Давлат байроқларида яширинган маънолар

Мамлакат байроғи бу оддийгина тимсол эмас, балки бутун бир мафкура ҳисобланади. Улар мамлакатнинг тарихи ва мафкураси ҳақида айтиб туради. Кўпчилик байроқларга жойланган маънони тушинмайди. Қуйида баъзи мамлакат байроқларидаги маъноларни мисол сифатида кўришингиз мумкин.
Хитойнинг қизил байроғи коммунистик революцияни англатади. Тилла юлдузлар коммунизмнинг бирламчи тизимини акс эттиради. Тўртта кичик юлдузлар эса мамлакатда турли хил ижтимоий қатламлар мавжудлигини билдиради.
Буюк Британия иттифоқ байроғи, шунингдек, Юнион Жек деб танилган давлат рамзи учта байроқни ўзида мужассамлаштирган — Англиянинг Авлиё Жорж хочи, Шотландиянинг Авлиё Андрей хочи ва Ирландиянинг Авлиё Патрик хочи.
Жанубий Африка 1994 йил мамлакатда демократия ўрнатилганидан сўнг янги давлат бирлиги ва хилма-хиллигини ифодаловчи байроққа асос солиш ҳақида қарор қабул қилинди. Байроқ ўзида Африк миллий конгресси ранглари (сариқ, яшил ва қора) билан Юнион Жек гибридини акс эттиради
Австралияда 1901 йили давлат байроғи таъсис этилганида мамлакат Британия империяси таркибига киришини англатиш учун Юнион Жек қўшилган. Кўк фон мустамлака халқлар байроқларининг умумий мавзуси саналади. Олти қиррали юлдузлар Австралиядаги олтита штатни акс эттиради.
Шимолий Корея байроғида қизил ранг ва юлдуз давлат мафкурасини англатади. Оқ чизиқлар покликни билдиради, ҳаворанг чизиқлар эса тинчлик рамзи ҳисобланади.
Ливан байроғи тепа ва пастки қисмда икки қизил чизиққа эга бўлиб, улар озодлик учун тўкилган қонни англатади. Оқ ранг тинчлик ва тоғ чўққиларидаги қорни, яшил кедр дарахти эса абадий ҳаёт рамзини билдиради.
Ҳиндистон байроғининг ранги ҳинд дини турфа хиллигини англатади. Оловранг жасорат тимсоли бўлиб, ҳиндлар ва буддистлар учун муҳим ранг саналади. Оқ поклик, яшил ранг эса иймон ва унумдорлик рамзи саналади. Марказдаги айлана қадимий Ашока Чакра тимсоли бўлиб, у Қонун ғилдираги деб ҳам номланади.
Бразилия байроғидаги 27 юлдуз мамлакат штатларини акс эттиради ва тунги осмонда юлдузлар қай тариқа жойлашган бўлса, айнан шундай схемада тузилган. Яшил ранг ўрмонни, сариқ мамлакат олмос заҳираларини англатади.
Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) байроғига 1971 йилда асос солинган бўлиб, ундаги оқ ранг тинчлик ва ҳалолликни англатади, қора эса душманларни қўрқитиш мақсадида, қизил ранг эса жасорат ва баҳодирлик, яшил ранг эса умид ва оптимистликни билдиради.
Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи 1991 йил 18 ноябрда қабул қилинган бўлиб, у халқаро муносабатларда Ўзбекистон Республикасининг тимсоли ҳисобланади. Байроқдаги тўқ мовий ранг мангу осмон ва обиҳаёт рамзи бўлиб, бу — яхшиликни, донишмандликни, ҳалолликни, шон-шуҳрат ва садоқатни билдиради. Амир Темур давлати байроғининг ранги ҳам мовий рангда эди.
Оқ ранг – муқаддас тинчлик рамзи бўлиб, поклик, беғуборлик, софлик, ички гўзалликка интилишнинг тимсоли.
Яшил ранг – табиатнинг янгиланиш рамзи.
Қизил чизиқлар эса томиримизда жўшиб оқаётган аждодлар қони — ҳаётий қудрат, барқарорлик ва бардавомлик нишонасидир.
Навқирон ярим ой тасвири бизнинг тарихий анъаналаримиз билан боғлиқ бўлиб, у қўлга киритилган мустақиллигимиз рамзи саналади.
Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғидаги 12 юлдуз тасвири ҳам тарихий анъаналаримиз, қадимги йилномамизга бевосита алоқадор. Ўн икки юлдузга бўлган эътибор Ватанимиз сарҳадидаги қадимги давлатлар илмий тафаккурида “Нужум илми” тараққий этганлиги билан изоҳланади.

Г. Қурбонова Хадичаи Кубро аёл-қизлар
ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*