РЎЗҒОР ТУТИШ ОДОБЛАРИ

Жамиятнинг келажаги порлоқ, катта имкониятларга эга бўлиши учун, аввало, унинг ажралмас негизи – оилаларнинг маънан соғломлиги талаб қилинади. Бу эса қуйидаги шартларга риоя қилинишига боғлиқ:

1. Оиланинг бир-бирига муносиб одамлардан ташкил
топиши.

2. Эр-хотин орасидаги ўзаро ҳурмат ва тотувлик.

3. Эркак киши ўзининг оила устуни экани ҳамда раҳбарлик масъулиятини ҳис этиши ва бунга амал қилиб яшаши.

4. Аёл кишининг оила ички ҳолатларига масъуллиги.

5. Ота-она фарзандларининг риоясини қилиб, уларга адолатли бўлишлари.

6. Фарзандларнинг ота-оналарига яхшилик қилишлари. Ана шу шартларга риоя қилинса, оилада соғлом муҳит вужудга келиб, тарбия топаётган фарзандлар одоб-ахлоқли, эл-юртга хизмат қиладиган инсонлар бўлиб вояга етадилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ,
муфтий Усмонхон Алимов
“Оилада фарзанд тарбияси” китобидан

Урф-одатларимизга кўра, тўйдан кейин келин-куёв уйини алоҳида қилиш учун бир сидра рўзғор анжомлари олиб берилади, моддий ёрдам кўрсатилади, ота-она ёшларга фотиҳа беради. Энди ёш келин-куёв мустақил оилада яшай бошлайди. Буёғига улар турли синовлардан ўтадилар, турмушнинг аччиқ-чучугини бирга тотадилар. Бу синов анча муддат чўзилиши мумкин. Шундан кейин эр-хотиннинг бир-бирига ишончи туғилади. Бироқ синов жараёнида сабр-қаноатсиз ёшлар оқсаб қолади. Уларга сал-пал қийинчилик ҳам ёмон таъсир қилади. Шундай пайтда ота-она ҳам маънавий, ҳам моддий ёрдам бериб, қўллаб-қувватлаб туришгани яхши. Зеро, мустақил оила униб-ўсишида ота-онанинг, маҳалла-кўйнинг ўрни катта.
Оила қуриш, ота-она бўлиш – оддий иш эмас. Оила бошқаришга, рўзғор тутишга йигит ҳам, қиз ҳам тайёрланиши, қурилган оилани қадрлай билиши керак.
Оилабоп эркак, рўзғорбоп аёл онадан тайёр ҳолда туғилмайди. Бу нарса тарбия жараёнида пишиб етилади. Шунинг учун ёшларни мустақил ҳаётга ўргатиб борилади, зарур сабоқлар берилади.
Ўғил бола – бўлажак куёв, оила бошлиғи. Хўш, унинг вазифаси нималардан иборат?
Энг аввало, йигит оила қуришга тайёр бўлсин. Қолаверса, жисмонан соғлом, бардам-бақувват бўлиши билан бирга, қўлида ҳунари бўлсин, ўқимишли, билимли, одоб-ахлоқли, меҳнаткаш бўлсин. Чунки бутун бошли оила тизгини айнан унинг қўлида бўлади. Оила бошлиғи меҳнатсевар, уқувли, ишбилармон, топиш-тутиши яхши бўлса, фаровон яшайди, ўғил-қизларни тарбиялаш, кийинтириш, едириб-ичириш бир оз осон кечади. Уқувсиз, топиш-тутишининг тайини йўқ, бебурд одамнинг оиласи ночор ҳолда бўлади. Бундай эркак доим руҳи тушган, ғарибсифат ҳолда юради. Оиладан орттириб, тенгқурларига ўхшаб бирон кўзлаган мақсадига етолмайди, ғам-ташвишга ботади.
Шунинг учун эркак киши оила қурганидан кейин қуйидаги уч нарсани уддалаши талаб этилади:
1. Оилани моддий жиҳатдан таъминлаш.
2. Оила маънавий эҳтиёжларини қондириш.
3. Фарзанд тарбиясини яхши йўлга қўйиш.
Оилани моддий тарафдан таъминлаш учун меҳнат қилиш, топиш-тутишни билиш, оила бюджетини режалаштириш зарур. Шунингдек, оилада кирим-чиқимларни ҳисоблаб, нимани харид қилиш лозимлиги аниқлаб олинади. Айрим хонадонларда мана шу нарса йўлга қўйилмагани учун эр-хотиннинг топгани оила эҳтиёжларини таъминлашга ҳам етмайди. Натижада ота-онасига ёки қариндош-уруғига ортиқча “юк” бўлади, бировга орқа қилиб яшайди. Йўқ деганда, қарзга ботади, маънавий юкни бўйнига ортмоқлаб олади.
Топган-тутганини меъёрида, тежаб-тергаб сарфлаш, бозор-ўчар, савдо-сотиқ қилишни билиш эркак киши учун жуда муҳим. Пул топса-ю, сарфлашни билмаса, бозор қилишга нўноқ бўлса, бундай йигитнинг иши юришмайди, оилани тебратиши қийин кечади. Шунинг учун йигит киши савдо илмини болалигидан ўрганиб, кўзини пишитиб боргани маъқул.
“Бекорчидан Худо безор” дейди халқимиз. Эркак киши оила аъзоларини фойдали меҳнат билан шуғулланишга, қўшимча даромад келтиришга жалб этиши зарур. Ҳаммани ўзига яраша меҳнат билан таъминлаш, унинг устидан адолат билан назорат қилиб туриш эркакнинг вазифасига киради.
Оила маънавий эҳтиёжи, бу – оила аъзолари тенг ҳуқуқлилиги, каттани катта, кичикни кичик деб ҳурматини жойига қўйиш, оиланинг маҳалла-кўйдаги обрўйини, номусини сақлаш. Бунинг учун оила аъзоларини тўғрисўз, ҳалол-пок, меҳнатсевар қилиб тарбияланади, оилада чақимчилик, ёлғончилик чиқишига йўл қўйилмайди, маҳаллага аралашишга, одамлар билан борди-келди қилишга чақирилади.
Қиз бола бўлажак она, мустақил оила бекаси. Унинг вазифаси нима?
Қиз боланинг бўйи чўзилиб, кўзга кўрина борган сари, бир томондан ота-онанинг қувончи ортса, бошқа томондан ташвиши кўпаяди. “Қизим бахтли бўлармикин, таг-тугли оилага тушиб, қўшгани билан қўша қариб, ували-жували бўлиб кетармикин” деган ўй ота-онани безовта қилади. Масаланинг мураккаблиги шундаки, қиз бола бегона кишилар орасига келин бўлиб тушади. Қиз борадиган хонадон оила аъзолари қандай одамлар, феъли, рўзғор тутишлари қандай? Қиз ўсиб-унган хонадондаги ҳаёт тарзи у ердагига мос келса-ку, нур устига нур. Кескин фарқ қилса-чи? Бундай шароитга мослаша олмаган қиз нима қилади? Йўл битта – шу оилага мослашиб, улар билан тил топишиб, борган жойида туп қўйиб палак ёзиши керак. Бошқа йўл йўқ. Акс ҳолда, ота-она хонадонига кўзида ёш билан тугун-терсагини кўтариб қайтиб боришга тўғри келади…
Қиз боланинг уқувсизлиги, турмушидан тинчимаслиги ота-она пешонаси шўрлиги, юзи шувитлиги, бахтиқаролигидир. Бунинг ўзига яраша сабаблари бор.
Айрим ота-оналар қизларига рўзғор тутишни, саранжом-саришталикни ўргатиш ўрнига ҳар хил сеп, кўрпа-тўшак, бошқа қимматбаҳо нарсалар йиғиш билан овора бўлади. Халқимизда “Сепли бўлгунча эпли бўлсин” деган мақол бор. Қиз боланинг эпли бўлгани, рўзғор тутишни билиши ҳар қандай сарподан, латта-путтадан яхши эмасми?! Агар келин пазанда, ширин таомлар устаси бўлса, эпчил, қўл-оёғи чаққон, тикиш-бичишни биладиган, саранжом-саришта бўлса, қандай яхши?! Бундай аёл эрини бахтли қилади, борган жойида тиниб-тинчийди, униб-ўсади.
Қиз бола турмушга чиқдими, унинг дилида “Бир ёстиққа бош қўйганим билан қўша қарийин” деган мақсад бўлиши керак. Ҳеч бир қизга келинлик либосини иккинчи марта кийиш лозим бўлмасин, деб тилак билдирилади. Чунки иккинчи турмуш – синган идиш. Уни ямаган билан ҳар қанча мустаҳкам бўлса-да, барибир чандиғи қолади.
Кўча-кўйда ўзига оро берадиган, аммо рўзғор тутишга эътиборсиз айрим аёллар уйига кирсангиз, кўнглингиз беҳузур бўлиб кетади. Бундай хонадондаги уй анжомлари тартибсиз жойлашганини кўриб ачиниб кетади киши: жиҳозлар чанг босган, артиб тозаланмаган, ҳамма нарса дидсиз, эътиборсиз ташлаб қўйилган…
Баъзи тадбирсиз аёллар ҳадеб гўштли таомларга куч беради, овқатлар турини кўпайтириб, алмаштириб бормайди. Бундай қилиш гўшт маҳсулотларини ҳаддан ортиқ ишлатиш билан исрофгарчиликка олиб борса, иккинчи томондан нуқул гўштли овқат еявериш оила аъзолари меъдасига тегади, инсон соғлиғига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Пазанда тадбиркор аёл овқат тайёрланадиган хонага оила аъзолари таъбига қараб овқатлар рўйхатини илиб қўяди, ҳафтада бир-икки кун гўштсиз, сутли, қатиқли овқат тайёрлайди. Шунда ҳам пул тежалади, ҳам соғлиққа фойда бўлади.
Хуллас, мустақил оила остонасида турган ҳар бир йигит-қиз рўзғор тутишни яхши ўзлаштирса, оиласи тинч, кўнгли хотиржам, иши унумли бўлади.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта
махсус ислом таълим муассасаси
ахборот-ресурс маркази раҳбари
М. Саиджалолова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*