Совчилик ва никоҳ

Муқаддас ислом динимизда кўплаб буйруқ ва таъқиқлар, шу билан бирга тарғиботлар мавжуддир. Аллоҳ таоло ўзининг китобида никоҳ қуриш, оилали бўлишга тарғиб қилиш билан бирга оиласизларни никоҳланишларига ёрдам беришга буюради.
Оиласиз юрган эркак ва аёлларни никоҳли бўлишларини таъминлаш, уларнинг уйли жойли бўлишлари учун бор имкониятларини ишга солиш барча ота оналарнинг, ишбошиларнинг, катталарнинг вазифалари ҳисобланади.
Аллоҳ таоло, Нур сураси 32 оятида,
«Ва ўзингиздан оиласизларни, қул ва чўриларингиздан солиҳларини никоҳлаб қўйинг, агар фақир бўлсалар Аллоҳ Ўз фазлидан уларни бой қилур. Аллоҳ кенг ва ўта билимдон Зотдир», дея марҳамат қилган.Ушбу оятда ҳаттоки қул ва чўриларни ҳам никоҳлаб қўйиш ҳақида сўз кетаётганидан шу нарса аён бўладики, ҳар бир мусулмон инсон ўзининг яқинларидан ташқари атрофдаги инсонларнинг ҳам никоҳлари ҳақида қайғуриши лозим. Шунингдек,

«Ва батаҳқиқ, сендан олдин ҳам Расуллар юборганмиз ва уларга жуфти ҳалоллар ва зурриётлар берганмиз», деган (Раъд, 38).
Турмуш қуриш, оилали бўлиш, кўплаб солиҳ фарзандларни дунёга келтириш, уларни тарбиялаб камол топтириш буларнинг барчаси мусулмон ҳаётидаги энг муҳим ишлардан биридир. Инсон зоти турмуш қурар экан ўз олдига буюк мақсадлар қўяди. Ана ўша мақсадлар ҳосил бўлиши учун муносиб жуфт танлаш каби катта вазифани бажариш лозим бўлади.
Эркак ёки аёл турмуш қурар экан бу ишда шошма-шошарлик, ўзбошимчалик, бир томонлама ёндошиш каби хатоларга йўл қўймаслиги жуда зарур. Айниқса ёш йигит-қизлар бундай масалаларда ота-оналарига, тажрибали ёши катта инсонларга қулоқ солишлари лозим. Катталар эса бу ишда уларга сидқидилдан ёрдамлашишлари лозим.
Ҳадиси шарифларда келтирилишича,

– وَلِلتِّرْمِذِيِّ وَالنَّسَائِيِّ وَالْحَاكِمِ: ثَلاَثَةٌ حَقَّ عَلَى اللهِ عَوْنُهُمُ: الْمُكَاتَبُ الَّذِي يُرِيدُ اْلأَدَاءَ وَالنَّاكِحُ الَّذِي يُرِيدُ الْعَفَافَ وَالْمُجَاهِدُ فِي سَبِيلِ اللهِ.

Термизий, Насаий ва Ҳоким ривоятларида:
«Уч кишига ёрдам бермоқлик Аллоҳ учун ҳақдир: адо этишни ирода қилган мукотабга, иффатни ирода қилган никоҳга уринганга ва Аллоҳнинг йўлидаги мужоҳидга», дейилган.
Никоҳ суннати муаккада амал ҳисобланади. Чунки пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйланганлари ва никоҳда бардавом бўлганлари, саҳобаи киромлар ва кейинги авлодларнинг уни маҳкам ушлаганлари далилдир. Ҳанафийлар бу суннати муаккада вожибга тенг, дейдилар. Ким бу ишни қилмаса, суннатни тарк қилган ҳисобланади. Ҳанафий мазҳабида турмуш қурувчи йигит ва қизнинг валийси бўлиши ва унинг розилиги ниқоҳ ақдининг шартлардан ҳисобланади. Жумҳур уламолар наздида эса никоҳнинг рукни ҳисобланади. Ҳар бир мусулмон фарзандининг валийси унга энг яқин кишиларидан бўлади. Энг яқин валий ота ва унинг ўрнини босувчи шахслар ҳисобланади. Ёш йигит ва қизлар ҳар бир ишда хусусан турмуш қуриш масаласида ҳам ўзларининг ота-оналари ва бошқа тажрибали кишилари билан маслаҳатлашиб, уларнинг розиликлари, дуо-и хайрлари билан бундай ишларга киришишлари лозим. Шу билан бирга мусулмон фарзандига валий бўлаётган инсон ўзида бир қанча шартларни мужассам қилгандагина муносиб ҳисобланади. Валий балоғатга етган, ақлли, диёнатли ва фосиқ бўлмаган инсон бўлиши лозим. Одамларни ажрата олмайдиган содда инсонларни валий қилиб танламаган маъқул. Аслида валийликка энг ҳақли кишилар қуйидаги тартибда бўлади:
Ота
Бобо
Туғишган ака-ука
Ота бир ака-ука
Она бир ака-ука
Амаки ва она
Шу тариқа энг яқин ва ишончли инсонлар валий ҳисобланадилар ва уларнинг насиҳатларига қулоқ осиш, уларнинг рухсатисиз турмуш қуриб олишдан динимиз қайтаради. Расулуллоҳ (с.а.в) дан валийсиз никоҳ йўқдир мазмунидаги кўплаб ҳадислар ривоят қилинган. Ҳанафий уламолар никоҳнинг саҳиҳ, тўла-тўкис шариатга мувофиқ бўлиши учун валийни шарт қиладилар.
Шу билан бирга валийлар ҳам, турмуш қураётган ёшлар ҳам оила қурилишдан асосий мақсадни, қандай инсон билан ҳаётини боғлаш лозимлигини шариатимиз таълимотларидан ўрганишлари лозим.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ  عَنِ النَّبِيِّ  قَالَ: تُنْكَحُ الْمَرْأَةُ لأَرْبَعٍ لِمَالِهَا وَلِحَسَبِهَا وَجَمَالِهَا وَلِدِينِهَا فَاظْفَرْ بِذَاتِ الدِّينِ تَرِبَتْ يَدَاكَ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аёл тўрт нарсаси учун никоҳланади: моли учун, ҳасаби учун, жамоли учун ва дини учун. Бас, диндорини танла, қўлинг тупроққа қорилгур», дедилар».
Бешовлари ривоят қилишган.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ  عَنِ النَّبِيِّ  قَالَ: خَيْرُ نِسَاءٍ رَكِبْنَ اْلإِبِلَ صَالِحُ نِسَاءِ قُرَيْشٍ أَحْنَاهُ عَلَى وَلَدٍ فِي صِغَرِهِ وَأَرْعَاهُ عَلَى زَوْجٍ فِي ذَاتِ يَدِهِ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Туя минган аёлларнинг энг яхшиси Қурайшнинг солиҳа аёлларидир. Болага кичиклигида энг шафқатлидир. Эрга унинг қўлидаги нарсасига риоялидир», дедилар».
Икки Шайх ривоят қилишган.
Арабистон ерларида яшайдиган араб аёлларини туя минган аёллар деб номланмоқда. Ўша аёллар ичида Қурайш қабиласига мансуб аёллар энг яхши аёллар ҳисобланган, бунинг сабаби эса уларнинг кичик болаларга ўта меҳрибонликлари ва эрларининг ҳаққига, молу мулкларига ўта риоя қилишларидир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг Имом Ибн Можа, Баззор ва Байҳақийлар ривоят қилган ҳадисларида:
«Аёлларни ҳуснлари учун никоҳингизга олманг, эҳтимол у (ҳусн) уларни ҳалок қилар. Ва уларни моли учун ҳам никоҳингизга олманг, эҳтимол у (мол) уларни туғёнга кетказар. Уларни дин учун никоҳингизга олинг. Албатта, қора, хунук диндор чўри афзалдир», деганлар.
Диндорлик, серфарзандлик (бу сифат қариндош-уруғ аёлларга қараб билинади), аввал турмуш қурмаган бўлиши, диндор ва қаноатли оиладан бўлиши, насаби яхши бўлиши, ҳуснли бўлиши, қариндошлардан бўлмаслиги каби сифатларни ўзида мужассам қилган қиз билан турмуш қуриш энг муносиб танлов ҳисобланади.
Ислом шариатида аёлнинг сифатларига қанчалик эътибор берилса, йигитнинг сифатларига ҳам шунчалик эътибор берилган.
Ислом нуқтаи назарида инсоний сифатларнинг энг афзали тақводорликдир. Аллоҳ таолонинг ҳузурида энг ҳурматли, энг азиз, энг мукаррам инсон тақводор инсондир.
قَالَ اللهُ تَعَالَى: ﮁ ﮂ ﮃ ﮄ ﮅﮆ
«Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлиларингиз энг тақводорингиздир», деган (Ҳужурот, 13).
Куёв танлаш вақтида энг биринчи унинг тақвосига қаралади. Зеро, ҳадиси шарифда айтилишича,

عَنْ أَبِي حَاتِمٍ الْمُزَنِيِّ  عَنِ النَّبِيِّ  قَالَ: إِذَا جَاءَكُمْ مَنْ تَرْضَوْنَ دِينَهُ وَخُلُقَهُ فَأَنْكِحُوهُ إِلاَّ تَفْعَلُوا تَكُنْ فِتْنَةٌ فِي اْلأَرْضِ وَفَسَادٌ قَالُوا: يَا رَسُولَ اللهِ وَإِنْ كَانَ فِيهِ قَالَ: إِذَا جَاءَكُمْ مَنْ تَرْضَوْنَ دِينَهُ وَخُلُقَهُ فَأَنْكِحُوهُ ثَلاَثَ مَرَّاتٍ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.

Абу Ҳотим ал-Музаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон сизга ўзингиз динидан ва хулқидан рози бўлган киши келса, унга (сўраганини) никоҳлаб беринг. Агар шундоқ қилмасангиз, ер юзида фитна ва фасод бўлур», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, агар унда… бўлса ҳам-а?» дейишди.
«Қачон сизга ўзингиз динидан ва хулқидан рози бўлган киши келса, унга (сўраганини) никоҳлаб беринг», деб уч марта айтдилар у Зот».
Термизий ривоят қилган ва яхши, деган.

عَنِ الْمُغِيرَةِ  أَنَّهُ خَطَبَ امْرَأَةً فَقَالَ النَّبِيُّ : انْظُرْ إِلَيْهَا فَإِنَّهُ أَحْرَى أَنْ يُؤْدَمَ بَيْنَكُمَا. رَوَاهُ النَّسَائِيُّ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Муғийра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«У киши бир аёлга совчи қўймоқчи бўлганида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Унга назар сол, чунки бундоқ қилиш иккингиз орангизда бардавомликка керакдир», дедилар».
Насаий ва Термизий ривоят қилишган.
Шариатимизда турмуш қурмоқчи бўлган инсонлар ўзаро бир бирларини кўришлари жоиз ҳисобданади. Лекин бу иш шариат белгилаб берган чегарада бўлиши зарурдир, акс ҳолда динимиз таълимотларига хилоф иш қилинган ҳисобланилади. Бучегарага кўра, ўзлари хилватда ёлғиз қолишлари мумкин эмас, маҳрамлардан бирор киши улар билан бирга бўлиши керак, йигит қизнинг юзига, икки қўлига назар солса бўлади. Ҳанафий мазҳабида қадамига ҳам, дейилган. Шунмнгдек, совчи қўйилишидан аввал ўша аёлга уйланиш мумкин ёки мумкин эмаслигини ўрганиб чиқилиши лозим. У аёл унга ҳаром қилинган аёллардан бўлмаслиги керак. Шундан сўнг вақтинчалик совчи қўйиб бўлмайдиган аёлларнинг риоясини ҳам қилиш лозим. Масалан иддада ўтирган аёллар, бошқа биров томонидан совчи қўйиб турилган аёлларга совчи қўйиб бўлмайди
– عَنِ ابْنِ عُمَرَ  عَنِ النَّبِيِّ  قَالَ: لاَ يَخْطُبُ الرَّجُلُ عَلَى خِطْبَةِ أَخِيهِ حَتَّى يَتْرُكَ الْخَاطِبُ قَبْلَهُ أَوْ يَأْذَنَ لَهُ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Киши ўз биродари совчилиги устига, то ун-дан олдинги совчи тарк қилгунча ёки унга изн бергунча совчи қўймас», дедилар».
Бешовлари ривоят қилишган.
Биров совчи қўйиб турган жойга унинг устидан совчи қўйиш ҳаромдир.
Шу бмлан бирга оила қурмоқчи бўлган кишилар бир-бирларига тенг эканликларига ҳам эътибор қаратиш лозимдир.Фиқҳий китобларимизда бирор қиз валийнинг изнисиз, ўзининг тенги бўлмаган инсонга турмушга чиқиб олса, валийлар бу турмушга эътироз билдиришга ва никоҳни бузишни талаб қилишга ҳақли бўладилар.

عَنْ بُرَيْدَةَ  قَالَ: خَطَبَ أَبُو بَكْرٍ وَعُمَرُ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا فَاطِمَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا فَقَالَ رَسُولُ اللهِ : إِنَّهَا صَغِيرَةٌ فَخَطَبَهَا عَلِيٌّ  فَزَوَّجَهَا مِنْهُ. رَوَاهُ النَّسَائِيُّ.
Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Абу Бакр ва Умар Фотимага совчилик қилишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у ҳали ёш, дедилар. Кейин унга Али совчилик қилди. Бас, у Зот унга никоҳлаб бердилар».

Совчиликдаги ва унаштирилгандаги қилиш лозим бўлган ва сақланиш зарур бўлган ишлар ҳам мавжуд бўлиб, улар қуйидагилардан иборат:
1. Совчилик аввало куёв тарафдан бўлиши лозим, бу аёллар учун ҳам иззат ва ҳурмат кўриниши бўлади.
2. Совчи қўйган йигит ўз совчилиги ҳақида бировга иложи борича ошкора қилмаслиги лозим, чунки ошкор қилиш сабабидан баъзи қийинчилик ва кўнгил хираликлар юзага келиши мумкин.
3. Ўзи ёки валийлари ёҳуд бирор кишини вакил қилиб совчи жўнатиши мумкин.
4. Қизнинг валийлари рози бўлишса, йигит қиз билан ёлғиз қолмаган ҳолатда кўришиши мумкин, бу вақтда у қизнинг юзига ва қўлига қараши мумкин.
5. Қиз ҳам йигитга худди шундай қараши мумкин. (Уламолар бу қарашни бир марта агар яхшилаб кўра олмаса икки марта дейдилар)
6. Қиз куёв билан кўришиш учун пардоз андоз қилиб олмаслиги, атир сепмаслиги ва табиий ҳолда кўриниши лозим.
7. Икки тараф ҳам ёлғон сўз ва ёлғон кўриниш қилмасликлари лозим
8. Қизнинг ҳам йигитнинг ҳам валийлари уларнинг ёлғиз учрашишларига розилик бермасликлари. Қаттиқ назорат қилишлари, уларнинг никоҳгача номаҳрам эканликларини уқтиришлари ва ҳаётларини ҳаром ишлар билан бошламасликларини тушунтириб насиҳат қилишлари лозим.
9. Совчи қўйган йигит ва қиз асло қўл бериб кўришишлари мумкин эмас.
10. Унаштирилган бўлсаларда ёлғиз учрашувга чиқмаслик шарт, сафарга чиқиш, “love story” каби ғарбдан кириб келган одатларни қилишлари шаръан ҳаром саналади.
11. Кийим танлаш, бозорга тушиш ва шунга ўхшаш ишларни унаштирилган бўлсаларда йигит ва қиз бирга амалга оширишлари мумкин эмас.
12. Бир бирларини яхшилаб таниб олсинлар деган қоидага амал қилинмайди, чунки барибир инсоннинг ҳақиқий юзини у билан учрашиб юриб билиб бўлмайди.
13. Оилаларнинг катталари ўзаро бир бирлари ҳақида сўраб суриштирадилар, шарият меъёрларига мос келадиган совчига ўз розиликларини билдирадилар, ботиний масалаларда эса Аллоҳга ҳавола қиладилар. Куёвнинг яхши ёки ёмонлиги ўзи билан гаплашиб билиб олиш. Ёки суриштириб чиқиш аёлларнинг иши ҳисобланмайди. Бу масала куёвга ҳам тааллуқли ҳисобланади.
14. Агар яхши муносиб куёвни қизнинг валийлари учратган бўлса, ўз қизларини унга таклиф қилишлари ҳам шаръан рухсат этилган иш ҳисобланади.
15. Совчилик устига совчилик қилиш мумкин эмас. Яъни, бир инсон қизга совчи қўйган бўлса ва бундан хабардор бошқа бир тараф совчи қўймай туриши лозим, чунки бу инсонлар ўртасида хафагарчиликка сабаб бўлади.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар
ўрта махсус ислом таълим
муассасаси катта ўқитувчиси
Ибрагимова Сурайё

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*