ИМОМ МОТУРИДИЙ ВА МОТУРИДИЯ ТАЪЛИМОТИ МАЗМУНИ

Аҳли сунна вал жамоа таълимотини ёритиб берган асосий эътиқодий мазҳаблардан бири Абу Мансур ал-Мотуридий (ваф. 944 й.) асос солган Мотуридия мактабидир. Манбаларда қайд этилишича, Абу Мансур ал-Мотуридий фиқҳ ва каломдан машҳур олим бўлиб етишган Абу Наср Аҳмад ал-Ийодий ва Абу Бакр Аҳмад ал-Жузжонийлардан таълим олган. Имом ал-Мотуридийнинг бизгача «Китоб ат-тавҳид», «Таъвилот аҳли ас-сунна» номли асарлари етиб келган. Бу асарларнинг мазмуни нақадар Қуръон, ҳадис, мантиқ ва ҳақиқатга яқин эканлиги билиниб туради.
Имом ал-Мотуридий “Китоб ат-тавҳид” асарида калом илмини асослаб берар экан, имон, тақдирнинг хайрли ёки ёмон бўлиши Аллоҳ Таоло қазоси ва қадарида азалдан белгиланиши, Аллоҳ таолонинг қудрати, адли, иродаси, юборган китоб ва пайғамбарлари, қайтадан тирилиш, охират ҳаёти, феълларга бериладиган мукофотлар каби масалаларини очиб беради . У диндаги масалаларни фақат ақлий талқин қилувчи мўътазилийлар, инсонга илоҳийлик сифатларини беришга уринган мушаббиҳа бидъатлари, айниқса, карромийлар, ботиний илм соҳиблиги даъвосида юрган рофизийлар ҳамда хорижийлар, қарматийлар билан баҳс-мужодалаларни олиб борган. У «Китоб ат-тавҳид» асарида ўзга тоифадаги фирқаларга қарши шундай сўзларни айтган: «Улар тафаккур ва тадқиқ билан қарасалар эди, Аллоҳ таоло ҳам бандаларини тафаккур ва тадқиқот, ибрат ва тажриба билан иш қилишга буюрганини тушунар эдилар. Ибрат ва тафаккур эса илм манбаларидан биридир».
Абу Мансур ал-Мотуридий ўз асарида сўз юритаётган масалаларни асослаб беришга интилади. У имкон бор ерда бир фикрни иккинчисидан келтириб чиқаришга ҳаракат қилади. Унинг «Китоб ат-тавҳид» асари билиш назариясига оид масалаларни кўриб чиқишдан бошланади. Имом Мотуридий одамларнинг нега кўплаб сохта ва бидъат таълимотларга эргашиши ҳамда барча одамлар тўғри диний қарашларга эга бўлмоғи учун билишнинг қандай йўлларидан бориш лозим деган саволларга тушунтириш беради .
Мотуридий таълимотида ислом ақидасига оид масалалар атрофлича ёритилган бўлиб, ашъарийларнинг қарашлари билан ҳам уйғунликни, ҳам фарқли жиҳатларни кўришимиз мумкин. Тадқиқотчи Ҳасан ибн Абд ал-Ҳасан ўзининг асарида Ашъарий ва Мотуридий таълимотидаги асосий 13 фарқни кўрсатиб ўтади . Масалан, Аллоҳ таолони билиш нақлий йўл билан вожиб бўладими ёки ақлийми деган саволга ашъарийлар нақлий йўл билан деса, мотуридийлар ақлий йўл билан деб жавоб берадилар.
Абу Мансур ал-Мотуридий ислом илоҳиётида қазо ва қадар, яъни инсон тақдири борасида ҳам ўзининг мулоҳазаларини баён этган. У инсонда танлаш эркинлиги мавжудлиги, яъни ҳар кимнинг ихтиёри ўзида эканлигини таъкидлаган. У дунёни билишни икки турга: қадим ва ҳадис билишга ажратган. Қадим билишда Аллоҳнинг билишини, ҳадис билишда эса мавжудотларнинг билиши кўзда тутилган. Абу Мансур ал-Мотуридий инсоннинг бир нарсани била олиши фақат мавжуд нарсаларни ўрганиш ва текшириш воситасидагина амалга ошишини эътироф этган. Унинг фикрича, инсоний билиш ҳадисдир. Чунки инсон эртани, фақат эрта бўлгандан сўнггина билади. Эртани эрта бўлгандан сўнг билиш эса, қадимий билишнинг эмас, балки ҳадисий билишнинг хусусиятидир. Бошқача айтганда, инсоннинг келажак билан боғлиқ билиши, келажакнинг келишига боғлиқдир. Инсон ҳар нарсани, фақат у рўй бергандан кейингина билади. Аллоҳ эса кўрмоқ, эшитмоқдан ташқари, ақл ва руҳ моҳияти каби инсондан яширинган нарсаларни ҳам билади.
Мутакаллимлар имоми Мотуридий қарашларида ақл мақомига алоҳида муҳим аҳамият берилган. Унга кўра, хабар ва жонли мушоҳадага хос ҳар қандай чегараланиш ва бирёқламаликни ақл бартараф этишга қодирдир. Имом Мотуридий томонидан ақл тушунчасига берилган таърифга кўра, ақлнинг мақоми айириш зарур бўлган нарсаларни бир-биридан айириш ва бирлаштириш зарур бўлган нарсаларни эса бир-бири билан бирлаштириш маъносида талқин қилинади. Бундай фаолият аслида тафаккур ва «назар» туфайли рўёбга чиқади. Аллома аксарият ҳолларда умумий ақлни эмас, балки «илман назар», яъни назарий жиҳатдан бойитилган билимни билишнинг асоси сифатида эътироф этади. Унинг «Ат-Тавҳид» асарида таъкидланишича, назар – бу «ақлни қўллаш ва ундан фойдаланиш»ни ифодалайди .
Шу тариқа Мотуридий илоҳиётда ўзига хос «ўрта йўл» топишга интилган. Бир томондан, у Қуръони каримни илоҳий инъом сифатида қадрлаган. Бошқа томондан, Тангрининг иродасини кўр-кўрона бажарувчисигина эмас, балки Аллоҳнинг ақл билан мушарраф этилган алоҳида мўъжизаси бўлган инсонни эъзозлаган. Мотуридий илоҳиётининг кучли томони айнан ана шу илоҳийлик ва инсонийликни идрок этишдаги уйғунликдадир. Мотуридийнинг мусулмон оламидаги бениҳоя катта ва давомли таъсири ҳам шу билан изоҳланади. Унинг қарашлари кейинчалик унинг издошлари Абу Муъин ан-Насафий (ваф.1114 й.) ва Аҳмад ибн Маҳмуд ас-Собуний (ваф. 1187 й.) каби уламолар томонидан ривожлантирилган.

А.Сайдахмедова – Ҳадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта
махсус ислом таълим муассасаси катта ўқитувчиси,
фалсафа фанлари номзоди

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*