Шукр қилиш фазилати

Инсон Қуръонда шошқалоқ, чидамсиз, сабрсиз, жоҳил, ўта золим, ўта жоҳил, бахил, умидсиз дея сифатланган. Инсоннинг асли ва келиб чиқиши тилга олгулик нарса бўлмаган – лойдан, ҳақир сувдан яратилган. Инсонда ҳийла оз бўлиб, у заифлик хислатларига ўралгандир. Агар Аллоҳнинг марҳамати бўлмаса, у кўп тортишувчидир, очиқ- ойдин хусуматчи, ўта золим ва ўта ношукрдир.

Азизлар биламизки, биз фойдаланадиган барча нарсалар, неъматларни яратган Аллоҳ таоло беради. Буларнинг эвазига биз У Зотга шукр қилишимиз, ўша неъматларни фақат яхшилик йўлида ишлатишимиз керак. Бир инсон сизга икки дона олма совға қилса, қанчалик хурсанд бўлиб кетасиз. Аллоҳ бизга ҳисобсиз неъматларни ато қилиб қўйибди. Буларга, албатта, шукр қилиш керак.

Яна сиз ўзингизга тегишли китобни дўстингизга ўқиш учун берсагиз-у, аммо у китобнинг варақларини йиртиб, муқовасини кир қилиб қайтариб берса, қанчалик жаҳлингиз чиқади. Шундай экан, бизлар ҳам берилган неъматларни авайлаб-асраб, уни ўз ҳолича сақлашимиз, танамизни касалликлардан ҳимоя қилишимиз лозим. Бунинг учун ичкилик, тамаки чекиш, соғлиққа зарарли нарсаларни истеъмол қилишдан узоқ бўлиб, қабиҳ ишлардан сақланишимиз, компютер ўйинларини кўп ўйнашдан эҳтиёт бўлишимиз керак.

Бизнинг тана аъзоларимиз баҳоси йўқ неъматлардир. Ёруғ оламни кўришимиз учун бизга берилган икки кўзимиз қанчалик қадрли, тўғрими? Кўзнинг қадрига ундан айрилганлар етади, дейишади. Аммо ақлли болалар кўз ва бошқа аъзоларнинг қадрига етишлари учун кўздан айрилишлари шарт эмас. Зукко болалар бир ёмонликни у келмасидан олдин сезадилар ва ундан қутулиш йўлини биладилар. Бизнинг аъзоларимиз ҳам олтиндан қимматроқдир. Сабаби олтинни пулга сотиб олиш мумкин, бироқ тана аъзоларининг соғлиғини қайтариб бўлмайди. Шундай экан, бизга берилган ҳар бир неъматни авайлаб, асрашимиз, уни фақат яхши ишларга, эзгулик йўлига ишлатишимиз лозим.

Қуръони каримдаги бақара сурасининг 252- оятида шундай маҳамат қилинади.

Бас, Мени эслангиз, сизни эслайман. Ва Менга шукр қилингиз, куфр қилмангиз.

Ушбу оят ўзи қисқа бўлишига қарамай, олам-олам маъно касб этади. Аллоҳ таоло Ўзи яратган, ҳаёт ва ризқ ҳамда бошқа керакли нарсаларни берган бандаларига:

«Мени эслангиз», демоқда.

Хўш, Аллоҳ бу ожиз бандаларининг эслашига муҳтожми? Йўқ, у беҳожат зот. Ҳамма муҳтожлик бандаларда. Лекин бу амр бандаларга яхшилик етиши учундир. Улар Аллоҳни зикр қилиб эслашлари ила Аллоҳ таоло уларни зикр қилишига, эслашига эришадилар. Аммо зикр билан зикрнинг фарқи бор, албатта. Ҳеч нарсага арзимайдиган ожиз банданинг эслаши қайда-ю, оламларнинг Парвардигори бўлган Аллоҳ таолонинг эслаши қайда! Банда қандай, қачон ва қаерда эслайди? Аллоҳ-чи?

Имом Бухорий Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ривоят қилган ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло: «Эй одам боласи! Агар Мени ўзинг эсласанг, Мен ҳам сени Ўзим эслайман, агар кўпчилик ичида эсласанг, Мен сени фаришталар ичида эслайман», деган. «Ва Менга шукр қилингиз, куфр қилмангиз».

Шукр қилиш неъмат берувчи зотга мақтов сўзларини айтиш ва неъматни уни берган зотнинг розилиги учун ишлатиш билан бўлади. Аммо тили билан шукр деса-ю, амали билан Аллоҳнинг айтганидан бошқани қилса, куфрони неъмат қилган бўлади. Мўмин-мусулмон доимо Аллоҳни зикр этиб, унга шукр қилгандагина, иши олға босади.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта

махсус ислом таълим муассасаси

                  ахборот-ресурс маркази раҳбари

                                                                           М. Саиджалолова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*