Боланинг ҳақлари

Фарзанд Аллоҳ таолонинг бандаларига берган сон-саноқсиз неъматлари ичида энг улуғ, энг азизи бўлиб, унинг қадрига етиб Аллоҳ таолонинг бу ширин неъматига шукр қилмоқлик ҳар бир мўмин банданинг бурчидир. Шукр ҳам икки турли бўлиб : маънавий ва моддийга бўлинади. Маънавийси – Неъмат берувчига тил ва дил тасдиғи билан бўлса, амалийси – неъматни Неъмат берувчи рози бўладиган ҳолда тасарруф этишдир. Шундай экан, бизни фарзанд неъмати билан неъматлантирган Аллоҳ таолога ҳамду-санолар айтиб, фарзанднинг ҳақларини адо этиб, уни Аллоҳга иймон келтирган , солиҳ фарзанд қилиб тарбиялаш барчамизнинг вазифамиздир.
Боланинг ҳақлари – бола туғилиши билан ота-онага юкланадиган вазифалардир. Улардан бири – янги туғилган чақалоққа маънодор ва чиройли исм қўйишдир. Ота-она фарзанди хоҳ қиз бўлсин, хоҳ ўғил бўлсин, албатта, исм қўйишга эътиборли бўлмоғи лозим. Чунки, исм болага бир умр йўлдош ҳисобланиб, бола вояга етиб, оқ-қорани таниганида ундан уялмаслиги керак. Балки, исми унга зийнат бўлиб, ундан фахрланиб, исмига муносиб бўлмоқликка интилмоғи лозим.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алйҳи васаллам ҳам исм қўйишга алоҳида эътибор берганлар. Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:
,,Албатта, қиёмат куни ўз исмларинингиз ва оталарингизнинг исмлари ила чақирилурсиз. Бас, исмларингизни гўзал қилинг. Абу Довуд ривоят қилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларига чиройли исм нафақат бу дунёда, балки, қиёматда ҳам манфаатли экани ҳақида сўз юритмоқдалар. Саҳобалар ҳам бу насиҳатларга амал қилган ҳолда фарзандларини Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб келар, у зот эса уларга гўзал исм қўйиб берар эдилар.
Янги туғилган болага чиройли исм қўйиш билан биргаликда унинг қулоғига азон ва такбир айтиш ҳам боланинг ҳаққидир. Ҳусайндан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: ,,Кимнинг боласи туғилса-ю, унинг ўнг қулоғига азон, чап қулоғига иқомат айтса, унга Умму Сибён зарар етказа олмасъъ, дедилар. Абу Яъло ривояти.
Умму Сибён – болага зарар етказувчи жин тоифасига кириб, азон ва иқомат айтилса у болага зарар етказа олмайди, балки, қочади. Бундан ташқари янги туғилган бола азон ва иқомат эшитса унинг мурғаккина қалбида исломга меҳр-муҳаббат уйғонади.
Оиша розияллоҳу анҳадан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алйҳи васалламга гўдаклар келтирилар эди. Бас, у зот уларнинг танглайини кўтарар ва уларга барака тилаб, дуо қилар эдилар”. Аҳмад ривоят қилган. Бу ҳадиси шарифдан аҳли солиҳ, фазилатли кишига боланинг танглайини кўтартириш ҳам ота-онанинг вазифаси эканлиги келиб чиқади. Танглайни бирор бир мева билан кўтарган афзалдир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам асосан чақалоқларнинг танглайини хурмо билан кўтарар эдилар. Янги туғилган чақалоқ турли озуқаларни емасдан олдин солиҳ ва дуогўй инсон унинг танглайини ҳалол ва пок нарса билан кўтариши, албатта, боланинг умр бўйи шундай ҳалол нарсаларни тановвул қилиб, тақводор, ибодатли ва соғлом бўлиши учундир.
Бола етти кунлик бўлганида унга ақиқа сўйиш кераклигини эса қуйидаги ҳадисдан билиб оламиз. Саммуро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Ҳар бир ғулом ақиқаси ила гаровлангандир. Унинг учун еттинчи куни (ақиқа)сўйилур, сочи олинур ва исм қўйилур”, дедилар. Сунан эгалари ривоят қилганлар. Ақиқа сўйиш суннати муаккада ҳисобланиб, оғил бола учун икки ўхшаш қўй, қиз бола учун эса бир қўй сўйилади. Ақиқа учун сўйилган ҳайвоннинг гўшти фақирларга тарқатилади. Қўни қўшни ва дояга бериш ёки зиёфат қилиб бериш ҳам фазилатли ишдир.
Ўғил болаларни хатна қилдириш ҳам боланинг соғлиги учун жуда фойдалидир.
Болаларга ўз ҳақларини бериб, моддий эҳтиёжларини қондириб, меҳр-мурувват ила Аллоҳни танитиб, солиҳ инсон қилиб тарбия қилсак, албатта, Аллоҳ берган неъматнинг – фарзанд неъматининг шукрини адо қилган бўламиз.

Хадичаи Кубро аёл қизлар ўрта- махсус Ислом таълим муассасаси
3-курс талабаси Собирова Софийя

2 изоҳлар

  1. MâshaAllah

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*