилар. Таҳоратнинг амаллари ҳам ҳар бир аъзони уч марта ювишдир. Рукъу ва саждада ҳам уч марта тасбеҳ айтилади.
Уларнинг ҳаммаси суфийлар яхши кўрадиган, ундан ҳаловат топадиган ахлоқи ҳамидалар бўлиб, улар буларни Расулуллоҳ (с.а.в.) қуйида Жобир ибн Салимга шарҳлаганларидек шарҳлашни яхши кўрадилар: “У оятни менга кенг қилиб тушунтирдилар ва дедилар: “Аллоҳдан қўрқ, Аллоҳга тақво қил ва яхшиликдан бирор бир нарсани кичик деб билма. Биродарингни юзига жилмайиб қарашинг, ўзингни челагингдан сувга муҳтож одамнинг идишига сув қуйиб қўйишинг, сени билмасдан сўккан одамга мардлик қилишинг ва ундаги билган нарсаларинг билан ҳақорат қилмаслигингда Аллоҳ албатта, сенга ажрини беради, гуноҳи эса ўша одамга бўлади. Аллоҳ сенга ҳавола қилган бирор-бир нарса билан сўкинмаслигингдир”. Дейиладики, шунинг учун ҳам суфий бирортасини ҳам сўкиши мумкин эмас ва бизларга бирор суфийнинг бирортасини сўккани ривоят қилинмаган.
Яна, ривоят қилинадики, тақводорлар ва аҳлуллоҳда барча-барчасининг муаллими бўлмиш Пайғамбар (с.а.в.) шу оятни эшитганларида Жаброилга (а.с.) дедилар: “У менга шу оятни тушунтириб берди ва унинг мўжазлиги ажабланарли эди. Бу нима, эй Жаброил?”, айттики: “ Албатта, Аллоҳ сенга зулм қилганни авф этишни, сенга бермаганга беришни, сен билан алоқани узган билан алоқани тиклашни буюрди”.
Ушбу оят ва ҳадис айрим орифларни ҳам жуда ажаблантирди ва улар у ҳақда: “Пайғамбарнинг ҳадисидан ўрганганимиз шуки, “макориму-л-ахлоқ” уч нарсададир ва кимдаки у уччаласини ҳам бўлса, у сахийдир (қўли очиқ, бағрикенг) – биров сенга бермаган нарсани бериш, сен билан алоқасини узган одам билан алоқани тиклаш, сенга душманлик қилганни кечириш”. Пайғамбардан (с.а.в.) ривоят қилинадики, улар: “ Роббим менга 9 та нарсани буюрди: махфий ва ошкора ихлос қилиш, мамнуният ва ғазабда адолатли бўлишлик, бойлик ва фақирликда қасд , ва менга зулм қилганни кечириш, мен билан алоқани узган билан алоқани тиклаш, менга ҳеч нарса бермаганга нарса бериш, агар гапирадиган бўлсам , зикр ; жим турсам, фикр қилиш ; бирон-бир нарсага назар солсам, ибрат олиш”, – дедилар.
Хурр ибн Қайс ибн Ҳисндан ривоят қилинади: “Умар(р.а.) қошига чақирган одамлар орасида бир гуруҳ одамлар бор эди. (Хуррнинг) Амакиси Уяйна ибн Ҳисн унинг олдига келди ва Умар(р.а.)нинг олдига киришга изн сўради. Умар (р.а.) унга изн бердилар. Уяйна уларнинг олдига кириб: “Эй ибн Хаттоб, Аллоҳга қасамки, сен бизга кўп нарса бермадинг ва бизнинг орамизда адолат билан ҳукм қилмадинг”, –деди. Умар (р.а.) бундан ғазабланди ва уни хатто ҳафа қилиш учун ўрнидан турди. Шунда Хурр унга: “Эй амирул мўминин, Аллоҳ таоло ўз пайғамбарига: “Авфни ихтиёр этинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг”, деган”, албатта, булар жоҳиллардир”, – деди .
Тасаввуф таълимотида деярли ахлоқ-одоб нормалари, принциплари устига қурилган бўлиб, бирламчи вазифани бажаради.
Ахлоқнинг бу каби жиҳатлари бошқа динларда ҳам мавжуд. Мисол тариқасида христианликдаги ахлоқий қарашларини келтириш мумкин.
В.С.Соловъевнинг ахлоқий назарияси шундан иборатки, инсоният ахлоқий мукаммалликка фақат Исо Масиҳ кўрсатган ахлоқий қадриятларга тўлиқ эътиқод қилиш оркали эришади. Бундан ташқари, инсонда табиий ҳиссиётлар – уят, ачиниш, мурувватлилик каби ахлоқий нормалар мавжуд. Аммо улар кишилардаги индивидуал ўзига хос ахлоқий тамойилларнинг юқори кўрсатгичлари шаклида намоён бўлиши мумкин .
Кўриниб турибики, христианлик дини ҳам мукаммалликка йўлни ахлоқ билан тўйиниш орқали топиш мумкинлигини кўрсатиб ўтган.
Фикримизнинг хулосаси сифатида шуни айтиш мумкинки, долзарб, ҳозирда амалий аҳамиятга эга бўлган ғояларнинг ишлаб чиқилгани баркамол авлод тарбиясида муҳим рўл ўйнайди.
Ҳар бир даврда, асрда, Президентимиз таъбири билан айтганда, «…баркамол авлодни тарбиялаш инсониятнинг энг буюк орзуси бўлиб келган. Бундай орзудаги инсонлар азалий маърифатга, маданиятга масуб бўлган юртларнинг донишмандлари – энг мўътабар зиёлилари, ҳукмдорлари ҳисобланганлар. Уларнинг орасида Ўзбекистон деб аталмиш бой, муаззам заминимизда яшаган болаларнинг ўз ўрни ва ўзига хос ҳуқуқлари ҳам мавжуд. Бу жаҳон ҳамжамияти томонидан қабул қилинган ҳақиқатдир .»

 

З.Комилжонова
Тошкент ислом университети

“Диншунослик” йўналиши
2-курс талабаси

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*