ЮСУФ СУРАСИНИНГ НОЗИЛ БЎЛИШИ ВА ЎЗИГА ХОС ЖИҲАТЛАРИ

Уламоларимизнинг таъкидлашларича, бу сураи карима Ҳуд сурасидан кейин нозил бўлган.
Ҳуд сураси қандай оғир вазиятда, Ислом ва мусулмонлар учун нақадар нозик, ҳассос ва қийин пайтда нозил бўлгани маълум. Мушрикларнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у кишига эргашган оз сонли мусулмонларга тазйиқлари ниҳоятда кучайган бир пайт эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга энг яқин ва суянчиқ бўлиб турган зотлар Абу Толиб ва Биби Хадича онамиз бирин-кетин вафот этиб, бандалардан келаётган сўнгги кўмаклар ҳам битган, мусибат ортидан мусибат келаверган, ўша йил мусулмонлар учун «хафалик йили»га айланган бир пайт. Мусулмонларнинг нажот истаб, Аллоҳнинг Ўзига илтижо қилишдан бошқа чораси қолмаган пайт. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам, қийноқда сиқилиб қолган мусулмонлар ҳам бир оғиз бўлса-да, далдага муҳтож пайт эди. Ана шу ҳолатда ҳақиқий ёрдамчи бўлмиш Аллоҳ таолонинг Ўзидан далда келди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ва мўмин-мусулмонларга бундан-да қаттиқроқ мусибатларга йўлиққан, синовларнинг ҳар турлисига учраган бир банданинг–Пайғамбар Юсуф алайҳиссаломнинг қиссалари келди. Бу қисса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам, мусулмонларга ҳам улкан тасалли ва буюк дарс эди.
Шу билан бирга, бошқа маккий суралар каби бу сура ҳам ақида масалалари, Аллоҳнинг қудрати, Ислом даъвати ҳақида сўз юритади, иймон йўлида тинмай ҳаракат қилиш, бу йўлдаги турли тўсиқларга бардош бериш лозимлиги ва бошқа масалалар қисса давомида муолажа қилинади.
Юсуф сураси битта қиссани аввалидан охиригача, бошқа нарсаларни аралаштирмай ҳикоя қилган ягона сурадир. Юсуф алайҳиссаломнинг исмлари бу сурадан бошқа яна бир жойда зикр қилинади, холос. Бу сураи каримада бошқаларидан фарқли ўлароқ, кўпроқ оилавий муносабатлардаги салбий ўринларга, ҳукмрон доиралар ичидаги ихтилофларга, уларнинг атрофидагиларнинг ҳолатларига эътибор берилган. Диний-маънавий тарбия бўлмагани туфайли бой-зодагон оилаларнинг баъзи аъзолари «тўқликка шўхлик» қилишларидан намуналар келтирилган.
Улуғ Пайғамбарлар–Иброҳим, Исҳоқ ва Яъқуб алайҳиссаломларнинг сулоласи бўлмиш ёш ва гўзал йигит Юсуф ўз акаларининг фитнасига учрайди. Акалари уни оталари Яъқуб алайҳиссаломдан қизғаниб, йўқотмоқчи бўладилар, маслаҳатлашиб, Юсуфни қудуққа ташлайдилар ва оталарига келиб: «Биз мусобақа қилиб, ўйнаб кетиб қолибмиз, Юсуфни бўри еб қўйибди», дерлар. Юсуф эса, ночор ҳолда қудуқда ўтирибди. Лекин у келажакда эришадиган олий мартабалари учун синов кунларини ўтамоқда, баъзи тажрибаларни бошидан кечирмоқда, холос. Ҳамма ишни ҳикмат ила қиладиган Аллоҳ уни қутқазиш йўлини ҳам Ўзи яхши билади. Ана, йўловчилар сув олиб келиш учун сувчиларини қудуқ томон йўлладилар. Биттасини челагини сувга ташламоқчи эди, қараса, қудуқ ичида чиройли бир йигит ўтирибди. Уни қудуқдан чиқариб олишди ва қул қилиб сотишди. Ҳа, улкан Пайғамбарларнинг фарзанди аржуманини, бўлажак Пайғамбарни қул қилиб сотишди. Баҳосига унча қизиқишмади ҳам. Ё Аллоҳ, бу нақадар даҳшат! Лекин ҳаким сифатли зот ҳамма ишни ҳикмат ила амалга оширади. Юсуфни ҳозирча қул бўлиб сотилишининг ҳам ҳикмати бор, бу иш келажакда илоҳий ироданинг юзага чиқиши сари бир поғонадир.
Уни сотиб олган одам оддий эмас, Мисрдек катта юртнинг Азиз лақабли бош вазири бўлган бир кишиси. У одам Юсуфдаги одоб, ахлоқ, олийжаноблик, юқори савиядаги тарбия ва бошқа хуш хулқларни кўриб, ёқтириб қолди. Аҳли байтига, бунга яхши қаранглар, эҳтимол ўғил қилиб олармиз, деб тайинлади. Аллоҳ таоло Ўз тадбири ила Юсуфни қудуқдан ва қулликдан қутқариб, Миср Азизининг қасрига, қароргоҳига олиб келди ва уни алоҳида эътиборга сазовор этди. Аммо бу ерда ҳам Юсуфни имтиҳон, ниҳоятда катта имтиҳон–фитна кутар эди. Бойлик, айшу ишрат, ҳою ҳавас ичида яшаб ўрганган Азизнинг хотини ёш ва гўзал Юсуфга ошиқ бўлиб қолди. Ошиқ бўлганда ҳам ашаддий ошиқ бўлди. Бирдан-бир нияти Юсуфга эришиш бўлиб қолди. Тўқликка шўхлик, деб шуни айтадилар-да. Лекин тарбия кўрган комил бир эркак бўлиш билан бирга Роббидан қўрқишни-да ўрнига қўядиган, ҳаромдан ҳазар қиладиган Юсуф бу имтиҳон-синовдан ҳам муваффақиятли ўтди. Азизнинг хотинининг ҳаром хоҳиши амалга ошишига восита бўлмади. Балки ундан, унинг сиймосидаги хиёнатдан, фоҳиша ишдан, ҳаромдан қочди. Лекин бу ҳолда ҳам яна туҳматга учради. Яна синов, яна имтиҳон, яна мусибат ва яна кулфат. Уларнинг бу ҳолатлари устига кириб қолган эрини кўриши биланоқ хотин Юсуфга туҳмат тошларини ота бошлади. «У сенинг аҳлингга тажовуз қилмоқчи бўлди, уни ҳибсга сол ёки аламли азоб бер!», дея даъво қилди. Лекин даъвони исбот қилиш керак эди. Текшириш жараёнида ашёвий далиллар хотиннинг зиддига, Юсуфнинг фойдасига бўлиб чиқди. Эр хотинининг макр қилганини тушунди. Хотинларнинг макри зўр эканини яна бир бор англаб етди.
Бўлиб ўтган воқеа ҳақида шаҳар аёллари ўртасида турли миш-мишлар тарқалди. Улар Азизнинг хотинини маломат қила бошладилар. Бу миш-мишларни эшитган Азизнинг хотини сергап аёллардан қасос олмоқчи бўлди. Уларни зиёфатга чақирди. Ҳаммаларига таом улашиб, қўлларига биттадан пичоқ берди. Юсуфга уларнинг олдига чиқишни буюрди. Юсуф уларнинг ҳузурига чиққанда, меҳмон аёллар унинг ҳуснига маҳлиё бўлиб қолишди, таомни кесаман деб қўлларини кесавердилар ва: «Бу башар эмас, малак экан-ку!», дейишди. Юсуфнинг ошиқлари кўпайди. Энди аввалгидан ҳам каттароқ балога, синовга, имтиҳонга йўлиқди. Охири Аллоҳ ҳаром қилган йўлга юришдан кўра ҳибсда ўтиришни афзал кўрди. Қамоқ ҳам унинг учун синов, имтиҳон ва келажакка тайёргарлик босқичи бўлди. У ерда ҳам Аллоҳнинг динига даъват қилишни давом эттирди. Қамоқдагилар унинг фазли, илми, ахлоқ-одобини кўриб, ундан ҳатто тушларининг таъбирини сўрайдиган бўлдилар. Аллоҳ берган илм асосида тушга таъбир айтар экан, Юсуф даъват ишларини ҳам олиб борди. Ва келажакда бўладиган ишлар эҳтиётини қилиб, нажот топиб, чиқиши умид этилган кишига гап тайинлади. Бир қанча муддат ўтиб, худди кутганидек бўлиб чиқди. Қамоқдан туши ўнгидан келиб чиққан одам подшоҳнинг тушини таъбир қилиш қийинлашиб қолганда Юсуф эсига тушди ва подшоҳга уни эслатди. Қамоқдан чиққан Юсуфнинг таъбири, илми, тадбиркорлиги подшоҳга ёқиб қолди ва уни ўзига вазир қилиб олди.
Асосий имтиҳон ва синов энди бошланди. Ўлдириш учун қудуққа ташланган, қул қилиб сотилган, туҳматга учраб қамалган Юсуф алайҳиссалом Мисрдек катта юртга вазир бўлди. Вазир бўлганда ҳам энг қийин вақтда–бир неча йил очарчилик ҳукм суриб, одамларни озиқ-овқат билан таъминлаш оғирлашган ва бошқа нозик ишларни амалга ошириш зарурати туғилган вақтда бўлди.
Очарчилик фақатгина Мисрга кирмаган эди. Лекин бошқа юртларда, жумладан, Юсуф алайҳиссаломнинг она юртларида ҳам ўз ҳукмини ўтказарди. Шунинг учун ҳам Юсуф алайҳиссаломнинг акалари Мисрдаги муваффақиятли иқтисодий ҳолатдан хабар топиб, нажот излаб келдилар. Вазирга таҳсинлар айтиб, ёрдам сўрашди. Лекин улар бу вазир ўзлари бир пайтлар қудуққа ташлаган укалари Юсуф эканини билмадилар. Юсуф алайҳиссалом эса, уларни дарҳол таниди ва яхши муомалада бўлди. Янаги сафар келишларида уйда қолган укаларини ҳам бирга олиб келсалар, бир туя қўшимча озиқ-овқат олиб кетишлари мумкинлигини айтдир. Акалари қайтиб бориб, оталари Яъқуб алайҳиссаломга бўлган ҳодисаларни гапириб бердилар ва кичик укаларини келгуси сафар қўшиб беришини сўрадилар. Аммо фарзанд доғи ҳамон қалбини ўртаётган ота, Юсуфни сизга ишониб топшириб панд еганман, энди укасини ҳам сўрайсизларми, деди. Узоқ тортишувлардан кейин аҳду паймон олиб, кичик ўғлини ҳам акаларига қўшиб берди. Миср вазири–Юсуф алайҳиссалом тадбир ишлатиб, укасини ўзи билан бирга олиб қолди. Яъқуб алайҳиссаломнинг дардига дард қўшилди. Лекин бу вақтинчалик эди. Олдиндаги катта хурсанчиликка «дебоча» эди.
Ниҳоят Юсуф алайҳиссалом ўзининг ким эканлигини ошкор қилди. Акаларига ота-оналарини ҳам олиб келишни тайинлади. Шундай бўлди ҳам. Ҳаммалари–ота-она ва ўн бир ўғил Миср вазири Юсуф алайҳиссалом ҳузурига кириб, эҳтиромларини билдирдилар. У зотнинг ёшликда кўрган тушлари ўнгидан келди.
Қиссанинг сўнгида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилинади.
Юсуф алайҳиссалом қиссасининг мухтасар баёни шундан иборат. Бу қиссада хаёлий гаплар йўқ, лирик чекинишлар ҳам, ўқувчиларни қизиқтириш учун тўқилган ёлғонлар ҳам йўқ. Бу Аллоҳнинг ваҳий қилиб юборган Қуръони. Бу қиссани ўқиш ҳам, эшитиш ҳам ибодат. Бошидан охиригача ибрат, ваъз-насиҳатдир.

Юсуфнинг акалари уни ўлдирмоқчи бўлишди. Лекин у
ўлмади.
Бир йўла унинг изини қуритмоқчи бўлишди. Аммо унинг
шаъну обрўси кўтарилиб кетди.
Уни қул қилиб сотиб юборишди. Лекин у подшоҳ бўлди.
Отасининг қалбидан унинг муҳаббатини буткул ўчириб
юбормоқчи бўлишди. Бироқ у янада зиёда бўлди.
Бандаларнинг тадбиру ҳийлаларидан хавотирга тушма.
Аллоҳнинг тадбири барчасидан устундир!
Сизга шундай умр берсин~ки, ҳар нафасингизда Аллоҳ билан бирга бўлинг…

Хадичаи Кубро Аёл-қизлар ўрта махсус таълим
Муассасасининг 4- курс талабаси Имомназарова Захрохон

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*