Ислом-тинчлик дини

Инсон эга бўлган нарсалар ичида энг бебаҳоси – динидир. Дин кишиларни ҳамиша яхшиликка, эзгу ишларга чорлаган. Жумладан, ота-боболаримизнинг муқаддас эътиқоди бўлган ислом дини ҳам юксак инсоний фазилатларнинг шаклланишига хизмат қилган. У туфайли халқимиз минг йиллар мобайнида бой маънавияти ва мероси, ўзлигини омон сақлаб келди. Зеро, ислом дини кишиларни тинчликни асраш ва барқарорликни таъминлаш йўлида имон, инсоф, адолат, ҳамжиҳатлик ва бирдамлик билан ҳаракат қилишга, фитна ва ўзаро адоватга барҳам беришга чақиради.
Ислом дини – инсон қадри ва тараққиёти учун хизмат қиладиган, энг эзгу ғоялар билан йўғрилган диндир. Ислом-бу тинчлик, ислом-бу ҳаётнинг олий фалсафасидир. У инсонларни юксак инсоний фазилатлар соҳиби қилиб тарбиялаш билан бирга инсонпарварлик, халқпарварлик, адолат, ҳалоллик, бошқа динларга эҳтиром ҳамда олижаноб ахлоқни тарғиб этади. Шу билан бир қаторда, кибрни қоралаб, қабилачилик ва хурофотларга кескин қарши чиқади. Муқаддас динимиз улуғ неъмат бўлмиш тинчлик ва хотиржамликка тарғиб қилиш баробарида зулм қилиш, озор бериш, бировнинг ҳаққини ейиш, жосуслик, ғийбат, ёлғончилик, ёлғон гувоҳлик бериш, чақимчилик, иғво-фитна чиқариш, беҳуда қон тўкиш каби ёмон иллатларни қоралайди.
Маълумки, тинчлик Аллоҳ таоло томонидан бу¬тун инсониятга инъом этилган улуғ неъматдир. Ислом дини тинчлик тушунчасини ўзининг бош ғояси ва муҳим шиорига айлантиргани ҳам бежиз эмас, албатта. Ислом таълимоти, хусусан, Қуръони каримда баён қилинадики: “Эй имон келтирганлар! Барчангиз ёппа¬сига тинчлик ишига киришингиз” (Бақара, 208). Тафсир китобларида келтирилишича, оятдаги “ёппасига тинчлик ишига киришингиз” дегани барча инсонларнинг бирлашган ҳолда тинчлик йўлини тутишлари лозимлиги ва унинг барқарорлигини сақлашда қандай йўл билан бўлса ҳам ўз ҳиссаларини қўшиш зарурлигини билдиради.
Тинчлик инсониятга берилган неъматларнинг ичида имондан кейинги энг улуғ неъмат саналади. Бу ҳақида сарвари олам ҳазрати пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай деганлар: “Аллоҳдан авф ва тинчлик-омонликни сўрангизлар, бирор кишига имондан кейин авф қилишлик ва тинчликдан афзалроқ неъмат берилгани йўқ”.
Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Бақара сураси 126-оятида “Эсланг, Иброҳим: “Эй, Раббим, буни (Маккани) тинчлик шаҳри қилгин ва унинг аҳолисидан Аллоҳга ва охират кунига ишонувчиларига (турли) мевалардан ризқ қилиб бергин!” деб дуо қилганида аввало тинчлик, сўнг ризқ сўраш орқали дуо қилиш таълим берилмоқда. Бундан кўринадики, тинчлик ва хотиржамлик ризқдан ҳам улуғроқ неъматдир.
Тинчликни қадрлаш, осойишта ҳаёт учун шукроналик уни сақлаб қолиш ва мустаҳкамлашнинг зарурий шарти ҳисобланади. Ислом таълимотида масаланинг бу жиҳатига ҳам алоҳида эътибор берилган. Хусусан, Қуръони каримда “Қачон (Биз) инсонга (тинчлик,саломатлик, фаровонликни) инъом этсак, у (шукр қилишдан) юз ўгириб, ўз ҳолича кетур. Қачон унга (хасталик, камбағаллик каби) бирор ёмонлик етса, ноумид бўлур” (Исро, 83), – деб қайд этилгани фикримизнинг исботи бўла олади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳадисларидан бирида, кимки тонгда уйқудан уйғонганда оиласи тинч, тани соғ ва уйида бир кунлик егулиги бўлса, билсинки, унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экани таъкидланади. Бундан шу осуда ва тинч бошланган куни учун ҳар ким Яратганга чексиз шукроналар қилиши керак эканини англаш мумкин. Кўриниб турибдики, ислом манбалари орқали киши учун энг азиз неъмат бу –тинчлик эканлиги билдирилмоқда. Аллоҳ тарафидан бандаларга ато этилган ушбу неъматга раҳна солиш энг катта гуноҳдир.
Муқаддас ислом динимизда инсоф, адолат ва инсонпарварлик қоидаларига, ҳатто ёв билан жанг қилиш асносида ҳам адолатли бўлишга риоя қилинади. Ҳаддан ошиш, тажовузкорлик, зўравонлик қаттиқ қораланади.
ХХ аср якуни инсоният тарихида терроризм, диний экстремизм, ақидапарастлик, мутаасиблик каби иллатлар билан алоҳида ўрин эгаллади. Терроризмни бирор миллат ёки динга нисбат бериш мутлақо нотўғри. Зеро, терроризмни ҳеч қайси дин, ҳеч қайси миллат оқламайди. У кимнинг ва ниманинг номидан содир этилишидан қатъи назар, уни амалга оширувчи шахс жавобгар хисобланиб, жазога лойиқдир.
Ҳадиси шарифларда инсонларни ҳалокатга олиб борадиган нарсаларни етиштирган, етказиб берган, уни сотган, истеъмол қилган ва қўйинки ушбу ишга озгина ҳисса қўшган ҳар бир инсон гуноҳкор эканлиги айтилган. Аллоҳ таоло Қуръони карим Нисо сураси 93-оятида: “Кимда-ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яна унга Аллоҳ ғазаб қилгай, лаънатлагай ва унга улкан азобни тайёрлаб қўйгай” деб марҳамат қилган.
Ақоидга кўра гуноҳи кабира қилган мўмин кофир бўлмайди. Лекин тақиқланган гуноҳ ишни ҳалол деб эътиқод қилса ёки фарзлардан бирини инкор этса кофир бўлиб қолади. Оятда ноҳақ одам ўлдиришни ҳалол деган эътиқодда қотиллик қилган киши тўғрисидаги ҳукм баён этилмоқда. Бугунги кунда эса дунёнинг турли бурчаклари¬да террорчилар томонидан қанчадан-қанча бегуноҳ инсонларнинг ноҳақ қонларини тўкиш со¬дир этилмоқда. Зеро, пайғамбар (алайҳис-салом) саҳобийларга доимо такрорлаб шундай денганлар: “Қиёмат куни биринчи савол ноҳақ тўкилган қонлар тўғрисида бўлур” (Имом Бухорий ривояти).
Тинчликни улуғ неъмат деб эълон қилган динимизда бу йўлда нафақат амал билан, бал¬ки сўз билан ҳам зарар келтиришдан қайтарилган. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилганлар: “Тили ва қўлидан мусулмон омонда (саломат) бўлган инсон ҳақиқий мусулмондир”.
Дарҳақиқат, мусулмон киши жамият учун фақат яхшиликни раво кўрмоғи, ёмонликлардан тийилмоғи ва бошқаларга азият беришдан йироқ бўлмоғи зарур. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, сўз, яъни тилдан етади¬ган озор қўлдан етадиган зарардан аввал зикр эти¬лишининг боиси шундаки, қўл билан бошқаларнинг фақат бу дунёси – саломатлиги, оиласи, мулкига зарар етказиш мумкин бўлса, тил билан эса, инсонларни турли бузғунчи ғояларга тарғиб қилиб, тўғри йўлдан чалғитиш орқали уларнинг икки дунёсини барбод этиш хавфи бор.
Юқорида таъкидлангандек, ислом дини иғво-фитна чиқариш каби ёмон иллатларни қоралайди. Халқ орасида фитна қўзғатиш, туҳмат ва иғво тарқатиш йўлидаги уринишлар эса тинчлик ва хотиржамликни издан чиқарувчи ҳодисалардан ҳисобланади. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло ўзининг бир қанча оятларида ер юзида фитна-фасод уруғини сочиш, кишилар орасида бузғунчилик ва вайронакорлик ғояларини тарқатиб, халқларни бир-бирига душман қилиб қўйиш гуноҳи азим эканини таъкидлаб, бундай ҳаракатлар исломнинг моҳиятига мутлақо зид экани айтади:
Уларга: «Ер юзида фасод (бузғунчилик) қилмангиз!», – дейилса, улар: «Албатта, биз чин ислоҳчилармиз», – дейдилар. Огоҳ бўлингки, айнан уларнинг ўзлари бузғунчилардир, лекин (буни ўзлари) сезмайдилар. (Бақара, 11-12).
“…Фитна қотилликдан ҳам ашаддийроқдир…” (Бақара, 191)
“Аллоҳ эса, фасодни (бузғунчиликни) ёқтирмайди” (Бақара, 205) деган кўрсатма ҳамда, Нур сурасининг 11–21-оятларида миш-миш тарқатганлар учун бу дунё ва охиратда тайинланган жазолар ҳақида хабар берилиб, унга ишонганлар ҳам қаттиқ маломат қилингани тўғрисида қайдлар келгани юқоридаги фикрларнинг нақадар тўғри эканини тасдиқлайди.
Шунингдек, Аллоҳ таоло доимо яхши, одамларга манфаатли бўлган эзгу ишларни қилишга чақиради: “(У) сизларнинг қайси бирингиз чиройлироқ (савоблироқ) амал қилувчи эканингизни синаш учун ўлим ва ҳаётни яратган зотдир. У Азиз (қудратли) ва Ғафур (кечиримли)дир” (Мулк, 2)
Шулар билан бир қаторда ислом дини кишиларни бағрикенг бўлишга турли услубларда ундайди. Масалан, Қуръони каримда келтирилган Юсуф (алайҳис-салом) ва Зулқарнайн қиссалари бағрикенгликнинг энг гўзал кўринишларидандир. Айниқса “Юсуф” сурасидаги “энг гўзал қисса” деб номланган Юсуф пайғамбар қиссасида ўзга дин, ўзга маданият ўчоғи бўлган Миср жамиятига бориб қолган Юсуф (алайҳис-салом) шу юртнинг равнақи учун бор кучи билан хизмат қилади ҳамда Аллоҳдан берилган иқтидорини ушбу диёр ривожи ва фаровонлги учун сарфлайди. Зулқарнайн эса, “Кахф” сурасида тасвирланганидек, бегона юрт, бошқа миллат, турфа маданият вакилларига ҳеч қандай эвазисиз ёрдам беради: уларнинг жонлари ва юртларини душмандан сақлаш учун тўсиқ қуриб беради, улар билан ҳамкорлик қилади. Бу ҳам албатта диний бағрикенглик ва инсонпарварликнинг энг гўзал намуналаридир. Демак, инсон қандай жамиятда яшамасин, унинг моддий ва маънавий равнақи, фарованлиги ва ҳимояси учун камарбаста туриши лозимлиги Қуръони карим оятларида ҳам мужассам бўлган.
Ислом динимиз аввал бошданоқ инсониятга асл мурувватни, диндошларига, ҳатто бошқа дин вакилларига эҳтиром ҳамда бағрикенглик билан муносабатда бўлишни ўргатиб келган ва келмоқда. Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бу борада Ислом умматигагина эмас, бутун инсониятга ибрат-намуна бўлдилар. Ул зот Мадинага ҳижрат қилганларида давлат ишларидаги биринчи амаллари ўша ерлик яҳудийлар билан уларнинг ақидаларини ҳурмат қилишга асосланган аҳднома тузиш бўлди. Жаноб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) аҳли китобдан бўлган қўшнилари билан яхши муносабатда бўлар, ҳадя бериб, улардан ҳам қабул қилар эдилар.
Шунингдек, Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинадики, Пайғамбар )алайҳис-салом( вафот қилишларидан олдин бир яҳудийга ўз совутларини гаровга бериб, ундан 30 соъ арпа сотиб олган эканлар. Оиша онамиз розияллоҳу анҳо мана шу воқеани у зотнинг бағрикенглик борасида ўз умматларига кўрсатган энг катта таълимлари, деганлар. Дарҳақиқат, Пайғамбар алайҳиссаломга қарз берадиган саҳобалар йўқмиди? Саҳобаи киромлар ҳазрати Пайғамбар (алайҳис-салом) учун нафақат қарз балки, жонларини беришга ҳам тайёр эдилар. Ниҳоятда бой-бадавлат саҳобалар бор эди, бутун бошли қўшинни қурол-яроғ, улов билан жиҳозлаган, кийим-бош, озиқ-овқат билан таъминлаган саҳобалар, ҳазрати Усмон каби бутун бошли боғларни, қудуқларни сотиб олиб, мусулмонларга вақф қилиб берган саҳобалар жуда кўп эди. Лекин нима учун Пайғамбар алайҳиссалом ғайриддиндан, яҳудийдан озгина арпани гаров эвазига қарзга оляптилар? Бу Азизул Ҳаким Аллоҳ таолонинг чексиз ҳикматидир. Бу Ислом умматига ўзига хос таълимдир, яъни бошқа дин, бошқа мамлакат, бошқа миллат вакиллари билан ҳам ана шундай муомала қилиш дурустлигини ўргатишдир.
Демак, мусулмон одам ўзи яшаётган жамиятда ҳар қандай инсон билан қўни-қўшни бўлиб яшаши, савдо-сотиқ, олди-берди қилиши, улар билан борди-келди қилиши мумкин экан, дўстона қўшничилик муносабатларини йўлга қўйиши жоиз эканлиги Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда келтирилмоқда.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ислом дини ўзининг илк давридаёқ, бағрикенглик ғояларини илгари сурди. Ислом ўзидан аввалги динларни эътироф этибгина қолмасдан, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини илоҳий қонун билан мустаҳкамлаб қўйди. Шунингдек, уларнинг маданият ва анъаналарига эҳтиром билан қараш ҳамда ўзаро адолатли муносабатли бўлишга буюрди. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “…бирор қавм (кишилари)ни ёқтирмаслик сизларни уларга нисбатан адолатсизлик қилишга ундамасин!” (Моида, 8) деб буюрган.
Ислом таълимоти негизида тарбия олган ҳар бир инсон, бутун жамият ўзаро муносабатларни халқларнинг турли-туман урф одатлари, маданияти ва қадриятларини тан олган ҳолда тинчлик, тотувлик,бағрикенглик асосига қуриши зарур. Зеро, юқорида таъкидланган тинчлик, тотувлик,бағрикенглик тараққиёт гаровидир. Муқаддас ислом дини эса ҳар бир мусулмон кишини юксак маънавиятли, инсонларга нисбатан эътиқодий қарашларидан қатъий назар бағрикенг муносабатда бўлиш ва улар билан ўзаро тинчлик ва тотувликда, аҳл-иноқликда, эзгулик, бунёдкорлик ишларида ҳамкорлик қилишга чорлаб, барча ахлоқсизлик, вайронкорлик, фитна-фасодлардан холи ҳолда яшашга ундайди.

Усмонова Хуршида
Хадичаи Кубро аёл-қизлар
ўрта махсус ислом таълим
муассаси ўқитувчиси

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*