Businessman shaking hand with someone and he has a mask hidden behind him in his other hand on black background with clipping path.

Сиз қасам ичганмисиз?

Сиз қасам ичганмисиз? Бу саволга жавоб беришдан олдин, қасам ҳақида қисқача тўхталаб ўтсак. Қасам одатда бир ишни қилганини ёки қилмаганини суҳбатдошига қаттиқ таъкидлаб, уни ишонтириш учун ичилади. Ёки бир ишни келажакда албатта қилиши ёки қилмаслигини таъкидлаш учун ҳам ичилади. Бир ишни қилишга ичилган қасам фақат бир марта ўша ишни қилишига ишора қилади, аммо бир ишни қилмасликка ичилган қасам уни бутун умр қилмасликка ишора қилади.
Қасам ичувчи инсон аввало балоғатга етган, мусулмон киши бўлмоғи лозим. Қасам ичувчи албатта Аллоҳнинг исмларидан (Аллоҳ, Раҳмон, Роҳим, Ҳақ) ёки қасам ҳарфларидан (Валлаҳи, Таллоҳи, Биллаҳи) ёки Унинг сифатларидан (иззати, жалоли, кибриёси, азамати, қудрати) бирини зикр қилиши шарт. Бу қасам тури келажакка нисбатан ичилиб, у келажакка боғланган қасам дейилади.
Пайғамбар, Қуръони Карим, Каъба каби Аллоҳдан бошқа нарсалар билан ёки Унинг урфда бўлмаган сифатлари (раҳмати, илми, ризоси, ғазаби, аччиғи, азоби) билан қасам ичилмайди. Аллоҳдан бошқа нарса билан қасам ичиш фақатгина Аллоҳ таолога хос. Бу каби қасамлар қасам ўрнига ўтмайди.
Лекин зиммамда аҳд бор, қасам бор ёки назр бор дейишлик билан Аллоҳ номи зикр қилинмаса ҳам қасам бўлаверади.
Энди ўйлаб кўринг, сиз ҳақиқатдан ҳам қасам ичганмисиз? Ичган бўлсангиз унинг устидан чиққанмисиз? Агар у қасам бажарилмаган бўлса нима бўлади?
Сиз келажакка боғлаб Аллоҳ номи ёки сифатларидан бири ила қасам ичган бўлсангизу лекин уни бажара олмасангиз, ёки масиятга (ота-онам билан гаплашмайман каби) қасам ичган бўлсангиз уни бузишда сизга каффорат вожиб бўлади. Уни қасддан қиласизми, унитиб қиласизми ёки мажбур бўлганингизданми фарқи йўқ. Бузилган қасамнинг каффороти Аллоҳ таоло “…Бас унинг каффорати ўз аҳлингизни таомлантириш миқдорида ўнта мискинга таом ёки кийим бериш ёҳуд бир қул озод қилишдир. Ким топа олмаса, бас, уч кун рўза тутсин. Ана оўша, агар қасам ичган бўлсангиз, қасамингизнинг каффоратидир. Қасамларингизни муҳофаза қилинг…” (Моида сураси 89-оят) деб марҳамат қилганига биноан ўнта мискинни таомлантириш ёки кийинтириш (бир сидра кийинтириш, шалварнинг ўзи кифоя қилмайди) ёки бир қул озод қилишдир. Кўриниб турибди қасамхўр инсон булардан бирини танлаб, шуни бажариши мумкин. Аммо буларнинг ҳеч бирига қодир бўлмаса уч кун кетма-кет рўза тутиш ила каффоратини адо қилиши мумкин.
Яна шундай қасам тури борки унга каффорат тўланмайди, балки тавба қилинади. Бу ғомус (ёлғон) қасамдир. Ушбу қасам қасамлар ичида энг ёмонидир. Уни инсон ёлғонлигини билиб туриб, қасддан ичади ва у гуноҳи кабира қилган ҳисобланади. Бу ишни қилган киши қаттиқ тавба қилмоғи ва бошқа бу ишга қайтмаслиги лозим. Бу қасам ҳақида Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васалламдан кўплаб ҳадислар ривоят қилинган. Шулардан бири:
Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллалоҳу алайҳи васаллам: “Ким ёлғондан лозим қилувчи қасам ичса, ўзининг дўзахдаги ўриндиғига тайёрланаверсин” дедилар”. (Абу Довуд ривоят қилган)
Лекин киши билмасдан, шу гапни тўғрилигига ишонган ҳолда қасам ичса-ю, сўнгра ундай эмаслиги маълум бўлса, бу қасам беҳуда бўлади ва авф қилиниши умид қилинади.
Баъзи бир халқларда гап орасида Аллоҳ номи билан шунчаки қасам ичиш урф бўлган. Ҳа валлоҳи, йўқ валлоҳи деб айтаверадилар. Бу гаплар ҳам беҳуда қасамдир. Ва бу хусусда Аллоҳ таоло ўз ояти каримасида “Аллоҳ сизларни беҳуда қасамларингиз учун тутмас”. (Бақара сураси 225- оят) деб марҳамат қилган.
Халқ орасида қасам ичмаслик керак деган гап кўп эшитилади, лекин тўғри сўзга қасам ичиш гуноҳ эмас ва ундан қайтарилмаган. Ҳар бир мусулмон киши ўз гапини ўйлаб гапирмоғи ва агар қасам ичса унга эътиборли бўлиб, унинг устидан чиқмоғи лозим.

3 курс талабаси Кенжаева Ю.

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*