Одамлар ўртасидаги ўзаро муҳаббат

Биз Аллоҳни ва Унинг ҳабиби бўлган Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламни севамиз, изларидан юрмоқни истаймиз. Биз нимани ул зот тавсия этган бўлсалар, уни бошимизга тож қилмоқ истаймиз! Абу Ҳурайра розиёллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набиййимиз Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам “Жоним қўлида бўлган Зот ила қасамки, сизлар мусулмон бўлмагунингизча жаннатга кирмайсизлар. Бир-бирингизга муҳаббат қилмагунингизча мусулмон ҳам бўлмайсиз”-дея марҳамат қилганлар.
Дарҳақиқат, бир бирига муҳаббатли бўлиш- биз мўмин мусулмонларнинг шиоридир. Аввало биз бу ҳақиқатни яхши тушуниб олишимиз, барча мўмин мусулмонларга нисбатан муҳаббатли бўлишимиз керак. Ва бу муҳаббат ҳолис Аллоҳ ризолиги учун бўлмоғи лозим.
Аллоҳ таоло қиёмат куни: “Мен учун бир бирларини яхши кўрганлар қани? Иззатим ва буюклигимга қасамки, бугун Мен соямдан бошқа соя йўқ кунда уларни ўз соям(аршнинг сояси) билан уларни соялантираман”, дейди(Табароний ривояти). Дарҳақиқат, бир мўминнинг ҳурмати Аллоҳнинг наздида Каъбанинг ҳурматидан ортиқдир. Шундай экан инсонларнинг бир-бирларини Аллоҳ йўлида яхши кўришликлари, бир –бирларини йўқлаб қалбларига хурсандчилик улашишлари олий даража олий мақомдир ва бу мақомга эришганлар ҳақиқий иймон лаззатини топадир. Анас Ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта Аллоҳ таолонинг бир бандалари бор, улар учун қиёмат куни нурдан минбарлар қўйилади. Улар пайғамбарлар ҳам эмас, шаҳидлар ҳам эмас, лекин уларга пайғамбарлар ҳам шаҳидлар ҳам орзу қиладилар. Шунда : “Улар кимлар Ё Росулуллуҳ?” деб сўрашди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Улар Аллоҳ учун бир-бирини яхши кўрганлар”, деб жавоб бердилар. Албатта Аллоҳ ризолиги учун бўлган биродарлик хурсандчилик кунидами ,мусибат кунидами ҳеч қандай шахсий манфаатларсиз бўлмоғи лозим. Ҳазрат Али карамаллоҳу важҳаҳу айтганлар: ” Дўстнинг ёмони шундайки, дўсти бирон нарсага ҳожати чиқиб қолган вақтда , секингина узр айтиб, ўзини четга олиб дўстини қийинчиликка солиб қўяди”. Батаҳқиқ, Аллоҳ йўлида чин дўст бўлганлар бир-бирлари учун моллари, жонларини фидо қилишга тайёр турадилар. Бунинг ёрқин, гўзал намунаси сифатида Набиййимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Абу Бакр розиёллоҳу анҳу билан бир –бирларига бўлган чин биродарликларини намуна қилсак арзийди ва уларнинг бу ришталари биз умматлар учун гўзал ибратдир. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биродарлари Абу Бакр розияллоҳу анҳу билан мушриклардан қочиб ғорга кирганларида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак бошларини Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг тиззаларига қўйиб ухлаб қоладилар. Шунда Абу Бакр розиёллоҳу анҳу нинг оёқларини илон чақиб, бирдан иликларигача қақшатган оғриқни ҳис этадилар. Бироқ бутун вужудларини қаттиқ титроқ босган бўлсада, биродарлари Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламни безовта қилмаслик учун қимирламай ўтирадилар, инсон дош бера олиши муҳол бўлган азобга дош берадилар. Шунда, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам юзларига томган бир жуфт кўзёшдан уйғониб кетадилар ва “Нима бўлди эй Абу Бакр “-дея ҳавотирланиб сўрадилар. Абу Бакр розиёллоҳу анҳу титроқ овозда: “ оёғимни илон чақди Я Набияллоҳ”- дея жавоб берадилар…
Бу қандай муҳаббат бўлдики, ҳатто илон чақиб, бутун вужудлари оғриқдан қақшаган бўлсада биродарларининг ҳаловатини ўз нафслариданда устун қўйдилар. Сабр ила кўзларидан оққан кўз ёшлар эса Аллоҳ ва Унинг росулига бўлган олий муҳаббатдан далолатдир. Албатта бундай биродарликнинг оқибати бу дунёю у дунё ҳайрлидир. Аллоҳ учун бир-бирига муҳаббат қўйганлар қиёмат куни жаннатга бирга кирадилар. Келинглар, биз ҳам мана шу ондан бошлаб бир-биримизни Аллоҳ учун яхши кўрайлик, Аллоҳ йўлида биродарларимизга қўлимиздан келганча ёрдам берайлик ва бир-биримизнинг ҳақларимизга дуолар қилайлик. Зеро, Аллоҳ йўлида боғланган қалблар нақадар гўзал қалбдир…

Хадичаи Кубро аёл қизлар ўрта- махсус Ислом таълим муассасаси
3-курс талабаси Абдураҳмонова Ҳидоят

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*