Мустақиллик тимсоли – Ўзбекистон байроғи

2019-йил 18-ноябрда Мустақил Ўзбекистоннинг Давлат рамзларидан бири Ўзбекистон Республикаси Давлат Байроғининг 28-йиллиги кенг кўламда нишонланади. Келинг, ушбу муносабат билан Давлатимиз байроғи ва унинг тарихига бир назар ташлайлик.
“Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тўғрисида”ги қонун 1991-йил 18-ноябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг навбатдан ташқари ўтказилган 7 сессиясида қабул қилинган.
Албатта, Миллий байроғимизни ҳар куни кўрамиз. Унинг шакли, элементлари ва ранглари қалбларимизда муҳрланган. Миллий байроғимиз юртимиздаги барча расмий идораларда, юртимизнинг чет эллардаги элчихоналари, синфхоналаримизда, иш столимизда ғуруримиз, ифтихоримиз рамзи бўлиб туради.
Давлатимиз раҳбари шарафига бошқа давлатларда юртимиз байроғи кўтарилганида, нуфузли халқаро анжуманларда, халқаро спорт мусобоқаларида давлатимиз байроғи ҳилпираганда, хориж сафарларида, халқаро ташкилотларнинг ваколатхоналарида, жаҳон кўргазмаларида, ўзга давлатлар ҳудудида юртимиз байроғини кўрганимизда қалбимизда ғурур, соғинч, ватанпарварлик туйғулари жўш уради. Миллий байроғимиз давлатимиз суверенитетининг олий рамзи бўлиб, халқаро муносабатларда Ўзбекистон Республикасининг тимсоли сифатида намоён бўлади. Давлатимиз байроғида халқимизнинг миллий-маданий анъаналари ўз ифодасини топган.
Байроқдаги мовий ранг -мусаффо осмон ва обиҳаёт рамзи. Тимсоллар тилида бу – яхшиликни, донишмандликни, ҳалолликни ва садоқатни билдиради. Бинобарин, Амир Темур бобомизнинг ҳам давлат байроғи мовий рангда бўлган.
Байроқдаги оқ ранг- тинчлик рамзи бўлиб, ёруғ кунлар рамзидир. Оқ ранг – поклик, беғуборлик, софликни, орзу ва ички гўзалликка интилишнинг тимсоли.
Байроқдаги яшил ранг – табиатнинг янгиланиш рамзи. Яшил ранг – навқиронлик, умид, шодлик тимсоли ҳисобланади.
Байроқдаги қизил чизиқлар вужудимизда жўшиб оқаётган ҳаёт рамзидир.
Навқирон ярим ой тасвири қўлга киритилган мустақиллигимиз тимсоли ҳисобланади. У миллий анъаналармиз ва эътиқодимизнинг ҳам рамзидир.
Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғидаги 12 юлдуз тасвири тарихий анъаналаримиз ва қадимги йилномамизга боғлиқдир. Юлдузлар барча халқлар учун илоҳий тимсол ва мукаммаллик рамзи ҳисобланади. Бу 12 юлдуз тасвири ватанимиз ҳудудида “нужум” илми тараққий этгани билан ҳам изоҳланади.
Давлат рамзлари – миллий суверенитетни, халқимизнинг мустақил ўз тараққиёт йўлига эгалигини билдирадиган муқаддас тимсоллардир. Уларни ҳаётимизнинг муҳим бўлаги деб билиш, кўз қорачиғидек асраб-авайлаш ҳар биримизнинг бурчимиздир.
Келинг энди ватанимиз ҳудудидаги энг баланд ва муҳташам байроқлар билан танишиб чиқамиз.
2018 йил июль ойида пойтахтимиздаги “Халқлар дўстлиги” саройи олдига Шомаҳмудовлар ёдгорлиги қайтарилиб, бу ерга юртимиздаги энг улкан Давлат байроғи ўрнатилди. Байроқнинг баландлиги 65 метр, ўлчами эса бўйи 10 метр ва эни 20 метрга тенг.
2018 йил декабрь ойида Навоий шаҳридаги Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғи ҳудудида 62,5 метрли Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қад ростлади. Байроқнинг оғирлиги 20 тоннани ташкил этади.
2018 йил август ойида Наманган шаҳри марказидаги Ислом Каримов ва Ғирвонсой кўчалари кесишмасида 35 метрли Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи ўрнатилди.
2018 йил ноябрь ойида Хоразм вилояти Урганч шаҳрининг Амир Темур боғидаги истироҳат боғида Ўзбекистоннинг яна бир улкан байроғи қад ростлади. Байроқ боғ ичида жойлашган “Ёшлар маркази” олдидаги майдонга, 66 метрли флагшток учига ўрнатилган бўлиб, ўлчами 20 метрга 10 метрни ташкил қилади. Байроқ шаҳар кўркига кўрк қўшиб, узоқ масофадан яққол кўзга ташланиб туради.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар
ўрта махсус ислом таълим муассасаси
3-курс талабаси Абдуллаева Муҳсинахон

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*