Ислом файласуфлари ва мутакаллимлари қарашларидаги билиш масалаларида умумийлик ва фарқлар

Ўрта асрларда калом илми билан шуғулланувчилар мутакаллимлар сифатида ном қозонган бўлсалар, файласуфлар “фалосифа” номи билан танилганлар. Мутакаллимлар файласуфлардан мавжуд диний ва фалсафий масалаларни таҳлил қилишдаги тутган мавқелари нуқтаи-назаридан фарқ қилганлар. Мантиқий фикрлашга асосланган калом йўналишида ҳам мутакаллимлар файласуфларга ўхшаб рационал далилларга таянадилар, фақат бунда икки фарқ кўзга ташланади:
1. Муаммони муҳокама қилишга киришиш жараёнида улар қўллайдиган тамойиллар ва асослар.
2. Мутакаллимлар файласуфлардан фарқли равишда ўзларини исломни турли ёт ғоя ва фикрлардан ҳимоя қилишни мақсад қилиб қўйганлар.
Лекин мутакаллимларнинг ўзлари ҳам фалсафа билан жиддий шуғулланишлари лозим эди. Улар фалсафанинг мақсад ва вазифаларини тадқиқ қилиш билан бирга, ҳатто табиатшунослик илмларини ўрганишга доир методларни ҳам калом илмига тадбиқ қилдилар.
Билиш масалаларда мутакаллимлар ва файласуфлар қарашлари ўртасидаги ҳам умумийлик, ҳам фарқли жиҳатларни кўришимиз мумкин. Дастлаб умумий жиҳатларига эътибор берсак: Масалан,
1. Ҳиссий билишни мутакаллимлар икки гуруҳга бўлганлар: ички ва ташқи (зоҳирий ва ботиний). Ташқи ҳис қилиш бу беш аъзоларнинг сезиш имкониятлари бўлса, ички (ботиний)си бу ҳам бештадир: Булар: 1. Хаёл; 2. Тафаккур; 3. Хифз (хотира), 4.Тазкир (ёд олиш қуввати); 5.Таваххум (яъни душмандан эҳтиёт). Ушбу ҳислардан ҳар бирининг ўзига хос амаллари бор бўлиб, агар шу ҳис-сезгилардан бирига халал етса, одамларнинг қиладиган амалларига халал етиши мумкин.
Инсоннинг ҳис қилиш аъзоларини икки гуруҳга бўлганлигини перипатетикларнинг йирик вакили Ибн Синода ҳам кўришимиз мумкин. Ибн Синонинг билиш назарияси ҳақидаги таълимоти хусусан ҳиссий билиш, сезгилар, сезги органлари ҳақидаги фикрлари унинг «Тиб қонунлари» асарида инсон физиологияси ва психологияси асосида талқин этилади . Ибн Сино ҳам ташқи ва ички сезгиларнинг борлигини таъкидлайди. Ташқи сезги инсонни ташқи олам билан боғлайди, улар 5 та – кўриш, эшитиш, там-маза билиш, ҳид ва тери сезгиси. Булар инсоннинг маълум органлари – тери, кўз, оғиз, бурун, қулоқ билан узвий боғлиқ. Ички сезгилар – булар тахмин этувчи, ифодаловчи, эслаб қолувчи(хотира), тасаввур этувчи сезгилардир. Ушбу ички сезгилар ташқи сезгилар асосида шаклланиб ташқаридан олинган айрим сезгиларни умумлаштириш, уни қабул этиш, хотирада сақлаш ва сўнг тасаввур этиш учун хизмат қиладилар.
2. Рационалистик қарашларда ҳам улар ўртасидаги умумийликни кўришимиз мумкин. Калом илми манбаларида билиш масалалари асосан Қуръон суралари, ҳадислардаги ифода этиб ўтилган ғояларга таяниш билан биргаликда баъзи ўринларда ақлий мушоҳадага ҳам кенг эътибор берилган. Файласуфлар қарашларида ҳам хусусан ақл ҳақидаги қарашлар катта аҳамиятга эга.
3. Мутакаллимлар ва файласуфлар орасида ҳам мантиқ илмига бўлган эътибор кучли бўлган.
Ҳақиқатга эришишнинг йўли мутакаллимлар таълимотига кўра мантиқ ва унинг фикрларига амал қилиш ҳисобланади. Уни амалда қўллаш мунозаралар, диалектик баҳсларда ўз ифодасини топади, яъни улардаги қарама-қарши фикрлар тўқнашади ва қатъий хулосалар ёрдамида хато фикр рад этилади ёки чиқариб ташланади ва ҳақиқий илм қарор топади.
Ислом файласуфи Форобий ҳам ҳақиқатни ёлғондан ажратишда мантиқни қурол сифатида кўради. Шунинг учун мантиқни ўрганиш фанлар учун ғоят муҳимдир. Мантиқ – бу ақлнинг асосидир. Чунки у ишончли йўлга бошлаб, хатолардан сақлайди. Мантиқ Форобийга кўра ҳақиқийликка алоқадорлигидан келиб чиқиб, иккига бўлинади. Биринчи билим: тушунча ва аниқликлар назарияси. Иккинчиси: муҳокама, хулоса ва исботлар назарияси.
4. Мутакаллимлар ва файласуфларга кўра инсоннинг бор бўлишининг асосий ғояси Худони танишдир. Худони таниш эса инсоннинг ўзини ва Худо яратган оламларни, борлиқнинг турларини билиш билан амалга ошади. Бунинг учун яъни билиш учун инсонда идрок ва билиш воситалари яратилгандир. Инсон бу идрок воситалари билан дунёни билиш жараёнида дунёда мавжуд бўлган қонун ва қонуниятларни фан тизимига келтиради ва бунинг натижасида Худони танийди.
5. Улар ўртасидаги умумийликни шунингдек, уларнинг асосий эътиборлари Қуръон суралари, ҳадислардаги ифода этиб ўтилган ғоялар билан шу пайтгача мавжуд бўлган фалсафий ғоялар ўртасидаги зиддиятни олиб ташлашга қаратилганлигида ҳам кўришимиз мумкин. Бу жараён эса ҳақиқий билимни туғилишига туртки беради деган позициядан келиб чиққан. Бу хақида Ибн Сино фалсафа ва калом ҳақида гапириб шундай дейди:
«Фалсафа динга нисбатан хилоф бўлмаслик керак, агар у хилоф бўлса бу фалсафанинг эмас, фалсафа юритувчининг айби билан боғлиқ. Қолаверса инсон аслида диндан ҳам, ақлдан ҳам йироқ бўла олмайди. Ақл асос бўлса, дин унинг устига қуриладиган бинодир. Уларни бир-бирисиз тасаввур этиш қийиндир. Ақлсиз тақлид қилувчилар эса жоҳил инсонлардир. Калом илмининг вазифаси эса соф ислом ақидасини ҳимоя қилишдир»
Лекин улар ўртасида ҳам жиддий фарқларни кузатишимиз мумкин. Масалан, 1. Калом илми мантиқий фикрлашга ва силлогистик хулоса чиқаришга асосланган ягона илм бўлган. Ўзининг далилларидан фойдаланишига қараб, икки қисмдан иборат бўлган: ақлий ва нақлий . Каломнинг ақлий қисми – фақат ақлдан оладиган масалалар, асосларни ташкил этган. Гарчи бунда олинадиган далиллар нақлдан келтирилса ҳам, бунда фақатгина ақлнинг ҳукми, яъни у билан тасдиқланиши ёки у томонидан кўрсатма берилиши керак бўлган. Масалан: яккахудолик, пайғамбарлик ва қайта тирилишнинг баъзи масалалари каби. Бу ерда нақл – Қуръон ва ҳадис далил сифатида камлик қилади ва ақлнинг ёрдами керак бўлади. Чунки, мазкур масалани ақл ёрдамида ҳал этиш кутилган кўпгина мураккабликларни олдини олишга хизмат қилади.
Каломнинг нақлий қисми эса –дин аҳкомларига оид бўлган ва унга ишониш ва тасдиқлаш шарт бўлган масалаларни ўз ичига олган. Ақл бу масалаларни таҳлил қилишга ожизлик қилади ва уларни таҳлил қилишга ҳам қодир эмас. Масалан, буни ғайбиёт масалаларида кўришимиз мумкин.
Фалосифа вакиллари ўзларининг фикрларини исботлашда далиллардан фойдаланишига кўра фақат ақл ва илмий далилларга таяниши билан ажралиб туради.
2. Калом илмидаги билиш масалаларининг ривожи ўзининг герменевтик асосига эга бўлган. Яъни, ислом манбалари хусусан, Қуръон ва ҳадисларни талқин қилиш тамойили унда кучли бўлган. Мутакаллимларнинг билишга оид қарашларида калом илмининг асосий манбалари ҳисобланган Қуръон ва ҳадис муҳим ўрин тутган. Шунингдек, эпистемологик маънода калом илми ақидага оид тушунчаларни шакллантириш билан бирга, уни қатъий равишда турли билимлардан ажралишига ёрдам беради.
Файласуфларнинг қарашларида антик фалсафа, яъни қадимги юнон файласуф-мутафаккирларининг таъсири кучли бўлган. Ислом маданиятида файласуф деб, юнон илмлари билан, хусусан, мантиқ, табиатшунослик, илоҳиётшунослик, аҳлоқ илми ва айниқса Арасту ва Афлотун асарлари билан таниш бўлган кишиларга айтилган.
3. Мутакаллимлар ҳис-туйғу ва ақлдан ташқари, билишнинг бошқа манбаларини ҳам тан олганлар. Масалан, буни калом илми Мотурудия мактаби таълимотида кўришимиз мумкин. Баъзи илоҳиётчилар насс, ижмо, мутавотир ва оход хабарларни ҳис-туйғу ва ақл билан бир қаторда, билиш воситалари деб ҳисоблайдилар.
Лекин фалосифа вакилларининг аксарияти ушбу қоидаларни рад этади ва ҳис-туйғу ва ақл билишнинг бирдан бир воситалари эканлигини исботлашга ҳаракат қиладилар.
Таъкидламоқ керакки, XII асрдан бошлаб каломнинг фалосифа билан яъни шарқ перипатетизми –Ибн Сино мактаби билан яқинлашуви бошланади. Бунда мутакаллимлардан аш-Шахристоний ва Фахриддин Розийларнинг ва файласуфлардан Носириддин Тусийнинг ижодлари муҳим рол ўйнайди. Натижада Ибн Халдуннинг айтгишича, “кейинги мутакаллимларда калом ва фалсафа масалалари шундай аралашиб кетдики, кейинчалик бу фанлар бир-биридан фарқланмай қолди.” Калом тарихининг бу даврида Байзовий (ваф. 1286 й), ал-Исфахоний (ваф. 1349 й), ал- Ижий (ваф. 1355 й), ат-Тафтазоний (ваф. 1390 й), алЖуржоний (ваф 1413 й), ад-Даввоний (ваф. 1501 й)ларнинг асарлари юзага келди.
Юқоридаги келтирилган фикрлардан келиб чиқиб шуни айтиш мумкинки, бугунги кунда биз ислом фалсафаси тушунчасини ишлатганмизда у ўз ичига ҳам калом илмини, ҳам перипатетизмни, ҳам тасаввуфни қамраб олса, ўрта асрларда калом илми фалсафадан алоҳида йўналиш сифатида ривожланиб борган. Ўрта асрлар ислом фалсафасидаги билишга доир муаммолар ҳам асосан 3 йўналишда: перипатетик (фалосифа), калом ва тасаввуф фалсафаси томонидан ўртага қўйилган ва ҳал қилинган. Ҳар бир йўналиш мазкур муаммоларни шарҳлашда ўз хусусиятига эга бўлган, бироқ бир қатор аниқ масалалар бўйича уларнинг фикрлари ўзаро мос тушган.

 

А.С.Сайдахмедова – Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаси

катта ўқитувчиси, фалсафа фанлари номзоди

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*