Ёшларида бағрикенглик туйғусини шакллантириш хусусиятлари

Бағрикенглик тушунчаси илмий фаолият ва ижтимоий ҳаётнинг турли соҳалари, жумладан, сиёсат ва сиёсатшунослик, сотсиология, филология, илоҳиёт, ижтимоий аҳлоқ, қиёсий диншунослик каби соҳаларда кенг истифода этиладиган тушунчалардан бири ҳисобланади. Лотинча “толераре” яъни, сабр қилмоқ, чидамоқ маъноларини берадиган бу сўз, асосан бир инсоннинг бошқа инсон дунёқарашига тоқат қилишини билдиради. Бағрикенглик бу бошқа кишининг диний эътиқодига нисбатан оддий тоқатлилик кўрсатиш, унинг эътиқодига қарши курашмасликдир. Бағрикенлик – ҳаёт зарурати демакдир.
Диний бағрикенглик деганда эса, муайян давлатда турли дин вакилларининг ўзаро аҳил яшаши тушунилади. Муқаддас динимизнинг муҳим омили ҳам бошқа дин вакиллари билан ўзаро низода бўлмаслик, уларнинг эътиқодларига нисбатан ҳурмат муносабатида бўлишликдир. Исломда диний бағрикенглик қоидаларига бевосита амал қилингалигига ҳозир ҳам гувоҳ бўлмоқдамиз. Миср, Иордания, Сурия, Эрон каби мамлакатлар фатҳ қилинганига деярли 14 аср бўлган бўлсада, туб аҳолиларининг аксарият қисми ҳали – ҳамон ўз динларига эътиқод қилмоқдалар. Ҳиндистон, Ливан каби давлатларда эса мусулмонлар кўп йиллар ҳукмронлик қилганларига қарамай, мусулмонлар аҳолининг оз қисмини ташкил этади.
Бағрикенглик ижтимоий – иқтисодий, сиёсий – ҳуқуқий, маънавий- маърифий жамиятнинг қарор топишида, фуқаролар ўртасида бир – бирини тушуниш, ҳурмат руҳи қарор топишига замин яратади.
“Бағрикенглик бўлмаса, тинчлик бўлмайди, тинчликсиз эса тараққиёт ва демократия бўлмайди. ”
Бағрикенглик Тамойиллари Декларацияси
Диёримизда азал- азалдан турли хил миллат ва дин эгалари яшаганликлари тўғрисида маълумотлар тарихдан маълум. Яҳудий, христиан, Ислом дини эгалари тинч ва тотув ясгаганлар. Ислом дини ўзининг илк даврларидаёқ бағрикенглик дини сифатида намоён бўлди.
Аллоҳ Таоло “Зумар” сурасида Иброҳим, Нуҳ, Мусо (а.с.) лар динини ҳам, Ислом динини ҳам яратувчиси ўзи эканлигини таъкидлаган ҳолда барчаларига “Динни барпо қилинглар, тафриқага туширманглар” дея хитоб қилган.
Ислом давлати ҳудудида яшашни хоҳлаган бошқа дин вакили шариатда “аҳли зимма” деб юритилади. Шу билан бир қаторда улар мусулмонлар билан тенг ҳуқуқга эга бўладилар. Бошқа мушриклар, яъни самовий китоб эгалари бўлмаганлар ҳақида Расулуллоҳ (с.а.в.): “Улардан аҳли китобга қилинган суннатни қилинглар. Фақат аёлларига уйланманг ва сўйишларини еманг,”- деганлар.
Ислом самовий динларни шунчаки ҳурмат қилиш билан кифояланмаган, балки, ўша дин аҳлларига чексиз ҳурматда бўлган. Уларнинг ҳақ – ҳуқуқларини қонун билан мустаҳкамлаб қўуган. Маданият ва анъаналарига эҳтиром билан қараган. Асрлар давомида бу қоидаларга амал қилиб яшаган мусулмонлар бир – бирларига ва ҳатто, ораларида яшайдиган аҳли зимма (мусулмонлар диёрида яшайдиган ўзга дин вакиллари) га ҳам яхшилик қилиб, бутун инсониятга ибрат бўлишди.
Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган ҳадисда эса: “Ким аҳли зиммага бирор заҳмат етказса, қиёмат куни мени ўзининг душмани сифатида кўради”, -дейилган . (Аҳмад ривояти)
Диний бағрикенглик ҳамиша диний заминдаги адоватга қарши ўзига хос қалқон вазифасини ўтаган. У турли эътиқодларнинг бир замон ва маконда биргаликда мавжуд бўлишига, уларнинг эгалари орасидаги ҳамжиҳатлик шаклланишига замин яратган.
Ўтган асрнинг охирларида Ҳиндистон ва Покистон давлатлари орасида бўлиб ўтган ҳинд – мусулмонлар уруши туфайли ҳозирда ҳам бунинг баъзи асоратлари борлиги бунинг ёрқин далилидир.
Ёки ўзларини “Ислом давлати” деб атаган, аслида “ХХИ аср фитнаси” деб юритилаётган бир тўда пок динимизни булғаётган жангарилар томонидан амалга оширилаётган хунрезликлар Аллоҳ Таоло Ўзининг муқаддас каломида буюрган, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида ўз ифодасини топган бағрикенгликнинҳг том маънода акси ҳисоблабнади.
Президентимизнинг юқорида айтган ўгитларига асосланиб, бугунги ўсиб келаётган ёш авлодни бағрикенглик руҳида тарбиялашимиз мувофиқдир. Сабаби, келажак – ёшлар қўлида. Динни ривожлантириб, унинг барқарор келажагига манфаат қўшадиган ҳам, уни таҳқирлаб, нотўғри талқин этадиган ҳам ана шу ёшлардир.
Ёшларни диний бағрикенглик туйғуларига ҳамоҳанг тарзда тарбиялашнинг ҳам ўзига хос хусусиятлари мавжуд. Жумладан:
– ёшлар онгига динлараро, миллатлараро тотувлик, диний хайрихоҳлик ва бағрикенглик жамият тараққиётидаги энг асосий омиллардан бири эканлигини сингдириш;
– Республикамизда мавжуд динларнинг ўзаро муносабатлари ҳамкорлик, ҳамдўстлик ва тенг ҳуқуқлилик асосида амалгам оширилишини тушунтириш;
– динлар таълимотлардаги бағрикенглик тамойилларини кўрсатиб бериш;
– диннинг аҳлоқ ва қадриятлар мажмуйи эканлигини уқтириш;
– ёшларга фан ва диннинг жамиятдаги вазифалари ва улар орасидаги ўзаро фарқли ҳамда муштарак жиҳатларни кўрсатиш;
– диний бағрикенглик юксак инсоний фазилат эканлигини уқтириш;
– диний муносабатларда ўзбекларга хос диний бағрикенглик илдизлари ҳақида таҳлилий маълумотлар бериш;
– ўзбек халқи менталитетидаги дини бағрикенгликка хос хусусиятларни кенг ёритиб бериш;
– динлараро, миллатлараро тотувлик, диний хайрихоҳлик ва бағрикенглик жамият тараққиётидаги омиллардан бири эканлигини англатиш;
– истиқлол йилларида мамлакатимизда бағрикенглик сиёсатининг долзарб масала сифатида давлат сиёсати даражасига кўтарилиши ҳақидаги масалаларни ёшлар онгига сингдириш;
– ёшларда диний ва дунёвий давлат, диний ва дунёвий билимлар зарурлиги, виждон эркинлиги масалаларида мунозарага кириша олиш малакасини шакллантириш ва бошқалар.
Юқоридаги масалалар ёшлар таълим ва тарбиясига масъул бўлган шахслар – ота –оналар, маҳалла қўмитаси аъзолари, мактаб ва ўрта махсус ўқув юртларининг малакали педагог ва ходимлари зиммасига юклатилган вазифалардир. Ушбу меъёрларга риоя қилган ҳолда ёшларни диний ва дунёвий саводхон шахслар сифатида тарбиялаб, уларни охири залолатга етакловчи йўллардан огоҳ этиш- барчамизнинг Ватанимиз олдидаги муқаддас саналган бурчимиздир.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта
махсус ислом таълим муассасаси
ўқитувчиси Акбарова Ҳавасхон

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*