Кўз тегиши

Туркум мақола – 4
Кўз тегиши

Аллоҳ таоло “Қалам” сураси, 51-оятида марҳамат қилади:
۝وَإِنْ يَكَادُ الَّذِينَ كَفَرُوا لَيُزْلِقُونَكَ بِأَبْصَارِهِمْ لَمَّا سَمِعُوا الذِّكْرَ وَيَقُولُونَ إِنَّهُ لَمَجْنُونٌ۝
“Ва кофирлар зикрни эшитаётганларида сени кўзлари билан тойдирмоқчи бўлдилар ва албатта, у мажнундир, дерлар.”

Ҳофиз ибн Касир роҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Ибн Аббос, Мужоҳид ва уламолар розияллоҳу анҳум айтадиларки: “Кўзлари билан йиқитадилар”, – дегани яъни “Агар Аллоҳ сизни асраб, ҳимоя қилмаганида эди кўзлари билан кўзлайдилар яъни сизга бўлган ғазаблари туфайли ҳасад қиладилар”.
Ҳофиз ибн Касир роҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг тафсир китобларида Юсуф сурасининг 67-68-оятлари ҳақида шундай дейдилар: “Аллоҳ таъоло Яъқуб алайҳи салом ҳақларида хабар бериб айтадики: “У киши ўғиллари Бинямин билан фарзандларини сафарга ростлагач, уларга ҳаммалари Мисрнинг бир эшигидан кирмасларини, балки турли эшикларидан киришларига буюрдилар. Чунки Ибн Аббос, Муҳаммад ибн Каъб, Мужоҳид, Заҳҳоқ, Қатода, Суддий ва бошқа муфассирлар раҳимаҳумуллоҳ айтганларидек: “Яъқуб алайҳи салом ўғиллари гўзал юзли, кўркам гавдали ва келишган йигитлар бўлганларлари учун кўз тегишидан қўрққанлар. Чунки кўз ҳақдир, ҳатто у чавандозни отдан қулатади”.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида мармат қиладилар:
عن عائشة رضي الله عنها أن النبي صلى الله عليه و سلم قال:
“استعيذوا بالله من العين فان العين حق”.”.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳдан кўз тегишидан паноҳ сўранглар чунки кўз ҳақдир”, – дедилар”.
Ибн Можа ривояти.

عن عائشة رضي الله عنها أن النبي صلى الله عليه و سلم قال:
“كان رسول الله صلى الله عليه و سلم يأمر أن أسترقي من العين”
Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўз текканда дам солдиришимга буюрар эдилар”.
Имом Бухорий ривояти.

Ҳофиз ибн Касир раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Аллоҳ таолонинг амри билан кўз тегиши ва унинг таъсири ҳақдир”.
Ҳофиз ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Кўз тегиши ёмон табиатли кишидан бир нарсага ҳасад билан қарашидан бўлади. Назар қилинган кишига эса ундан зарар ҳосил бўлади”.
Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “…Аллоҳ таоло жисм ва руҳларда турли табиат ва қувватларни яратган. Ва уларнинг кўпларига таъсир ўтказадиган кайфиятлар ва хислатларни берган. Оқил киши эса жисмларнинг руҳлари таъсир ўтказишни инкор қилмайди, чунки у кўз билан кўрадиган ва сезиладиган нарсадир. Баъзан бир кишини кўрасизки ундан уятадиган ва ҳаё қиладиган кишини кўриб қолса, юзи қизариб кетади, яна баъзан эса қўрқадиган одамини кўриб қолса, юзи сарғайиб кетади. Баъзи инсонларни қарашининг ўзи билан бошқанинг кучи кетиб қолиши ва касал бўлиб қолишига гувоҳ бўлганмиз. Мана буларнинг барчаси руҳларнинг воситаси билан бўлади. Бу ишга кўз бевосита алоқадор бўлгани учун “кўз тегиши” кўзга нисбат берилади, аслида эса буни қиладиган кўз эмас, у руҳнинг ишидир. Руҳлар қандайлигида, табиатида, қувватида ва хислатларида турличадир…”.
Юқорида келтирилган ояти карималар, ҳадиси шарифлар, ҳамда уламоларнинг сўзлридан шуни биламизки, кўз тегиши – назар шубҳасиз бордир, унинг тасири ҳақдир, у ҳам Аллоҳнинг инояти билангина бўлади.

Кўз тегиши ва ҳасад ўртасидаги фарқлар

1. Ҳасадгўй ва назари бордан кўра умумроқдир. Назари бор эса хос ҳасадгўйдир. Ҳар бир назари бор ҳасадгўйдир, аммо ҳар бир ҳасадгўй назари бор эмас. Шунинг учун Фалақ сурасида ҳасаддан паноҳ сўраш ҳақида айтилди. Агар мусулмон киши ҳасадгўйнинг ёмонлигидан паноҳ сўраса, унинг ичига назар ҳам киради. Бу эса Қуръоннинг барча маъноларни жамлаб олганлиги, ожиз қолдирувчи эканлиги ҳамда балоғатидандир;
2. Ҳасад ғазаб, адоват ҳамда неъматни зоил бўлишини хоҳлашдан келиб чиқади. Назар эса ажабланиш, буюк ва ажиб санашдан келиб чиқади;
3. Ҳасад билан назар натижада бир хилдир. Иккаласи ҳам назар қилинган ёки ҳасад қилинган кишига ёмонлик етказади. Келиб чиқишида эса фарқ қилади. Ҳасад қалбни ёниши, ҳасад қилинган кишида неъматни кўпайиши ҳамда уни йўқ бўлишини орзу қилишдан келиб чиқади. Назар эса назари бор кишининг қараганида назари чақнаб чиқишидан келиб чиқади. Шунинг учун ҳам гоҳида қасд қилинмаган ҳайвонлар, ўсимликлар, мол-давлат каби жонсиз нарсаларга ҳам назар тегиб қолади. Баъзан эса ўзига ўзининг назари ҳам тегиб қолади;
4. Ҳасадгўй ҳал воқе бўлмаган нарсага ҳам ҳасад қилиши мумкин, аммо назар бор нарсагагина тегади;
5. Киши ўзининг жони, молига ҳасад қилмайди, аммо назар солиб қўйиши мумкин;
6. Ҳасад фақатгина ёмон, ёвуз кишидан воқе бўлади, назар эса солиҳ кишидан ажабланганлиги сабабидан ҳам тегиб қолиши мумкин, ҳудди Омир ибн Робиъа розияллоҳу анҳу исломда муқаддам, балки аҳли Бадр бўлганликларига қарамай, Саҳл ибн Ҳунайф розияллоҳу анҳуга назарлари тегиб қолганидек;
Назар билан ҳасад ўртасини фарқлаган уламолар ичида Ибн Жавзий, Ибн Қаййим, Ибн Ҳажар, Имом Нававий раҳимаҳумуллоҳ ва бошқа уламолар бор.
Мусулмон киши бир нарсани кўрса ва уни ажабланса, у хоҳ ўзиники ёки бошқа бир инсонники бўлсин, барака тилаб дуо қилиб қўйиши мустаҳабдир. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Саҳл ибн Ҳунайф розияллоҳу анҳу ҳадисида: “Унга барака тилаб дуо қилмадингизми?”, – дедилар, чунки бу дуо назарнинг таъсирини йўқ қилади.

Жинлар инсонга назар қилиши мумкин

Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жин ва инсонларнинг назаридан паноҳ сўрар эдилар. Тааввуз қилинадиган икки сура (Фалақ ва Нас сурасалри) нозил бўлганида у иккисини тутдилар ва ундан бошқаларини тарк қилдилар”.
Умму Салама розиллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уйида юзида қора доғ бор бир жорияни кўрдилар ва: “Унга дам солинглар, чунки унга назар теккан”, – дедилар”. Имом Фарро раҳимаҳуллоҳ: “Қора доғ” у “жинниг назари”, – деганлар.
Бу икки ҳадисдан билинадики, жиндарнинг ҳам ҳудди инсонларники каби назари бор. Шунинг учун ҳар бир мусулмон кийимини ечганида, ойнага қарагинида ёки бирор иш қилмоқчи бўлганида ўзини жинлардан етиши мумкин бўлган азиятдан ҳимоя қилиш учун Аллоҳнинг исмини зикр қилмоғи лозим.
Юқоридаги маълумотлардан назарнинг ҳақ эканлиги ва унинг ҳақида бошқа малумотларга эҳтиёж қолмади деб умид қиламиз.
Кейинги мақолаларимизда эса назарни даволаш ҳақида ҳам алоҳида суҳбат қиламиз, иншааллоҳ.
Давоми бор…

Хадичаи Кубро ўрта махсус ислом таълим муассасаси

4 – босқич талабаси Рамазанова Мадина

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*