ЭВАЗИ ЖАННАТДИР…

Ватан – инсон туғилган муқаддас замин бўлибгина қолмай, Ватан деганда, ота момоларимиз, авлод аждодларимиз ўтган, киндик қони тўкилган она ерни тушунамиз. Авлод аждодларини билган ва қадрлаган инсон учун улар яшаган макон жонажон ВАТАНдир. “Ватанни севиш иймондандир” деган ҳикматли сўз нақадар тўғри. Ватанга меҳр иймондан, иймонсиз одам Ватанини севмайди, сева олмайди. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинаи мунавварага ҳижрат қилиб борганларидан сўнг туғилиб ўсган ватанлари Маккаи мукаррамани эслаб: “Агар қавмим мени Маккадан чиқиб кетишга мажбур қилмаганида, ҳеч қачон ўз ихтиёрим билан уни ташлаб кетмаган бўлар эдим”, деганлар. Демак, ватанни севиш, туғилиб ўсган ердаги бор нарсаларни ардоқлаш, узоққа борилганда соғиниб яшаш ҳар бир виждонли кишида мавжуд бўлган нозик ҳис-туйғулардир.
Ватанни севиш ва қадрлаш, ғаразгўйлар нигоҳидан ҳимоя қилиш ҳар бир инсоннинг – у ким бўлишидан эркакми аёлми, ёшми қарими барчанинг бирдай шарафли вазифасидир. Тарихдан маълумки, халқнинг тинчлигини таъминлаш ва ҳудудларни ҳимоя қилишга ўша юртнинг ўғлонлари сафарбар этилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида ҳам бир жамоа кишилар сафарларда тунлари қўриқчилик қилиб чиққанлар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бирлари Абу Райҳона розияллоҳу анҳу шундай ривоят қиладилар: “Биз Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам билан бир ғазотда бирга эдик. Кеч кирди. Бир тепаликка чиқиб тўхтадик. Ҳаво совуқлиги туфайли, ҳар ким адирнинг пана-пасқам жойларига кириб дам ола бошлади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳолни кўргач, баланд овозда бизларга хитоб қилдилар: “Ким бизни бу кеча қўриқлаб чиқади? Агар ким бизга соқчилик қилса, уни ҳаққига дуо қиламан ва унинг баракотидан умрининг охиригача фазилатга эга бўлади”, дедилар. Ансорлар бир киши: “Мен Ё Расулаллоҳ”, деди. “Яқинроқ келиб, исмингни айт”, дедилар. У ансорий Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бориб исмини айтди. Шунда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам муборак қўлларини дуога очиб узоқдан узоқ дуо қилдилар. Абу Райҳона ҳам бу дуоларни эшитганларида ғайратлари жўшиб: “Эй Аллоҳнинг Расули яна бир киши бор”, дедилар. Шунда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кел буёққа, ким сан?” дедилар. Мен: “Мен Абу Райҳонаман”, дедим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам у ансорийнинг ҳаққига қилинган дуодан бўлакча бир сўзлар билан мени дуо қилдилар. Сўнгра айтдиларки: “Худодан қўрқиб йиғлаган кўзга ва туни билан Аллоҳ йўлида қўриқлаган кўзга дўзах олови ҳаром қилинади” (Имом Аҳмад ривояти).
Абу Атийя розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. “Бир куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга жаноза ўқиш учун маййит келтирилди. Умар розияллоҳу анҳу “Эй Расулуллоҳ, унга жаноза ўқиманг чунки у фожир одам эди”, дедилар. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга юзланиб сўрадилар: “Сизлардан бирортангиз бу мусулмоннинг хайрли ишини кўрганмисизлар?” Жамоат орасидан бир киши туриб деди: “Ҳа, Эй Расулуллоҳ, бир кеча чегарада у мен билан бирга Аллоҳ йўлида мусулмонларни душманлардан қўриқлаб чиққан эдик”. Шунда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ўша одам билан бирга маййитни қабрга қўйдилар. Уни атрофига муборак қўллари билан тупроқ сепиб маййитга қараб дедилар: “Албатта сени ҳамроҳларинг сени дўзахий деб ўйлаяптилар, аммо мен гувоҳлик бераманки, сен албатта жаннатийсан”. Расулуллоҳ ўринларидан туриб: “Эй Умар, сен одамлар вафот этганидан кейин уларнинг ёмон амалларини эслама, балки хайрли ишларини гапир”, дедилар. (Имом Табороний, Байҳақий, Табризий ривоятлари)
Юқоридаги ҳадислардан кўриниб турибдики, ватан ҳимояси йўлида қўриқчилик қилиш жуда ҳам шарафли ва савобли иш экан. Қўйида яна шу мазмунни қувватлаб келган ҳадисларни келтирамиз:
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам “Лайлатул Қадрдан ҳам афзал бир кеча борлигининг хабарини берайинми?! У шундай бир кечаки хавф-хатарли ерда ўзининг аҳлини, ватанини ҳимоялаш учун қўриқлайдиган қўриқбоннинг кечаси”, дедилар. (Бухорий, Насоий, Байҳақий, Ҳоким ривоятлари).
Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳим чегарада турган соқчиларни Ўз раҳматинга ол!”дедилар. (Ибн Можа, Ҳоким, Байҳақий, Доримий ривоятлари).
Салмон розияллоҳу анҳудан, “Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деётганларини эшитдим: “Ким Аллоҳ йўлида бир кеча ва кундуз чегара пойласа, унга бир ой кундузи рўза тутиб, кечаси ибодат қилгандек савоб ёзилади. Ким сарҳадни қўриқлаб турганда ҳалок бўлса, унга ҳам худди шундай ажру савоб мукофоти берилади ва барча фитналардан омонда бўлади”. (Аҳмад, Муслим, Насоий, Ибн Ҳиббон, Ҳоким ривоятлари).
Фазола ибн Убайд Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Ҳар бир ўлган кишининг амал дафтари ёпилади фақатгина Аллоҳ йўлида Ватанини душманлардан ҳимоя қилиб шаҳид бўлганнинг савоби қиёматга қадар ёзилиб борилаверади ва қабр азобидан омонда бўлади” (Абу Довуд ва Термизий ривояти).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деяётганлари эшитдим: “Икки кўз борки, уни дўзах куйдирмайди: 1. Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган кўз ва 2. Туни билан Аллоҳ йўлида соқчилик қилган кўз”, дедилар”. (Термизий ривояти)
Убода ибн Собит розияллоҳу анҳудан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир кун Аллоҳ йўлида Қуриқчилик қилиш, бир ой ёки бир йил кечалари қоим кундузлари соимлик даражасига тенг. Ким қуриқчилик қилиб туриб вафот этса, Аллоҳ уни қабр фитнасидан сақлайди ва унинг амал дафтари қиёмат кунигача давомли бўлади”, дедилар. (Муснадул Ҳорис)
Ҳамиша юртимиз тинч, осмоним мусаффо бўлишида кечани кеча демай, иссиқни иссиқ, совуқни совуқ демай хизмат қилаётган юртимиз ўғлонларини юртимизда кенг нишонланаётган ВАТАН ҲИМОЯЧИЛАРИ КУНИ билан табриклаймиз, уларга икки дунё саодатини тилаймиз.

Хадичаи Кубро аёл қизлар ўрта махсус ислом таълим

муассасаси ўқитувчиси Дилдора Махмудова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*