Касалликларнинг ёмонларидан паноҳ сўраш

Инсон ҳаёти давомида турли хил ҳолатларга тушади, бошидан турфа синовлар ўтади. Ана шулардан бири касалликлардир. Касалликлар турига қараб инсон учун ҳақиқий синов, ҳақиқий имтиҳон бўлиши мумкин. Бош оғриғи, тиш оғриғи каби деярли ҳар кун бошимизга тушадиган синовлар бизнинг иймонимиз нақадар мустаҳкам ёҳуд заиф эканлигини кўрсатади. Баъзан бош оғриғи бироз узоқроқ давом этса, тилимизга қандай сўзлар келиб-кетмайди, не-нелар деб юбормаймиз, аммо, ҳақиқий синов бўлмиш оғир хасталиклар, ёҳуд сурункали касалликлар бўлса-чи? У ҳолда ўзимизни қандай тутамиз?
Дарҳақиқат, бу жуда оғир синов, у билан имтиҳондан ўтишдан Аллоҳ сақласин. Мана шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам оғир касалликлар бошларига тушишдан Аллоҳ таолодан паноҳ сўрар эдилар:
عَنْ أَنَسٍ رضي الله عنه أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَانَ يَقُولُ : “اللَّهُمَّ إِنِّي أَعُوذُ بِكَ مِنَ الْبَرَصِ وَالْجُنُونِ وَالْجُذَامِ، وَمِنْ سَيِّئِ الْأَسْقَامِ”.
Абу Довуд раҳимаҳуллоҳ Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳим мен песлик, мажнунлик, моҳовлик ва касалликларнинг ёмонларидан паноҳ сўрайман”, – деб айтар эдилар.
Бу ҳадисни Имом Абу Довуд, Имом Насоий, Имом Тоялисий, Имом Аҳмад, Ибн Ҳиббон, Ҳоким, Абу Яъло, Табароний розияллоҳу анҳум ривоят қилганлар.
Лафзларнинг маънолари:
Песлик – машҳур касаллик бўлиб, унинг сабабидан жисмда оқ доғлар пайдо бўлади ва жасаднинг суратини, ҳатто шаклини ўзгартириб юбориши мумкин.
Мажнунлик – ақлнинг зоил бўлиши.
Моҳовлик – касаллик бўлиб, у сабабидан соч тўкилади, мушаклар титилади, жасаднинг турли жойларидан йиринг оқади. Бу ҳолатдаги инсоннинг кўриниши жирканч бўлгани учун одамлар ундан қочишади.
Касалликларнинг ёмонлари – хавфли, ёмон касалликлар.
Бу дуо билан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам инсон хилқатини ўзгартириб юборадиган касалликлардан паноҳ сўрар эдилар. Чунки у касалликлар жудаям қўрқинчли бўлиб, одамлар кўрса бемордан жирканишади, қочишади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам песлик касаллигидан паноҳ сўрадилар, чунки у сабаб жасадда ғариб оқ доғлар пайдо бўлади, улар инсоннинг асл хилқатини, суратини, шаклини ўзгартириб юборади. Кўрган инсон беморнинг ҳолатидан ачинади, маҳзун бўлади.
Мажнунликдан ҳам паноҳ сўрадилар. Мажнунлик ақлнинг кетиши бўлиб, унинг енгил ҳолатидан тортиб, буткул оғир ҳолатига қадар турли даражалари бор. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айнан жинниликдан паноҳ сўраганлари бежиз эмас, зотан, ақл инсоннинг ҳаёти, фаолияти учун жуда муҳим омил, усиз ҳақиқий ҳаётни тасаввур қилиб бўлмайди.
Моҳовликдан ҳам паноҳ сўрадилар. Моҳов касаллиги жуда ҳам оғир, хавфли хасталик бўлиб, у билан касалланган инсоннинг сочлари тўкилади, баданидан йиринг оқади, ҳатто аъзолари кесилишига ҳам сабаб бўлиши мумкин. Ундай хастани кўрган инсон жирканади, ундан қочади, яқинлашмайди. Бемор ҳам ўзини бошқалардан йироқ тутишга мажбур бўлади.
Шунингдек, касалликларнинг ёмонларидан паноҳ сўрадилар. Яъни, фалаж, сил, турли сурункали касалликлардан, ҳозирги замонники каби саратон, ўсма ва бошқа хафли хасталикнинг тури ҳам шулар жумласига киради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам барча касалликлардан паноҳ сўрамадилар, мисол тана ҳарорати кўтарилиши, бош оғриғи, тиш оғриғи, кўз кўришининг пасайиши каби, чунки агар инсон уларга сабр қилса, гуноҳларига каффорот бўлади. Аммо, сурункали, юқорида айтганимиздек оғир хасталиклар бўлса, улар сабаб инсон ночор ҳолатга тушиб қолиши аниқ. Шунингдек, дўстлари, яқинлари, унс-улфатлари, ҳатто даволаётган шифокори ҳам ундан йироқ туради, асло яқинлашмайди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мана бу дуолари эса бундай хасталикларга дучор бўлишдан мустаҳкам ҳимоя воситасидир.
Аллоҳ таоло барчамизни хасталикларнинг ёмонларидан Ўз паноҳида асрасин!

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ислом
таълим муассасиси талабаси
Рамазонова Мадина

1 та изоҳ

  1. Шифокорни кизи эканлигингиз билиниб турибди,
    Аллохим сиздек кизни дунёга келтирган ва тарбиялаган онажонингизни умриларини узок килсин. Илохим фарзандларни бахту камолини куриб юрсинлар.Амин.
    Хурмат билан,
    Аскарова Нилуфар Махмудовна.

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*