Фитналар сабабчиси бўлмайлик

خُذِ الْعَفْوَ وَأْمُرْ بِالْعُرْفِ وَأَعْرِضْ عَنِ الْجَاهِلِينَ
“Авфни қабул қил ва урфга буюр, жоҳиллардан эса юз ўгир”.
Аъроф сураси, 199-оят
Ҳар бир жамиятнинг ўз урф-одати, анъаналари бўлади. Анъанавий одатга хилоф ишлар жамият тарафдан рад этилади ёки яхши қабул қилинмайди. Бу исбот талаб этмайдиган табиий ҳол. Мўмин заковатли хушёр бўлиши керак. Ҳар бир қавмнинг урфини билиб олиши, унга кескин хилоф иш қилмаслиги керак. Чунки жамият урфига қарши чиқиш йўқ ердан муаммоларни кавлаштириб чиқариш демакдир.
Саҳиҳ ҳадислардан ўқиб билиб оламизки, бир куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Оиша онамизга шундай деганлар:
لولا حدثان قومك بالكفر لهدمت البيت و لرددته على قواعد إبراهيم
“Агар қавминг куфрга қайтиб кетиш хавфи бўлмаганида, Каъбани бузиб Иброҳим пойдеворига қайтарган бўлардим…” (Имом Аҳмад /24297. Имом Бухорий /1585. Имом Муслим /1333).
Эътибор қилинг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Каъбани бузиб Иброҳим алайҳиссалом дастлаб қўйган пойдевор бўйича қайта қуришни истаганлар. Аммо Макка аҳлининг Каъбага бўлган муҳаббатини эътиборга олиб, агар шу ҳолатидан бошқа ҳолатга ўзгартирилса одамлар орасида норозилик келиб чиқиши ва ҳатто диндан қайтишгача боришлари мумкинлигини ҳисобга олиб ўз истакларини амалга оширмаганлар.
Аслида Расулуллоҳ бир ишни хоҳласа у албатта шариатга мувофиқ бўлар эди. Расулуллоҳ ножоиз ишни асло хоҳлаган эмаслар, шундай бўлсада жамоатчиликни ҳисобга олиб Каъбани бузиб қайта қурдирмаганлар.
Бизнинг жамиятда қора кийим кийиш урф эътиборидан азагарчилик, таъзиялилик белгиси ҳисобланади. Бунинг устига одамлар орасида нотўғри қабул қилиниши мумкин бўлган нарсалардан қочиш, маъно-мазмун ва аҳамият касб этмайдиган нарсаларга ёпишиб олиб, майдагаплик қилиб юриш ҳам яхши эмас.
Ҳадиси шарифда келтирилишича, “Киши исломининг гўзаллиги маъносиз нарсаларини тарк этишидир”. Ўқув даргоҳи бўлажак динимиз билимдонлари бўлмиш аёл-қизларимизнинг ҳар тарафлама теран дунёқарашга эга, ўзи яшаётган жамиятнинг шариатга зид бўлмаган урф-одатларини яхши англаб етган ва бошқаларга тушунтириб бера оладиган кадрлар бўлиб етишмоғига холис хизмат қилаяпти. Бу ўринда ҳанафий мазҳабида шариатга зид бўлмаган урф эътиборга олинишини ҳам унутмаслик керак. Ўқув юртимиз раҳбарияти томонидан шуларнинг барчаси ҳисобга олинган ҳолда ички тартиб-қоидаларни ишлаб чиқилган. Улар барча учун беистисно мажбурий, чунки қатъий интизомсиз таълим ҳосил бўлмаслиги ой ва кундек равшан. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қиладики:
“Аллоҳга итоат қилинг ва Пайғамбарга итоат қилинг ҳамда ўзингиздан бўлган ишбошиларга ҳам”.
Шундай экан, ўқув юрти раҳбариятининг талаби муқаддас динимизнинг бирор меъзонига зид эмаслигини инобатга олиб, барчадан унга қатъий риоя қилишлари талаб қилинади.

Хадичаи Кубро аёл қизлар
ўрта махсус ислом таълим муассасаси
директори Н.Ибрагимова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*