Сеҳр, фолбинлик, назар ҳамда уларни даволаш…

Сеҳр, фолбинлик, назар ҳамда уларни даволаш…
Туркум мақола – 1

Сеҳр, фолбинлик, назар…

Ислом дини ҳар бир мусулмонни бешикдан то қабргача илм олиш ҳамда жоҳилликдан сақланишга буюради. Қаерда илмсизлик юзага келса ана ўша жойда бадъат-у хурофотлар, ҳасад, ғийбат, мазҳабдан чиқиш, рибо, риё ва мусулмон кишини жаҳолат ботқоғига ботирувчи барча омиллар вужудга келаверади.
Назар, фолбинлик, сеҳргарлик, кўз тегиши ҳам албатта илмсизликнинг оқибатларидан биридир. Чунки ҳозирги аср мусулмонларининг айримлари бошларига тушган назар, сеҳр каби мусибатларга тўлақонли ишонмайдилар ёки ишонсалар ҳам унга қарши муолажани Қуръони Карим, махсус дуолар ёки бўлмасам тиббиётдан олмасдан турли хил қўштирноқ ичида айтиладиган “домлалар”, фолбинлар ва экстрасенсларга мурожаат қилиб бормоқдалар.
Шуни таъкидлаб ўтишимиз лозимки назар ва сеҳр бор нарсалар, уларнинг таъсири ҳам ҳақ. Бу ҳақида Қуръони каримда ҳам, ҳадиси шарифларда ҳам, уламоларнинг сўзларида ҳам кўплаб далиллар бор. Фол эса нубувватдан олдин тўғри бўлиши мумкин эди, нубувватдан сўнг эса фолбинларнинг келажак ҳақидаги башоратлари тамоман ботил бўлган бўлиб, қуруқ таҳмин ёки ёлғондан ортиқ нарса эмас. Содир бўлиб ўтган ишлар ҳақидаги хабарлари эса жин ёки шайтон воситасида ўрганилган хабардан бошқа нарса эмас.
Кўз тегиши ва жин чалиши масаласида ҳам авваллари умуман кўз кўриб, қулоқ эшитмаган, бир-биридан ваҳимали ва ҳайратланарли хабарлар кўпайгандан-кўпайди. Сўнги беш-ўн йил мобайнида баъзи одамларга кимлардир назар қилгани яна кимларгадир жин теккани, ўша касалликларни кимлардир ҳайдаб чиқараётгани ҳақидаги турли сўз ва миш-мишлар халқимиз оғзидан тушмай қолди.
Беморларни дардлардан ҳеч ким ҳатто Қуръон даволай олмаётганини шикоят қилаётганларни, қўштирноқ ичидаги “табиблар” эса турли ноанъанавий, шариатга зид йўллар билан “ҳалос қилаётганлари” ҳақидаги бўлар-бўлмас сўзларни эшитмаган одам қолмаган бўлмаса керак. Кимдир “ўткир” кўзлари, яна кимдир ўз “одамлари” орқали кишилар устида амалиёт ўтказгани, қанчадир миқдордаги пул эвазига инсонларни касал қилиб қўяётгани, баъзи бир “тақволи” инсонлар эса ҳатто фаришталарни ишга солиб, дардларга малҳам бўлаётгани, яна биров илгирлик билан ҳамма дардга шифо топаётгани, бошқа биров қамчи билан уриб даволаётгани ва ҳоказоларни айтиб, ҳаммани ҳайратда қолдирадиган бўлиб қолди. Сўзимизнинг исботи сифатида қуйидаги ҳақиқатга эътибор қаратамиз:
Interfax.ru сайтининг хабар беришича Моcква бош кардиологи Юрий Бузиашвили россияликларнинг ҳар йили фолбин ва экстрасенсларга 30 миллиард доллар пул сарфлаётганини маълум қилди. Унинг айтишича, россиялик шифокорлар тиббий хизматлар бозорида нафақат хориж билан, балки экстрасенслар билан ҳам рақобатлашишга мажбур бўлишмоқда. Россияликлар чет элда даволаниш учун йилига тахминан 17 миллиард доллар пул сарфлаётган бўлса, фолбин, коҳин ва сеҳргарларга салкам икки баробар кўп маблағ сарфлашади. Бош кардиологнинг фикрига кўра, бу ҳол Россияда тиббиётнинг ривожига халақит бермоқда. Россиялик шифокорлар бу улкан маблағнинг ҳеч бўлмаса 10 фоизини мазкур рақобатчилардан олиб, тиббиётга сарфлай олса, Россияда тиббиёт даражаси сезиларли даражада кўтарилади.
Бу маълумотлардан хабардор бўлган ҳар қандай мўмин инсон жиддий ташвишга тушмай иложи йўқ. Унчалик кўп бўлмаса-да, ушбу хабарда айтиб ўтилгани каби нохушликлар бизда йўқ дея олмаймиз. Шундай экан уларнинг олдини олиш барчамизнинг бурчимиз ҳисобланади.
Ушбу мақсадда халқимизни назар, сеҳр, фол очиш борасидаги илмини ошириш учун бу мавзуда туркум мақолалар ёзишга қарор қилдик. Кейинги мақолаларда бу мавзулар билан алоҳида-алоҳида чуқур танишиб чиқамиз иншааллоҳ.

Кейинги мақола: “Туркум мақола – 2. Сеҳр…”
Давоми бор…

Хадичаи Кубро ўрта махсус ислом таълим муассасаси

4 – босқич талабаси Рамазанова Мадина

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*