ТАҚВИМЛАР ТАРИХИ ҲАҚИДА ҲАҚИҚАТЛАР

Ўзбек халқи ўзоқ йиллик тарихий анъаналарга эга. Неча минг йиллар аввал тақвимларнинг пайдо бўлиши ва уларнинг шу кунга қадар амал қилиб келиши унинг яққол мисолидир. Ўрта аср уламоларининг асрларида мазкур тақвимлар юзасида илмий мунозаралар ва таҳлиллар олиб борганликларини кўриш мумкин.
Ўрта асрнинг буюк алломаларидан бири Абу Райҳон Беруний “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” асарида бир нечта Туркистон ҳалқларининг тақвимлари юзасидан талайгина маълумотлар берилган. Улар орасида илк ислом даврига оид муҳим тарихий ҳодисаларни келтира туриб ҳижрий тақвим тарихини ёритиб ўтган. Беруний илк ислом давридаги давлатлараро ёзишмалар янги тақвимнинг бошланиши, уни алоҳида қайд этилиши ва бошланғич нуқтасини ойдинлаштиришга сабаб бўлди, деб келтиради. Муҳаммад (с.а.в.) ва халифа Умар ибн Хаттобнинг турли давлат ҳукмдорлари, қабила бошлиқлари ва халифанинг маҳаллий ноибларига жўнатилган мактублари ёки аксинча уларнинг Муҳаммад (с.а.в) ва халифа Умар ибн Хаттоб (р.а.)га жавоб тариқасидаги ёзишмаларининг санасини аниқлаш мақсадида янги тақвимга эҳтиёж туғилди. Турли тортишувлардан сўнг янги тақвимни ҳижрат қилинган кундан бошлашга ижмоъ қилинади . Сабаби айнан ҳижратнинг содир бўлган куни, ҳафтаси, ойи ва йили аниқ бўлган. Бундан олдинги воқеликларнинг санаси эса аниқ бўлмай, турли ихтилофларга сабаб бўлган.
Ҳижрий тақвим расман халифа Умар ибн Хаттоб (р.а.) давридан қўлланила бошланди. Бунга сабаб сифатида Беруний Маймун ибн Миҳрон (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадисни келтиради. Унга кўра, халифа Умар ибн Хаттоб (р.а.)га шаъбон ойида тўланишини лозим бўлган ўлпон хусусидаги халқаро келишувга оид молиявий ҳужжат келтирилади. Унинг санаси аниқ бўлмагани сабабли турли норозиликларга сабаб бўлган. Мазкур муаммоларни бартараф этиш мақсадида ҳижрий тақвим жорий этилади .
Беруний ўз асарида пайғамбарликни даъво қилган кишиларга доир маълумотларни ёрита туриб, ҳижрий ўнинчи йилда Муҳаммад (с.а.в.)га ўз элчиларини жўнатган Мусайлима ибн Ҳабибни асоссиз ташвиқот олиб борганини келтиради . Шунингдек, муаллиф улар ўртасидаги ўзаро ёзишма-мактубларни иқтибос сифатида келтиради .
Милодий тақвим ҳозирда дунё миқёсидаги умум тан олинган ва расмий қабул қилинган мезондир. Бу тақвим тарихда турлича номланган. Масалан, “милодий тақвим” (Исо алайҳиссаломнинг туғилганларидан сўнг бошлангани учун), “Овропа тақвими” (Овропадан ташаббус чиққани учун), “Юлий тақвими” (Юлий Цезар ташаббуси билан Қадимги Мисрдан олинган тақвим бўлгани учун), “Григорий тақвими” (Рим папаси Кригорий XIII мезон сифатида ундан фойдалангани учун), айрим адабиётларда бу тақвим номи аралаш ҳолатда ҳам келтирилади.
Аксар адабиётларда милодий тақвим Исо алайҳиссаломнинг туғилиши билан бошланган, деб келтирилади. Лекин қўлёзмалар тадқиқоти бу тақвимдан Исо пайғамбар туғилишларидан анча олдин, минг йилликлар аввал Шарқда инг қадимги қуёш йили сифатида Қадимги Мисрда фойдаланилганини кўриш мумкин. Абу Райҳон Беруний милодий йилни “Румий йил” деб атаган. Сабаби эса тақвим Қадимги Римда жорий этилгани ва унга асосий ташаббускор Юлий Цезар эканлигини таъкидлайди. Аллома милодий йил ойларини қўйидагича санаб ўтган: 1. Январиюс. 2. Фебририюс. 3. Мартиюс. 4. Афилиюс. 5. Моюс. 6. Юниюс. 7. Юлиюс. 8. Афғустус. 9. Сентембриюс. 10. Тембриюс. 11. Новомбриюс. 12. Домбриюс .
Бой маънавий-илмий ўтмишга эга бўлган тақвимлар тарихи ҳаётдаги энг муҳим воқеаларни саналарда мустаҳкамлаш, аниқ тарихий фактларни вужудга келтириш ҳамда улар асосида илмий муҳокамаларга сабаб бўлган. Маросим ва урфий байрамларимиз орасида мана шу тақвимлар асосида янги йилнинг кириб келишини ҳам нишонлаш кенг ўрин олган.

 

[1] Абу Райҳон Беруний. Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар // А.Расулов тарж. Танланган асарлар. –Ж.1. – Т.: Фан, 1968. –  Б.65.

[2] Маймун ибн Миҳрон – халифа Умар ибн Абдулазиз (717-720) даврида яшаган, Месопатамиядаги ҳирож бошқармасининг раиси.

[3] Абу Райҳон Беруний. Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар // А.Расулов тарж. Танланган асарлар. –Ж.1. – Т.: Фан, 1968.  – Б.66.

[4] Манбаларда сохта пайғамбарларга нисбатан “мутанаббий” ибораси ишлатилган.

[5] Абу Райҳон Беруний. Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар // А.Расулов тарж. Танланган асарлар. –Ж.1. – Т.: Фан, 1968. –  Б.245.

[6] М. Ҳакимов. Туркистон халқлари қўллаган тақвимлар. Электрон ресурс:  www.e-tarix.uz/jahon-tarixi/396-turkiston-xalqlari-taqvimi.

Нозима Комилжон қизи
Тарих фанлари бўйича
фалсафа доктори PhD

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*