1 СЕҲР… – .:: Xadicha.uz

СЕҲР…

Туркум мақола – 2
СЕҲР…

Сеҳрнинг таърифи

Имом Азҳарий айтадилар:
السحر عمل تقرب فيه الى الشيطان و بمعونة منه.
“Сеҳр – шайтонга қурбат ҳосил қиладиган ва унинг ёрдами билан ҳосил бўладиган ишдир”.
Ваҳид ибн Абдуссалом Болий раҳимаҳуллоҳ эса:
“Сеҳр – сеҳргар баъзи ҳаром ва ширк ишларни қилиши эвазига шайтон уни қўллаб-қувватлаши, ёрдам бериши ва талаб қилган ишлари борасида итоат қилишига келишувдир”, – дейдилар.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда “Юнус” сураси, 77 – оятида марҳамат қилади:
قَالَ مُوسَىٰ أَتَقُولُونَ لِلْحَقِّ لَمَّا جَاءَكُمْ أَسِحْرٌ هَٰذَا وَلَا يُفْلِحُ السَّاحِرُونَ ً
“Мусо: «Сизга ҳақ келганда (шундай) дейсизларми?! Шу сеҳрми?! Сеҳргарлар нажот топмаслар», деди”.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифда марҳамат қиладилар:
عن عمران بن حصين رضي الله عنه قال: “قال رسول الله صلى الله عليه و سلم: “ليس منا من تطير أو تطير له أو تكهن أو تكهن له أو سحر أو سحر له. و من أتى كاهنا فصدقه بما يقول فقد كفر بما أنزل على محمد صلى الله عليه و سلم”.”
Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуш учириб фол очган ёки у учун қуш учириб фол очилган, коҳинлик қилган ёки у учун коҳинлик қилинган, сеҳр қилган ёки у учун сеҳр қилинган киши биздан эмас. Ким коҳинга борса ва айтадиган гапини тасдиқласа, батаҳқиқ, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган нарсага кофир бўлибди”, – дедилар”. Имом Ҳайсамий ва Имом Баззор ривояти.
عن أبي سعيد الخدري رضي الله عنه أن رسول الله صلى الله عليه و سلم قال: “لا يدخل الجنة صاحب خمس: مدمن خمر، و لا مؤمن بسحر، و لا قاطع رحم و لا كاهن و لا منان”.”
Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар: “Жаннатга беш сифат соҳиби кирмайди: хамрга муккасидан кетган, сеҳрга иймон келтирган, раҳмни (қариндошликни) узган, коҳин (фолбин) ва миннатчи”.
Имом Аҳмад ривояти.
Имом Қуртубий раҳимаҳуллоҳ айтадилар:
“Аҳли сунна вал жамоа уламолари сеҳр собитлиги ва унинг ҳақиқати мавжуд эканлигини собит қилдилар”.
Имом Хаттобий раҳимаҳуллоҳ айтадилар:
“Табиий фанлар олимларидан бир қанчалари сеҳр борлигини инкор қилдилар ва ҳақиқатини ботилга чиқардилар. Уларга жавоб эса – сеҳр собит ва унинг ҳақиқати мавжуддир. Умматнинг аксари – араб, форс, ҳинд ва румнинг баъзилари бунга иттифоқ қилдилар. Ва ўшалар ер аҳолисининг энг афзали ва илм ҳамда ҳикмат жиҳатидан энг олимларидир. Бу ҳақида ояти карималар ҳам, ҳадиси шарифлар ҳам ворид бўлганки, уларни динни инкор қилган инсонгина инкор қилади”.
Шунингдек, сеҳрнинг собит эканлиги ва унинг ҳақиқати борлиги ҳақида тўртала мазҳаб имомлари, аллома Фахриддин ар-Розий, Имом Алусий, Имом Мозирий, Имом Нававий, Имом Ибн Қудома, Имом Абу Муҳаммад Мақдисий, Аллома ибн Қаййим, Абу Изз ал-Ҳанафий ва бошқалар раҳимаҳумуллоҳ сўзлар айтганлар.

Сеҳргар шайтонга қурбат ҳосил қилиши учун баъзи ишлар
Аввало, шуни айтиб ўтиш лозимки, сеҳргар сеҳр қила олиши, қилган сеҳри таъсир қилиши учун ҳаром ишлар қилиши керак бўлади. Усиз унинг сеҳри таъсир қилмайди. Чунки ёмон сеҳр фақатгина шайтон ёрдами ила қилинади. Ҳатто, сеҳр таъсир қилишининг шартларидан бири инсон диндан муртад бўлиши. Ҳамда муртадлигида қанча ғулув кетса, шайтон унга шунча итоатли бўлади, сеҳри ҳам шу қадар кучли бўлади.
Сеҳргарлар шайтонга қурбат ҳосил қилиш учун бир қанча тур амаллар бажаришади. Улар гуноҳи кабиралардан тортиб, куфр ва унда ғулувга кетишгача боради. Қуйида биз улардан баъзиларини санаб ўтамиз: сеҳргарлардан баъзилари Қуръони каримни оёқ кийимини ичига солиб олиб, босиб юришади, у билан хожатхонага киришади. Улардан баъзилари ояти карималарни нажосат билан, ҳайз қони билан ёзишади, баъзилари қадамини остига ёзиб олиб, босиб юришади, қасддан таҳоратсиз намоз ўқишади, доим жунуб ҳолатда юришади, шайтонга атаб, унинг номи ила қурбонликлар қилишади ва шайтон белгилаб берган жойга жонлиқни олиб бориб қўйишади, баъзилари юлдузлар билан суҳбатлашади уларга ибодат қилишади ва шу кабилар.
Булардан аён бўладики, шайтон, жин ҳеч қачон ўз-ўзидан сеҳргарга ёрдам бермайди, шайтон мутакаббирларнинг мутакаббири, у ўз ўзидан бир кишига келиб итоат қилиб олмайди, балки бир муқобил шарт эвазига ёрдам беради, итоат қилади. Сеҳргар куфрида қанча чуқур кетса, шайтон унга шунча итоаткор, амрини тез бажарадиган бўлади. Агарда сеҳргар шайтонга итоат қилмай қўйса, шайтон ҳам унга итоат қилмай қўяди. Шайтон ва сеҳргар Аллоҳнинг маъсияти учун жамланган икки дўстдир.
Агар сеҳргарнинг юзига боқадиган бўлсангиз, унинг маъсиятлари ва куфри юзига уриб юборган, гуноҳнинг зулмати юзида билиниб турган бўлади. Унинг ҳаётида, оиласида ҳаловат, тинчлик, ҳотиржамлик бўлмайди. Батаҳқиқ, Аллоҳ таоло Қуръони каримда “То-ҳа” сурасининг 124 – ояти каримасида айтган сўзи ҳақки:
“و من أعرض عن ذكرى فان له معيشة ضنكا”
“Ким Менинг зикримдан юз ўгирса, албатта, унга тор ҳаёт бўлур…”.

Сеҳр ва сеҳргарнинг ҳукми

Муҳаммад Али Собуний “Роваиъ ал-Баён” китобида айтадилар:
“Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинади: “Агар сеҳргарнинг сеҳргарлиги аниқ билинадиган бўлса, қатл қилинади ва тавбаси қабул қилинмайди. “Мен сеҳрни тарк қиламан, тавба қиламан”, – деган сўзи ҳам қабул қилинмайди. Агар сеҳргарлиги собит бўлса, қони ҳалол бўлади. Шунингдек, мусулмон қулни ҳам ҳур зиммийни ҳам сеҳргарлиги собит бўлса, қони ҳалол бўлади”.
Бошқа учала мазҳаб имомларининг сўзларининг хулосасини қисқача келтирадиган бўлсак:
Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳнинг сўзларига кўра эса кофир бўлмайди ва қасддан сеҳр билан кимнидир ўлдирсагина қасос ўлароқ қатл қилинади.
Имом Молик раҳимаҳуллоҳнинг сўзларига кўра сеҳргар кофир бўлади, мусулмон сеҳргар қатл қилинади, аҳли китоб сеҳргар эса йўқ.
Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳнинг сўзларига кўра кофир бўлади, қатли ҳақида икки ривоят бор. Аҳли китоб сеҳргар мусулмонларга зарар етказса, қатл қилинади”.

Сеҳрни таълим олиш

Муҳаммад Али Собуний “Роваиъ ал-Баён” китобида зикр қиладилар:
“Жумҳур уламолар сеҳрни таълим олиш ҳаром деганлар, чунки Қуръони каримда уни ёмонлаш ўрнида зикр қилинган ҳамда уни куфр эканлиги очиқ айтилган, шундай экан, у қандай ҳалол бўлсин? Шунингдек, саҳиҳ ҳадисда ривоят қилинганидек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни ҳалок қилувчи етти нарса қатори зикр қилганлар:
“اجتنبوا السبع الموبقات”. قالوا فما هن يا رسول الله؟ قال: “الشرك بالله و السحر و قتل النفس التي حرم الله الا بالحق و اكل الربا و اكل مال اليتيم و التولي يوم الزحف و قذف المحصنات الغافلات المؤمنات”.
“Ҳалок қилувчи етти нарсадан четланинг”. “Улар нима ё Расулуллоҳ”, – дедилар. “Аллоҳга ширк қилиш, сеҳр, Аллоҳ ҳаром қилган нафсни қатл қилиш илло фақатгина ҳақ билан, рибо ейиш, етим молини ейиш, тиқилинч кунида қочиш, ғофила, муҳсона, мўминаларни қазф қилиш”.
Имом Бухорий ривояти.

Имом Алусий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Баъзи уламолар: Сеҳрни таълим олиш муфтийгагина вожиб. Чунки у билан сеҳр билан қатл қилинган ва сеҳр билан қатл қилинмаганлигини ажрата олиши керак. Шунга кўра қасос вожиблиги ё эмаслигига фатво беради”, – дедилар”.

 

Хадичаи Кубро ўрта махсус ислом таълим муассасаси

4 – босқич талабаси Рамазанова Мадина

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*