ДУНЁ ВА ОХИРАТ ЯХШИЛИГИНИ СЎРАШ ДУОЛАРИ

رَبَّنَا آتِنَا فِي الدُّنْيَا حَسَنَةً وَفِي الآخِرَةِ حَسَنَةً وَقِنَا عَذَابَ النَّارِ.
“Роббанаа аатинаа фид дунйаа ҳасана, ва фил аахироти ҳасанатав-ва қинаа азаабан наар”.
Дуо маъноси: “Парвардигоро, бизларга бу дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшилик ато эт, бизни жаҳаннам азобидан сақла!”
Бу дуо Қуръони каримнинг “Бақара” сураси, 201-оятида келган. Унда Аллоҳни кўп зикр қилиш, У Зотдан дунё ва охират яхшиликларини сўраш ўргатилган.
Бу барча яхшиликларни жамлаган дуодир. Мужоҳид: “Одамлар: “Парвардигоро, бизга ризқ-рўз бер, нусрат бер”, деб дуо қилиб, охиратлари учун ҳеч нарса сўрамасдилар. Шунда мана шу оят нозил бўлган”, деган (Ибн Жарир, Абд ибн Ҳумайд ривояти).
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Роббанаа аатинаа фид дунйаа ҳасана, ва фил аахироти ҳасанатав-ва қинаа азаабан наар”, деб кўп дуо қилардилар (Бухорий, Муслим, Абу Довуд ривояти).
Ривоят қилинишича, Пайғамбар алайҳиссалом “Ё Аллоҳ, агар мени охиратда жазолайдиган бўлсанг, жазойимни мана шу дунёда бер”, деб дуо қилаётган одамни кўриб қолиб: “Субҳаналлоҳ! У ҳолда ҳечам тоқат қилолмайсан. Сен (бунинг ўрнига): “Парвардигоро, бизларга бу дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшилик ато эт, бизни жаҳаннам азобидан сақла!” деб дуо қилсанг бўлмайдими?!” дедилар. Ҳалиги киши (ўргатилганидек) дуо қилганди, Аллоҳ унга шифо берди (Бухорий, Муслим, Термизий, Насоий, Аҳмад ривояти).
Ривоят қилинишича, Собит Анас ибн Моликка: “Биродарларинг ҳақларига дуо қилишингни сўрашяпти?” деганида, у: “Парвардигоро, бизларга бу дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшилик ато эт, бизни жаҳаннам азобидан сақла!” деди. Собит яна дуо сўради. Анас: “Мен сизларга қийин қилиб қўйишни истамайман. Агар Аллоҳ сизларга дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшилик ато этиб, жаҳаннам азобидан сақласа, демак, барча яхшиликни берибди”, деди (Бухорий ривояти).

اللَّهُمَّ إِنَّا نَسْأَلُكَ مِنْ خَيْرِ مَا سَأَلَكَ مِنْهُ نَبِيُّكَ مُحَمَّدٌ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَنَعُوذُ بِكَ مِنْ شَرِّ مَا اسْتَعَاذَ مِنْهُ نَبِيُّكَ مُحَمَّدٌ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَأَنْتَ الْمُسْتَعَانُ وَعَلَيْكَ الْبَلاَغُ وَلاَ حَوْلَ وَلاَ قُوَّةَ إِلاَّ بِاللهِ.
Дуо ўқилиши: “Аллоҳумма иннаа насъалука мин хойри маа саъалака минҳу набийюка муҳаммадун соллаллоҳу алайҳи ва саллам, ва наувзу бика мин шарри маста-ъааза минҳу набийюка муҳаммадун соллаллоҳу алайҳи ва саллам, ва антал муста-ъаан, ва ъалайкал балаағ, ва лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллааҳ”.
Дуо маъноси: “Ё Аллоҳ, Сендан Пайғамбаринг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўраган яхши нарсаларни сўраймиз. Сендан Пайғамбаринг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам паноҳ тилаган ёмонликлардан паноҳ тилаймиз. Сен ёрдам сўралувчисан, комиллик (ёки кифоя қилиш) Сенга хос. Аллоҳдан ўзгада куч-қувват йўқдир!”
Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жуда кўп сўзлар билан дуо қилдилар. Уларнинг кўпини ёдлаб ололмадик. (Шунинг учун:) “Эй Расулуллоҳ, сиз жуда кўп сўзлар билан дуо қилдингиз. Улардан кўпи хотирамизда қолмади”, деганимизда, у зот: “Мана шуларнинг ҳаммасини жамловчи дуони ўргатайми?” Сен: “Аллоҳумма иннаа насъалука мин хойри маа саъалака минҳу набийюка муҳаммадун соллаллоҳу алайҳи ва саллам, ва наувзу бика мин шарри маста-ъааза минҳу набийюка муҳаммадун соллаллоҳу алайҳи ва саллам, ва антал муста-ъаан, ва ъалайкал балаағ, ва лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллааҳ”, деб дуо қил”, дедилар” (Термизий ривояти. Ривоят санади заиф).
Имом Шавконий: “Бу дуодан кўра жамловчироғи, манфаатлироғи йўқ. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан жуда кўп саҳиҳ дуолар нақл қилинган. У зот паноҳ сўраш керак бўлган барча нарсадан паноҳ сўраганлар. Пайғамбар алайҳиссалом Аллоҳдан сўрамаган дунё ва охират яхшилиги қолмаган. У зот Аллоҳдан паноҳ сўрамаган дунё ва охират ёмонлиги қолмаган. Ким Аллоҳ азза ва жалладан Набий алайҳиссалом сўраган нарсаларнинг энг яхшисини сўраса, у зот паноҳ тилаган нарсалардан паноҳ тиласа, бошқа дуоларга ҳожат қолмайди”, деган (Муборакфурий, “Туҳфатул аҳвазий”).

اللَّهُمَّ إِنِّي أَسْأَلُكَ مِنْ الْخَيْرِ كُلِّهِ عَاجِلِهِ وَآجِلِهِ مَا عَلِمْتُ مِنْهُ وَمَا لَمْ أَعْلَمْ اللَّهُمَّ إِنِّي أَسْأَلُكَ مِنْ خَيْرِ مَا سَأَلَكَ عَبْدُكَ وَنَبِيُّكَ مُحَمَّدٌ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَأَعُوذُ بِكَ مِنْ شَرِّ مَا عَاذَ مِنْهُ عَبْدُكَ وَنَبِيُّكَ اللَّهُمَّ إِنِّي أَسْأَلُكَ الْجَنَّةَ وَمَا قَرَّبَ إِلَيْهَا مِنْ قَوْلٍ أَوْ عَمَلٍ وَأَسْأَلُكَ أَنْ تَجْعَلَ كُلَّ قَضَاءٍ تَقْضِيهِ لِي خَيْرًا.
Дуо ўқилиши: “Аллоҳумма инний асъалука минал хойри куллиҳий: ъаажилиҳий ва аажилиҳ, маа ъалимту минҳу ва маа лам аълам. Аллоҳумма инний асъалука мин хойри маа са-алака ъабдука ва набийюка муҳаммадун соллаллоҳу алайҳи ва саллам, ва аувзу бика мин шарри маа ъааза минҳу ъабдука ва набийюк. Аллоҳумма инний асъалукал жанната ва маа қорроба илайҳаа мин қовлин ав ъамал, ва асъалука ан тажъала кулла қозоин тақзийҳи лий хойро”.
Дуо маъноси: “Ё Аллоҳ, мен Сендан ҳар бир яхшиликни: унинг тез келадиганини ҳам, секин келадиганини ҳам, улардан ўзим биладиганимни ҳам, билмайдиганимни ҳам сўрайман! Ё Аллоҳ, Сендан банданг, Пайғамбаринг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўраган яхшиликларни сўрайман. Сендан банданг, Пайғамбаринг (Муҳаммад алайҳиссалом) паноҳ тилаган ёмонликлардан паноҳ тилайман! Ё Аллоҳ, Сендан жаннатни, унга яқинлаштирувчи сўзни, амални, менга тақдир қиладиганинг ҳар бир нарсани мен учун хайрли этишингни сўрайман!”
Ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Оиша розияллоҳу анҳо онамизга мана шу дуони ўргатганлар (Аҳмад ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).

 

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта
махсус ислом таълим муассасаси
ахборот-ресурс маркази раҳбари
М. Саиджалолова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*