Мусо алайҳиссалом билан Хизр алайҳиссалом ўртасида бўлиб ўтган воқеа

Мусо алайҳиссалом билан Хизр алайҳиссалом ўртасида бўлиб ўтган воқеа

 

Имом Бухорий ҳазратлари айтадилар: “Бизга Ҳумайдий Суфёндан, у Амр ибн Дийнордан, у Саид ибн Жубайрдан ривоят қиладилар: “Мен Ибн Аббосга: “Навф ал-Биколий даъво қилишича, Хизрнинг соҳиби Мусо Бани Исроил қавмининг Мусоси эмас экан”, дедим. Шунда Ибн Аббос: “Аллоҳнинг душмани ёлғон айтибди. Бизга Убай ибн Каъб ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, Мусо Бани Исроил орасида мавъиза қилиб турарди. Ундан: “Одамлар ичида энг билимдони ким?” деб сўралди. У: “Мен”, деди. Шунда илмни Аллоҳга ҳавола қилмагани учун унга танбеҳ берди ва ваҳий қилиб: “Икки денгиз қўшиладиган жойда бир банда бор. У сендан илмлироқ”, деди. Мусо: “Эй Парвардигорим, мен уни қандай танийман?” деди. Аллоҳ: “Ўзинг билан бир балиқ оласан, уни бир халтага соласан, балиқни йўқотган жойингда уни топасан”, деди. Бас, Мусо бир балиқ олиб, уни халтага солди-да, йўлга тушди. У билан бир хизматкор – Юшаъ ибн Нун ҳам бирга йўлга чиқди. Улар бир қоя тош олдига келиб, дам олишди. Қаттиқ чарчаганидан ухлаб қолдилар. Шунда балиқ халтада қимирлай бошлади. Кейин ундан чиқиб, денгизга тушиб, ортидан из қолдирганча сузиб кетди. Балиқнинг сувга тушиб кетганини Юшаъ ибн Нун кўрди, аммо бу ҳодисани Мусога айтишни унутди.

Улар йўл юришда давом этдилар. Эртаси куни Мусо хизматкорига: “Тушлигимизни олиб кел, бу сафардан жуда чарчадик”, деди. Хизматкори унга: “Буни қаранг, биз кеча дам олган қоя тош олдида балиқ сувга тушиб кетган эди. Мен буни сизга айтишни унутибман. Буни шайтон ёдимдан чиқарди шекилли”, деди.

Бас, улар зудлик билан ортга қайтдилар. Қоя тош олдига келганларида, бир кишини кўришди. Мусо унга салом берди. Хизр саломга алик олди. Хизр: “Сен Мусомисан?”, деди. У: “Ҳа, Бани Исроил қавмининг Мусосиман. Мен олдингга сендан илм ўрганиш учун келдим”, деди. Шунда Хизр: “Мен билан ҳамроҳ бўлишга тоқат қилолмайсан! Эй Мусо, мен Аллоҳ тало таълим берган илм соҳибиман. Сен уни билмайсан. Сенга ҳам Аллоҳ таоло билдирган илм бор. Аммо уни мен билмайман” деди. Мусо: “Иншааллоҳ, мени сабрлилардан эканимни кўрасан. Мен сенга исён қилмайман”, деди. Хизр: “Агар бирга ҳамроҳ бўлсанг, бас, у ҳолда ўзим хабар бермагунимча мендан бирон нарса ҳақида сўрама!” деди.

Шундай қилиб, улар йўлга тушиб, бир кемага рўбарў бўлдилар. Кемадагилар Хизрни танишди ва бирон ҳақ олмасдан уларни кемага чиқаришди. Ҳамроҳлар кемага чиқиб олишгач, кутилмаганда Хизр болға билан кема тахталаридан бирини суғуриб олди. Шунда Мусо унга: “Улар сени бирон ҳақ олмасдан кемага чиқаришганди, сен бўлсанг уларга зарар келтирдинг, кемаларини тешиб қўйдинг. Мақсадинг уларни чўктиришми? Сен жуда ёмон иш қилдинг!” деди. Хизр унга: “Мен билан ҳамроҳ бўлишга тоқат қилолмайман, демаганмидим?!” деди. Мусо: “Узр, унутганим учун мени айблама ва мени машаққатга солма!” деди. Мусо ваъдасини унутиб қўйганди. Шу пайт бир чумчуқ келиб, кеманинг бир чеккасига қўниб, тумшуғини денгизга бир марта тиқиб олди. Шунда Хизр Мусога: “Шу чумчуқ (тумшуғида сув олиб) денгиздан қанча камайтирган бўлса, менинг ва сенинг илминг Аллоҳнинг илми олдида худди шу кабидир”, деди. Сўнгра иккиси кемадан тушиб, соҳил бўйида кетаётганларида, Хизр болалар билан ўйнаб юрган бир болани кўриб қолди ва уни ўлдирди. Шунда Мусо унга: “Бир бегуноҳ жонни ноҳақ ўлдирдинг-а! Дарҳақиқат, сен ёмон иш қилдинг!” деди. Хизр Мусога: “Мен билан ҳамроҳ бўлишга зинҳор тоқат қилолмайсан, демаганмидим?!” деди. Бу аввалгисидан қаттиқроқ эди. Мусо деди: “Агар яна бир марта сўрасам, мени ўзингга ҳамроҳ қилма!” Улар яна йўлга тушдилар. Бир шаҳарга келиб, одамлардан таом сўрадилар. Шаҳар аҳли уларни меҳмон қилишдан бош тортишди. Сўнг улар ўша жойда йиқилай деб турган бир деворни кўриб қолишди. Хизр дарҳол уни тиклаб қўйди. Мусо деди: “Агар хоҳласанг, бу ишинг учун ҳақ олишинг мумкин эди”. Хизр айтди: “Мана шу сен билан менинг ажралишимиздир. Энди мен сени сабр қилишга тоқатинг етмаган нарсаларнинг таъвилидан огоҳ қиламан”. Шундан сўнг Хизр қилган ишларининг таъвилини баён қилдилар. Биринчиси, кемани тешишга боис, ўша куни подшоҳнинг буйруғи чиққан эди. Буйруққа биноан ҳар бир бутун кемани давлат ихтиёрига олиниши лозим эди. Кемачининг эса шу кемадан бошка ризқу рўз топишга воситаси йўқ эди. Шунинг учун кемани тешиб, айбдор қилинди. Токи кема ўша камбағал одамнинг мулки бўлиб қолсин, подшоҳликка ўтмасин, тешик бўлса ҳам шу кемадан фойдаланиб бола-чақасини боқишга, оиласини тебратишга маблағ топиб турсин. Сиртдан қараганда зарарли нарса бўлиб кўринади, лекин аслида кемачи учун фойдали иш қилинган.

Ўлдирилган бола бўлса катта бўлганида кофир бўлиб, осий бўлиб, ота-онасига ор-номус келтирадиган, кулфат, мусибат келтирадиган бўлиши керак эди. Лекин Аллоҳ таоло уларга аҳли солиҳ бўлганлари учун бу келажакда безори бўладиган боланинг ўрнига яхши бола беришни ирода қилди ва бу болани кичиклигидаёқ ўлдириб қўйди. Кейин уларга яхши фарзандларни ато қилди.

Девор ҳодисасига келинганда эса деворнинг остида икки етим боланинг хазинаси кўмилган эди. Уларнинг отаси аҳли солиҳ бўлган эди. Шунинг ҳурматидан етим болалар вояга етгунича уларнинг хазинасига бегоналарнинг кўзи тушмаслигини ирода қилган Аллоҳ деворни бузиб, қайта уриб қўйишга амр килди».

Уламолар бу қиссадан жуда кўп ҳукм ва одоб қоидаларини ўрганишган. Қуйида уларнинг айримларини санаб ўтамиз.

  1. Инсон қанча кўп илмга эга бўлмасин, у янада кўпроқ илм олишга ҳаракат қилиши, ўз нафсидан ажабланиб қолмаслиги керак. Аллоҳ таоло бандаларга жуда кам илм берилганини айтган. Ўз навбатида, У зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга илм талаб қилишда камтар бўлиб, “Парвардигорим, менинг илмимни зиёда қилгин!” деб дуо қилишни ўргатган.
  2. Илм талабида сафар қилиш оқиллар сифатларидандир. Мусо алайҳиссалом улул азм пайғамбарлардан бўлишига қарамай, солиҳ банда билан учрашиш ва ундан илм олиш йўлида жуда кўп машаққат чекди. Илм олиш йўлидаги қатъиятини қуйидаги оят мисолида кўриш мумкин:

“Мусо хизматкорига: “То икки денгиз қўшиладиган ерга етмагунча ёки узоқ замонлар кезмагунча юришдан тўхтамайман”, деган пайтини эсланг”.

Қуртубий ҳазратлари ушбу оят тафсирида шундай дейди: “Бу ерда олимнинг илмини зиёда қилиш йўлида сафар қилиши, бу йўлда хизматкор ва дўстдан ёрдам сўраш, гарчи узоқда бўлсалар-да, фозиллар ва уламолар суҳбатини ғанимат билишга далолат қилинмоқда. Мана шу, салафи солиҳлар одати эди. Мана шу сабаб, илм йўлида сафар қилувчилар катта насибани қўлга киритишган, улкан муваффақият қозонишган. Улар илмда катта қадам ташлашган. Уларнинг мартабалари юксалган, ажр-мукофот қозонишган ва катта фазилат соҳибларига айланишган. Бухорийнинг айтишича, Жобир ибн Абдуллоҳ ҳадис эшитиш истагида Абдуллоҳ ибн Унайс олдига бир ой йўл юриб етиб борган”.

  1. Инсон ўз табиати тақазо қилган нарсалар ҳақида, жумладан, очлик, чанқоқлик, чарчаш ва унутиш кабилар ҳақида хабар бериши жоизлиги. Мусо алайҳиссалом хизматкор йигитга: “Нонуштамизни олиб кел, бу сафаримиздан қаттиқ чарчадик”, деганди. Хизматкор йигит эса унга: “Буни кўринг, биз қояга борган пайтимизда, мен балиқ денгизга тушиб кетганди. Бу воқеани сизга айтишни фақат шайтон ёдимдан чиқарди”, деди.

Бу жавобда, гарчи барча нарса Аллоҳ таолонинг қазои қадари билан бўлса ҳам, унутиш сабаби шайтонга нисбат берилмоқда.

  1. Илм икки хил бўлиши: биринчиси, инсон ўз ҳаракати ва таҳсили орқали эгаллайдиган илм (муктасаб илм). Иккинчиси, илми ладуний. Бу илмни Аллоҳ бандалари ичидан хоҳлаганига беради. Аллоҳ таоло Хизр ҳақида: “Биз унга Ўз даргоҳимиздан илм берган эдик”, деган. Илми ладуний хос илм бўлиб, Аллоҳ Ўзи истаган бандасига уни ато қилади, бу баъзи ғайб ишларни ўз ичига олади.
  2. Илм толиби муаллимига камтарин муносабатда бўлиши, унга энг мулойим иборалар билан хитоб қилиши лозим.
  3. Илм олувчи таълим жараёнида узрли ҳолатга тушиб қолса, олим буни тўғри қабул қилиши керак. Зеро, мутааллим билмагани сабаб, ҳақиқатга ва мантиққа зоҳиран тўғри келмайдигандек кўринган ишлар ортида нима ҳикмат борлигини билмайди. Ана шу нарсалар сабабини билиш мутааллимнинг сабрли бўлишга ёрдам беради.

Хизр Мусога: “Аниқки, мен билан бирга сабр қилишга ҳаргиз тоқат қилолмайсан. Зеро, ўзинг хабардор бўлмаган нарсага қандай сабр қиласан?” деди.

  1. Инсон бирон амални қилишга киришишидан аввал уни Аллоҳнинг хоҳишига боғлаши, ўзига боғлиқ эмаслигини ифодалаши кучли имон белгисидир. Мусо алайҳиссалом Хизрга: “Иншааллоҳ, мени сабр қилувчилардан эканимни биласан ва сенинг амрингга осийлик қилмайман”, деди. Шундай деганига қарамай, Мусо Хизрнинг зоҳиран ҳақиқатга хилофдек кўринган ишларига гувоҳи бўлгач, сабр қилиб туролмади.

Олим таълимни бошлашидан олдин толиб учун муайян шартларни қўйиши жоиз. Хизр Мусога шундай деганди: “Бас, агар менга эргашсанг, то ўзим сенга айтмагунимча бирон нарса ҳақида сўрама!”

  1. Зарари кичик ишларни қилиш билан ундан каттароқ зарарнинг олдини олиш жоизлиги. Кемани тешиб қўйиш, албатта зарарли иш. Лекин бу ўша юрт подшоси мискинлар кемаларини зулм билан тортиб олишидан кичикроқ зарардир. Бир ёш болани ўлдириш, албатта, ёмон иш. Аммо ўша бола тирик қоладиган бўлса, келажакда ундан ҳам хунукроқ ишлар содир бўлиши мумкин. Зеро, ўша бола ота-онасига зулм қилиб, уларни куфрга мажбурлаши эҳтимоли бор эди.

Шунингдек, бир инсон бошқа бир инсонга тегишли бўлган нарсаларни унинг изнисиз тасарруф этиши жоиз. Фақат шарти шуки, бу билан унга манфаат келтириш керак бўлади. Масалан, бир одам уйи ёнаётган бўлса, унинг изнисиз оловни ўчирилади. Бунда оловнинг зарари ундан кичикроқ бўлган зарар билан даф қилинади.

  1. Ҳукмларда сабр қилиш, ишларда саботли бўлиш, воқеа-ҳодисалар сабабини билишга ҳаракат қилиш, буларнинг барчаси тўғри ҳукм чиқариш, тўғри сўзлаш ва амал қилишга ёрдам беради.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ бизларга ва Мусога раҳм қилсин. Агар у сабр қилганида, ажойиб нарсаларни кўрарди”, деб нақадар рост айтганлар.

  1. Оқил солиҳларнинг одати Аллоҳ билан одоб ила муомалада бўлишдир. Чунончи, Хизр кемани тешишни ўзига нисбат берганди. Яъни, “Мен уни айбли қилишни хоҳладим”, деганди. Аммо икки ёш бола манфаати йўлида қилинган хайрли тадбирни Аллоҳга нисбат берган: “Бас, Парвардигоринг улар вояга етиб, Парвардигорингнинг раҳмат-марҳамати бўлмиш хазиналарини чиқариб олишларини ирода қилди”.
  2. Оталарнинг салоҳияти фарзандларга манфаат келтириши. Бунга Аллоҳ таолонинг: “Уларнинг оталари солиҳ эди…” деган сўзи далил бўлади.

Ибн Касир ушбу оят тафсирида шундай деган: “Бунда солиҳ кишининг зурриётлари ҳимоя қилиниши, унинг ибодати баракаси уларга дунё ва охиратда манфаат келтиришига, уларни шафоат қилишига, фарзандлари даражалари энг юксак поғоналарга кўтарилишини кўриб кўзи қувонишига далил бордир. Бу ҳақида Қуръон ва суннатда хабарлар ворид бўлган. Саид ибн Жубайр Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “У икки бола оталари салоҳияти сабабидан ҳимояландилар”.

  1. Киши ўз дўстига бирон ишни қилишга мажбур бўлганининг сабабини баён қилмагунича ажралмайди. Юқоридаги қиссада кўриб ўтдик, Хизр Мусо билан ажралишдан олдин ўзи қилган ишларнинг сабабларини санаб ўтди.

Бундан маълум бўладики, киши дўстига Аллоҳга маъсият бўлмайдиган ишларда ҳамроҳ бўлиши суҳбат давомий бўлишининг бош сабабидир. Бу билан уларнинг дўстлик ришталари кучли бўлади. Агар улар орасида тушунмовчилик, бир-бирига номувофиқлик бўлса, орадаги алоқа узоққа бормайди.

Агар мақсад ҳақни билиш бўлса, яхши ниятда қилинадиган муҳокама, мунозара, дўстлар орасидаги қалин муносабатларга таъсир кўрсатмайди. Аксинча, уни янада қувватлантиради. Аллоҳ таоло бизни пайғамбарлар хулқи ила хулқлантиришини, Қуръонни қалбимиз қувончи қилишини сўраймиз.

 

Хадичаи Кубро аёл-қизлар

 ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

Қутбиддинова М.

 

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*