Ватан она каби азиз ва мукаррамдир

Ватан деганда, ҳамиша ўзимиз туғилиб ўсган, кўз очиб кўрган, таълим-тарбия олиб вояга етган, неча-неча авлод-у аждодларимиз яшаб ўтган, уларнинг ақл-идроки, меҳнати сарф қилинган юрт кўз олдимизга келади. Ватан она каби азиз ва мукаррамдир, инсонга бахт-иқбол берадиган заминдир. Абдулла Авлоний айтганидек: “Ҳар бир кишининг туғилиб ўсган шаҳар ва мамлакатини шул кишининг ватани дейилур. Ҳар ким туғилган, ўсган жойини жонидан ортиқ суяр… Ватан – бу халқнинг ўтмиши, бугуни ва келажагидир. Ватан – муқаддас қадрият. Тараққиёт ватандан бошланади. У инсоннинг киндик қони тўкилган жой, инсонни ижтимоий етимликдан асровчи манзил, маънавий камолот ва фуқаролик майдони, ҳаёт мактаби, фаровонлик ва бахт-саодат ўчоғидир. Инсон учун ватан ягонадир. Ватаннинг катта-кичиги ҳам, бой-камбағали ҳам бўлмайди. Ватан танланмайди. Ватан бизнинг молимиз эмас. Шунинг учун ҳам у пулга сотилмайди ва сотиб олинмайди. Ватан инъом этилмайди, қарзга берилмайди. Ватан ҳар бир фуқаро учун муқаддас ва бетакрордир. Ватанни энг олий неъмат сингари бошимиз узра баланд кўтариб, ҳар он ва ҳар сонияда унинг тупроғини кўзларга суртиб, унга таъзим бажо айлашимиз фарзандлик бурчимиздир. Муқаддас хадиси шарифларнинг маъноларида “Ватанни севмоқ иймондандир”, дейилган. Яъни иймони бут, виждони пок ҳар бир инсон ватанни севади, уни ғанимлар кўзидан асрайди, унинг яшнаши ва яшаши, ҳурлиги учун курашади. Ватан меҳрини, ватан сеҳрини, унинг мўътабарлиги-ю улуғворлигини сўз билан ифодалаш қийин. Ҳар бир баркамол инсон ватан камолоти ва истиқболи, эл-юртининг озодлиги ва мустақиллиги учун ҳамма нарсани, ҳатто ширин жонини ҳам аямайди. Бу ҳақда мавлоно Фузулийнинг, менинг битта ҳаётим бор, бордию мингта ҳаётга эга бўлган тақдиримда ҳам ҳаммасини ватан учун сарфлаган бўлур эдим, деб айтган сўзлари ҳар биримиз учун бебаҳо ўгитдир. Бу каби ҳолатлар эса бизнинг жаннатмонанд, диёримизда тинч ва фаровон ҳаёт кечираётганимиз учун шукроналар қилишга ва шу барқарорлик ва осойишталикни асраб- авайлаш учун барча имкониятларни татбиқ этишга ундайди.
Маълумки, Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни халқ қилиб, у Зотнинг зурриёдларини ер юзига тарқатди. Одам ато ва Момо Ҳавводан тарқалган зурриёдлар ерда турли миллат ва элатлар ташкил қилиб, маълум ҳудуд ва маконларни ўзлари учун маскан тутдилар. Бу ҳақда Қуръони каримда:
“Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик…”, – дейилган (Ҳужурот сураси, 13-оят).
Табиийки, инсон қаерда дунёга келса ана шу ер унинг учун қадрли Ватан ҳисобланади. Киндик қони тўкилган жой инсон учун ҳеч нарсага алишиб бўлмайдиган, ҳамма нарсадан ҳам қимматли даргоҳдир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу билан Мадинаи мунавварага ҳижрат қилиб кетаётганларида орқаларига ўгирилиб, яъни Маккаи мукаррамага қараб: “Агар қавмим мени Маккадан чиқиб кетишга мажбур қилмаганида, ҳечам ўз ихтиёрим билан уни ташлаб кетмаган бўлар эдим”, – деганлар. Демак, ватанни севиш, уни соғиниб яшаш инсоният фитратида мавжуд бўлган нозик ҳисдир. Бирор сабаб билан ватанини ташлаб, бошқа юртларга кетган кимса энг оғир дамларида уни қумсаб, кўз олдига келтириши ва туғилиб ўсган замини хақида бирор қайғули хабар эшитганда қалбан эзилиши ҳам ватанга бўлган муҳаббатнинг белгисидир.
Тарихдан маълумки, бирорта миллат бошқа бир миллатни таҳқирламоқчи, ёки оёқости қилмоқчи бўлса, аввало, унинг ватанини босиб олиб, вайрон қилган ёки уни ватанидан қувиб чиқарган. Ўз ватанини душманлар қўлида қолганини кўрган миллат учун бундан ортиқ хўрлик ва азоб бўлмаса керак. Зеро, Ватан, миллат, дин тушунчалари инсон учун ҳар нарсадан азиз ва муқаддасдир. Шунинг учун ҳам динимиз таълимотида она ватан ҳимояси, миллат фаровонлиги ва дин равнақи йўлида жон берган кишиларга шаҳидлик мақоми берилиши айтилган. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида:
“Ким моли ҳимояси йўлида ўлдирилса у шаҳиддир. Ким жони ҳимояси йўлида ўлдирилса у шаҳиддир. Ким дини ҳимояси йўлида ўлдирилса у шаҳиддир. Ким аҳли ҳимояси йўлида ўлдирилса у шаҳиддир”, – деб марҳамат қилганлар (Имом Абу Довуд ва Термизий ривоятлари). Демак, дин, халқ, ватан ҳимояси йўлида жон бериш шарафдир.
Дарҳақиқат, бундай кишига шаҳидлик мартабаси берилиши бежиз эмас. Чунки, у инсон учун жондан ҳам азиз бўлган нарсани ҳимоя қилишга қасд қилган. Акс ҳолда, унинг шаъни ва ғурури топталган бўлар эди. Шунинг учун ҳам ватан лафзи олдига жонажон деган сўз қўшиб айтилиши одатга айланган. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, бир киши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: Ё Расулуллоҳ! Бир киши менинг уйимга бостириб келиб, молимни тортиб олмоқчи бўлса нима қилай? – деб сўради. “Молингни унга бермагин”, – деб жавоб бердилар. Агар мени урсачи?, – деганда, “сен ҳам у билан уришгин”, – деб жавоб бердилар. – Агар мени ўлдириб қўйсачи? – “Унда сен шаҳидсан”. – Борди-ю, мен уни ўлдириб қўйсамчи? – “У дўзахдадир”, – деб жавоб бердилар (Имом Муслим ривояти).
Халқнинг бошига оғир кун келганда жонини сақлаш учун ватанни ташлаб қочиш инсонийликка тўғри келмайди. Халқимизда “ўзга юртда шоҳ бўлганунча ўз юртингда гадо бўл”, деган ҳикматли сўз ҳам бор. Ўз ҳузур ҳаловатини ўйлаб, ўзгаларни унутган киши ҳеч қачон она ватанига, халқига нисбатан садоқатли бўлолмайди. Ислом дини таълимотида инсон ўзи яшаб турган ватанини, динини, оила аҳлини ҳимоя қилиши энг улуғ амаллардан эканлиги таъкидланган.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта
махсус ислом таълим муассасаси
ахборот-ресурс маркази раҳбари
М. Саиджалолова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*