АЛДАГАНИ БОЛА ЯХШИМИ?

Динимизда ёлғон гапиришдан қайтарилган. Агар бирон кимса алдашда давом этаверса, илоҳий даргоҳда “каззоб” деб ёзиб қўйилиши таъкидланган.
Шундай кишилар бор, улар ёши катталар билан муомала қилганда рост гапирадилар, лекин ўзлари билиб-билмай болаларни алдайдилар. Чунки болаларни алдашга жуда енгил қарайдилар. Аслида катталарга ёлғон гапириш қандай гуноҳ бўлса, болаларни алдаганда ҳам худди шундай гуноҳ ёзилади.
Абдуллоҳ ибн Омирдан ривоят қилинади: бир куни онам мени чақирдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйимизда ўтиргандилар. Онам:
– Бери кел, сенга манавини бераман! – дедилар. Шунда Расулуллоҳ сўрадилар:
– Унга бермоқчи эмасдинг-а?
– Мен унга хурмо бераман.
– Агар (хурмо) бермаганингда, сенга бир марта алдаганлик (гуноҳи) ёзиларди (Имом Абу Довуд ривоят қилган).
Кимда-ким болага бирон нарса беришни ваъда қилиб, кейин сўзининг устидан чиқмаса, ёлғончи бўлади, гуноҳларни ёзиб турувчи фаришта унинг номаи аъмолига бир марта алдаганлик гуноҳини битиб қўяди. Зеро, ёш болага берилган ваъда катта одамга берилган ваъда билан баравар. “Ёш бола-ку, билиб ўтирибдими”, “Эсидан чиқиб кетади”, деб ўйлаш нотўғри.
Ишга ёки бирон жойга кетаётиб фарзандига ваъда берган ота-она уйга қайтаётганида берган ваъдаси устидан чиқсин. Зеро, “Сенга зўр нарса опкеламан”, дея уйдан чиқиб кетган ота ёки она жигарбанди олдига қуруқ қўл билан қайтиб келиши унинг ёлғончилигига кифоя қилади. Агар бирон нарса олиб беролмайдиган бўлса, ваъда ҳам бермасин. Сўз бердими, гапида турсин.
Пайғамбар алайҳиссалом шундай деганлар: “Кимда-ким бир болага: “Кел, (манавини) ол”, деса-ю, кейин унга (ҳеч нарса) бермаса, ана ўша ёлғончиликдир” (Имом Аҳмад ривоят қилган).
Болаларни алдаш оқибатида улар секин-аста ёлғончиликка ўрганиб боради. Қолаверса, ота-она фарзандини алдайверса, боланинг уларга бўлган ишончи сўнади. Бориб-бориб ота-она ўз боласи олдида субутсиз одамга айланади. Шундан кейин ота-онанинг фарзандига сўзиям ўтмайди. Бунга ўзлари сабабчи. Суяксиз тилдан чиққан ёлғон сўзлар, қуруқ ваъдалар оқибатида мурғак қалб соҳибларининг ота-оналарига ишончи қолмайди.
Ота-она фарзандига: “Тўғри юр”, “Ёлғон гапирма”, “Бировнинг ҳақидан қўрқ”, деб насиҳат қилиб туриб, ўзи алдаса, фарзанди кўз ўнгида ёлғон гапирса, оғиздан чиқаётган насиҳат ҳавога кетади, қилинган ваъзнинг фойдаси бўлмайди. Чунки бола қулоғи билан эшитган гапга эмас, кўзи билан кўрганига кўпроқ ишонади.
Бир кишини кўчада биров чақирибди. Ўғил уйга кириб, отасини кимдир чақираётганини айтибди. Ота ўғлига тайинлабди:
– Адам уйда йўла, дигин.
Қалбига гард юқмаган фарзанд чиқиб айтибди:
– Адам айтяптила, уйда ҳич ким йўғакан!…
Баъзи ота-оналар фарзандлари одобсизлигидан хуноб бўладилар, тўғри йўлга сололмаётганларидан шикоят қиладилар. Аслида илгари фарзанд тарбиясига панжа ортидан қарашгани, алдашни, сўкишни, бировнинг ҳақидан ҳазар қилмасликни уларга ўзлари сингдириб боришгани эсларидан чиқиб қолади. Вақт ўтганидан кейин афсусланишдан наф йўқ. Қийшиқ ўсган дарахтни тўғрилаб бўлмайди. Унинг ўсишига навдалигидаёқ эътибор бериш керак. Агар боғбон (ота-она) ниҳолни яхши парвариш қилса, дарахт тўғри ўсади.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта
махсус ислом таълим муассасаси
ахборот-ресурс маркази раҳбари
М. Саиджалолова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*