Иймон ҳаловати

“Агар Аллоҳни севсангиз, бас, менга эргашинг, Аллоҳ сизни севадир ва сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қиладир. Аллоҳ Ғафурдир, Раҳимдир”, – деб айт”, дея марҳамат қилган оламлар Роббига ҳамдлар бўлсин.
“Амалларнинг энг афзали Аллоҳ учун муҳаббат қилмоқ ва Аллоҳ учун ёмон кўрмоқдир”, дея охир замон умматга насиҳат қилган, сўнги Пайғамбар бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга то қиёматга қадар дуруд-у саловатлар бўлсин.
Иймон ҳаловати… У ўзи нима? Қандай қилиб иймон ҳаловатини топиш мумкин? Бунинг учун нима қилиш даркор? Улуғ саҳобийлар, авлиёлар, олим-у уламолар қай йўл билан иймон ҳаловатини топганлар?
Бу саволларнинг барчасига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг биргина ҳадисларидан жавоб топишимиз мумкин. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда у зот шундай марҳамат қиладилар:
“Уч нарса борки, кимда улар бўлса, иймон ҳаловатини топади: Аллоҳ ва Унинг Расули унинг учун икковларидан ўзга ҳамма нарсадан маҳбуб бўлмоқлари, бир кишига фақат Аллоҳ учунгина муҳаббат қилмоғи ва куфрга қайтишни худди оловга ташланишни ёмон кўргандек ёмон кўриши”.
Демак, иймон ҳаловатини топиш учун аввало Аллоҳ ва Унинг Расулига чексиз муҳаббат қўймоқ лозим экан. Хўш, бунинг учун биздан нима талаб қилинади? Биз аввало Аллоҳ ва Расулини танимоғимиз даркор. Аллоҳни таниб, муҳаббат қўйган инсон Аллоҳ таолога тўлиқ бўйсунади. Ўйлаб кўриб, тафаккур қилайлик, агар бирортамиз бир инсонга, масалан устозларимиздан бирига жуда қаттиқ муҳаббат қўядиган бўлсак, ҳеч қачон уларни хафа қилмаймиз, иложи борича уларни ҳушнуд қилишга ҳаракат қиламиз. Аллоҳга муҳаббат қўйган инсон ҳам худди шундай, у Зотнинг барча буйруқларига бўйсунади, қайтарганларига яқин ҳам йўламайди. Аллоҳнинг Расулига муҳаббатли инсон ҳам уларнинг суннатларига иложи борича амал қилишга ҳаракат қилади. Инсоф билан айтинг-чи, орамизда Расулуллоҳнинг ҳаёт тарзлари, сийратлари, ахлоқ-одобларидан кўра қандайдир санъаткор, актёр ёки бошқа кўплаб шу каби биз учун “машҳур” бўлган инсонлар ҳақида кўпроқ маълумотлар биладиганлар топилмайдими? Йўқ, албатта топилади, биз ўйлагандан ҳам кўп. Бу ҳолатимизни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрганларида бизлардан қанчалик ранжиган бўлар эдилар? Шуни бир ўйлаб кўрдикми?
Иймон ҳаловатини топиш йўлларидан яна бири, бир кишига фақат Аллоҳ учунгина муҳаббат қўйиш. Бу ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Умома розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда шундай дейдилар:
“Ким Аллоҳ учун муҳаббат қилса, Аллоҳ учун ёмон кўрса, Аллоҳ учун берса ва Аллоҳ учун ман қилса, батаҳқиқ, иймонни баркамол қилибди”.
Демак, мўмин-мусулмонлар орасидаги муҳаббат Аллоҳ учун бўлгандагина улар комил иймон ҳаловатини топадилар. Аллоҳ йўлида биродар бўлганлар қиёмат куни Арш соясида бўлурлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Аллоҳ таоло қиёмат куни:
“Менинг жалолим учун бир-бирларини яхши кўрганлар қани? Бугунги кунда, Ўзимнинг соямдан ўзга соя бўлмаган кунда Мен уларни Ўз соямга олурман”, дейди”, дедилар.
Муслим ва Термизий ривоят қилганлар. Термизийнинг лафзида:
“Менинг жалолим учун бир-бирларини яхши кўрганларга нурдан минбарлар бордир. Набийлар ва шаҳидлар уларга ҳавас қилурлар”, дейилган.
Аллоҳ йўлида ўзаро бир-бирларига муҳаббат қўйганлар ҳеч қачон биродарликлари ортидан бирор дунёвий манфаат ёки дунё матоҳларини кўзламайдилар, аксинча, ўз биродарига фақат дунё-ю охират яхшиликларини тилаган ҳолда, Аллоҳнинг тоатига чақирадилар, маъсиятлардан қайтарадилар, ҳар он унга Аллоҳни, келиши ҳақ бўлган кунни эслатиб турадилар. Мана шундай биродарлар ҳақиқий иймон ҳаловатини топганлардир. Улар бир-бирларини яхши кўрганликлари сабабидан Аллоҳ ҳам уларни яхши кўради. Аллоҳ суйган банда бўлиш қандай улуғ неъмат!
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Бир киши ўзининг бошқа қишлоқдаги биродарини зиёрат қилди. Аллоҳ унинг йўлига кутиб турадиган фариштани қўйди. Унинг олдига келган пайтда:
“Қаёққа бормоқчисан?” деди.
“Ушбу қишлоқдаги биродаримнинг олдига бормоқчиман”, деди.
“Унда сен кўзлаган неъмат борми?” деди.
“Йўқ. Мен унга фақат Аллоҳ азза ва жалла учун муҳаббат қилганман”, деди.
“Албатта, мен сенга Аллоҳнинг элчисиман. Батаҳқиқ, сен уни яхши кўрганингдек Аллоҳ сени яхши кўради”, деди”.
Ҳа, Аллоҳ учун бўлган муҳаббат инсонни мана шундай даражаларга кўтаради. Шунинг учун ҳам мўминларнинг ўзаро муҳаббатлари фақат Аллоҳ учун бўлиши лозим. Дунё ва унинг матоҳлари учун бўлган муҳаббат орқали ҳеч қачон иймон ҳаловатини топиб бўлмайди.
Иймон ҳаловатини топишга сабаб бўлувчи омилларнинг яна бири бу – инсоннинг “куфрга қайтишни худди оловга ташланишни ёмон кўргандек ёмон кўриши”. Ҳар бир мусулмон куфр ва унга олиб борувчи йўлларнинг барчасидан худди ёниб турган жуда иссиқ ва даҳшатли оловдан қўрққандек қўрқиши ва у оловга тушишдан сақлангандек сақланиши лозим. Аллоҳ барча ишга қодир Зот. Хоҳлаган пайтда кофирни мўминга, мусулмон бандасини эса кофирга айлантириб қўя олади. Аллоҳ сақласин. Шунинг учун доим Аллоҳдан охиримизни гўзал қилишини сўраб доу қилишимиз керак бўлади.
Энди барчамиз яхшилаб ўйлаб кўрайлик, бизлар юқорида айтиб ўтилган сифатларга эгамизми? Аллоҳ ва Расулига бўлган муҳаббатимиз қай даражада? Ёки бор муҳаббатимизни мол-у дунёга бериб юборяпмизми? Эҳтимол шунинг учун иймон ҳаловатининг ўрнига мол-дунё ҳаловатини топаётгандирмиз? Ён-атрофимизга назар солайлик, ким ,қайси бадавлат инсон, қайси дунё подшоҳи қабрига дунё матоҳларини олиб кетяпти? Қай биримизга бу мол-дунё охиратда ҳисоб-китобимизга ёрдам беради? Йўқ. Ҳеч қайсиси. Фақатгина Аллоҳ ва Расулига бўлган муҳаббатимиз туфайли эришган иймон ҳаловатимизгина бизга ёрдам беради. Буни барчамиз умримиз давомида, ҳар лаҳзада унутмаслигимиз керак. Ўта меҳрибон бўлган Зот ҳаммамизни иймон ҳаловатини топиш неъмати ила сийласин!

Хадичаи Кубро аёл-қизлар
ўрта махсус ислом таълим муассасаси
4-курс талабаси Муҳаммадодилова Ислома

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*