Буни биласизми?

  Ҳаётимизда жуда ҳам кўп фойдаланадиган, лекин маъноси нима экани ҳақида ўйлаб кўрмаган сўзларимиз  жуда ҳам кўп. Қуйида поклик ва намозга доир баъзи сўзларнинг луғавий ва истилоҳий маънолари баён қилинади.

Поклик араб тилида “таҳорат” дейилади. Аммо бизда асосан намоз ўқиш учун бажариладиган, арабча “вузу” деб аталадиган покланиш амалини “таҳорат” дейиш одат бўлиб қолган. “Вузу” сўзи луғатда “гўзаллик” ва “ялтираш” деган маъноларни билдиради. Шариатда эса Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш нияти ила баъзи аъзоларни ювишга айтилади. Исломда поклик иймондан ҳисобланади. Ибодатларнинг қабул бўлиши учун инсоннинг бутун танаси, кийим-боши ва ҳатто ибодат жойи ҳам пок бўлиши шарт.

“Масҳ” сўзи луғатда қўлни бирор нарсанинг устидан силаб ўтказишни англатади. Шаръий истилоҳда эса сув билан ҳўлланган қўлни махсус оёқ кийимининг махсус жойидан махсус замонда силаб ўтказишга айтилади.  Махсига масҳ тортиш таҳорат пайтидаги икки оёқни ювишнинг ўрнига ўтади. Қўлнинг ҳўли сув идишидан ёки бирор аъзони ювгандан қолган сувдан бўлиши мумкин. Аммо масҳ тортгандан қолган ҳўллик бўлса мумкин эмас. Бошнинг тўртдан бир қисмига масҳ тортиш фарз, барчасига масҳ тортиш суннат амал ҳисобланади.

“Мисвок” сўзи араб тилидаги “саввака” сўзидан олинган бўлиб, “тозаламоқ”, “ишқаламоқ” деган маънони англатади. Истилоҳда эса арок номли бутанинг учи юмшатилган новдаларидан тишни тозалаш учун тайёрланадиган нарсага айтилади.

 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: Агар умматимга машаққат бўлмасин демаганимда, уларни ҳар таҳоратда мисвок қилишга амр этар эдим”, дедилар”.     Имом Молик ва Бухорий ривоят қилишган.

“Ғусл” сўзи луғатда бирор нарсанинг устидан сув оқизишни англатади. Шариатда эса Аллоҳ таолога қурбат ниятида баданнинг ҳаммасига сув оқизишга “ғусл” дейилади. Фарзлари: Оғизни чайиш, бурунни чайиш ва баданнинг барча ерини ювиш. Фарз бажарилмаса, унга боғлиқ амал ҳам қилинмаган ҳисобланади. Худди шунингдек, ғуслнинг фарзларидан бири бажарилмаса ҳам ғусл қилинган ҳисобланмайди.

“Таяммум” сўзи луғатда “қасд қилиш” маъносини билдиради. Шариатда эса Аллоҳга қурбат ниятида покловчи тупроқ моддасини махсус сифат ила икки қўл ҳамда юзга суртиш таяммумдир.

       “Азон” луғатда “билдириш” деган маънони англатади. Шариатда эса фарз намознинг вақтини махсус сўзлар ила билдиришга айтилади. Фақат фарз ва жума намозларига вақтида азон айтиш суннат амаллардан ҳисобланади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллҳу алайҳи васаллам: “Имом зоминдир, муаззин омонат эгасидир. Аллоҳим! Имомларни иршод қил, муаззинларни мағфират қил”, дедилар”.

    “Аврат” сўзи луғатда “нуқсон”, “айб” деган маъноларни билдиради. Шариатда эса беркитилиши вожиб ва назар солиш ҳаром бўлган нарса авратдир. Эркак кишининг аврати киндиги остидан то икки тиззасининг остигачадир. Тиззанинг ўзи ҳам аврат ҳисобланади. Аёл кишининг номаҳрам кишиларга нисбатан аврати юзи ва икки кафтидан бошқа бутун баданидир. Шунингдек, кийим юпқа, баданга ёпишган ва тор бўлмаслиги зарур. Мўмина аёл қасддан ёки бепарволик билан аврат аъзоларини кўрсатиб юриши мутлақо мумкин эмас. Лекин қуйидагиларга кўрсатсалар, майли.

1.Эрлари. Эр аёл танасининг ҳамма жойини кўришга ҳақлидир.

2.Оталари. Ота ва бошқа маҳрамларига юзини, қўлини, оёғини ва уй ичида очиб юришга мажбур бўладиган баъзи аъзоларини кўрсатсалар, гуноҳи йўқ.

3.Эрларининг оталари.

4.Ўғиллари.

5.Эрларининг ўғиллари. Яъни эрларининг бошқа хотинидан бўлган ўғиллари.

  1. Ака-укалари. Бунда туғишган ака-укалар, ота бир ака-укалар ва она бир ака-укалар ҳаммаси баробардирлар.
  2. Ака-укаларининг ўғиллари.

8.Опа-сингилларининг ўғиллари. Яна амакилар, тоғалар ва куёвлар ҳам маҳрам ҳисобланадилар.

 Қуйидагиларга маҳрам ҳисобланмасалар ҳам, мўмина аёл авратини кўрсатса бўлади:

  1. 1. Аёллар. Аёл киши бошқа аёлларга киндигидан тиззасигача бўлган жойларини кўрсатмаслиги керак.
  2. Аёллар авратининг фарқига бормайдиган ёш болалар.

“Қибла” луғатда “қаршида, рўпарада турган нарса” дегани. Намозда Каъбаи Муаззама намозхоннинг юзланадиган томонида бўлгани учун “қибла” дейилади.

“Ният” сўзи “қасд қилиш” деган маънони билдиради. Шариатда қалбнинг Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш учун ибодатни адо этишга азм-у қарор қилиши ниятдир. Ибодатлар одатий ишлардан ният билан фарқланади. Нафл ва суннат намозларга умуман намоз ўқишни ният қилса етарли. Лекин, фарз ва вожиб намозларни қай  бирини ўқиётганини тайин қилиши шарт. Масалан “Аср намозини” дейди. Ўқилаётган намознинг ракатлари сонини айтиш шарт эмас, чунки фарз ва вожиб намозларнинг қай бири неча ракатлиги маълум. Яна ниятни тили билан айтса яхши, айтмаса ҳам жоиз ҳисобланади.

“Таҳрима” намозни бошлашда айтиладиган такбирдир. Уни “такбири таҳрима”, яъни “ҳаром қилувчи такбир” дейиш одат бўлиб қолган, чунки намоз ўқишни ният қилиб, “Аллоҳу акбар!” деб такбир айтиш билан намоз ўқувчига ушбу такбир айтишдан олдин ҳалол бўлган ишлар ҳаром бўлади.  Такбири таҳримада Аллоҳни буюкловчи бирор лафзни айтиш фарз, айнан “Аллоҳу акбар” лафзини айтиш вожиб, қўлни такбир айтиш учун кўтариш эса суннат амаллардандир.

“Қиём” сўзи араб тилидан олинган бўлиб, “тик туриш” деган маънони англатади. Қиём намознинг фарзларидан ҳисобланади. Усиз намоз адо этилмаган ҳисобланади. Нафл намозларда эса қиём фарз эмас. Фарз намозларда ҳам беморлик сабабли ўтириб ўқиса бўлади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бемор одамга: “Тик туриб ўқи. Агар қодир бўлмасанг, ўтириб, (бунга ҳам ) қодир бўлмасанг, ёнбошлаб ўқи”, деганлар. Поезд ва самолётда намоз ўқилганида ҳам иложи борича тик туриб ўқиш лозим.

“Рукуъ”  луғатда “эгилиш” деган манони билдиради.  Шариатда эса бош ва бел билан қўли тиззасига етгунча энгашишга айтилади. Рукуънинг энг ози икки кафтнинг тиззаларга етишидир. Мукамммал рукуъ эса тиззаларни чангаллаб ушлаган ҳолда  бел ва бўйинни тўғрилаб, текис бўлишини таъминлашдан иборатдир.

“Сажда” сўзи луғатда “бўйсуниш”, “ҳокисорлик”, “ўзини паст олиш” ва “майл” деган маъноларни англатади. Шариатда намозхоннинг очиқ пешона ва бурнини ерга қўйиши саждадир.

“Зам қилиш” дегани “ортидан қўшиш” деган маънони билдиради. Бу ибора намозда Фотиҳа сураси қироати ортидан яна бир сура ёки баъзи оятларни ўқишга ишлатилади.

“Қаъдайи аввал” икки ракатдан кўп бўлган намозларда иккинчи ракатда ўтиришдир. Бу амал вожиб ҳисобланади. Ким уни тарк қилса, саҳв саждасини қилиши лозим.

“Қунут” луғатда “дуо” ва “тазарру” деган маънони англатади. Шариатда эса намозда рукуъдан олдин туриб, Аллоҳ таолога илтижо қилиб, ёмонликни даф қилиш ёки яхшиликни жалб қилишни сўрашдир. Ҳанафий мазҳаби бўйича, витр намозида қунут диоси ўқилади.  Намозхон витр наммозининг учинчи ракатида қироатни тамом қилганидан сўнг намозни бошлашдагига ўхшатиб такбир айтиб, икки қўлини кўтаради. Сўнгра қўлларини киндиги остига қўяди (аёллар эса одатдагидек кўксига ) қўяди ва қунут дуосини ўқиб, кейин рукуъга кетади. Ҳанафий мазҳабига кўра бомдодда қунут ўқилмайди.

“Нафл” сўзи луғатда “зиёда” деган маънони англатади. Шариатда фарз, вожиб ва суннат бўлмаган фазилатли амални “нафл” дейилади. Нафл намозларга қуйидагилар киради: таҳийяти масжид, шуруқ, зуҳо, истиҳора, тасбеҳлар намози, ҳожат намози, тавба намози, аввабин намози, таҳажжуд намози ва бошқалар.

“Таровеҳ” сўзи “роҳат-истироҳат” деган маънони англатади. Чунки мазкур намоз истироҳат ҳисобланади, ҳар тўрт ракатни ўқиб бўлгандан кейин дам олинади. Пайғамбаримиз алаҳиссалом бу ҳақида шундай деганлар: “Ким Рамазонда иймон ва савоб умиди билан қоим бўлса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, деганлар.

 

4 −КУРС ТАЛАБАСИ  МУҲАММАДОДИЛОВА ИСЛОМА

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*