НАВОИЙ ИЖОДИДА ИШОРАТ

Неча асрлардан бери “Шамсул миллат”, яъни “миллат қуёши” дея эъзозлаб эътироф этилаётган газал мулкининг султони бўлмиш Низомиддин Мир Алишер бобомизнинг қолдирган бой мерослари муҳим манба саналади. Ҳазрат Навоий ўз асарларида ишоратдан кўп бора фойдаланганларини кўришимиз мумкин. Илоҳий маънога дахлдор бўлгани боис сўз билан изоҳланмайдиган ва сўзловчи сир сақлайдиган ҳақиқатлар ишоратдир. Ишорат-фақат аҳли илмнинг улуғлари идрок қила оладиган нарсадир. “Тасаввуф тили -ишорат тили”- дея эътироф этилгани учун Абу Али Рўзборий: “Бизнинг илмимиз ишорат эрур. Иборага кўчгач, ғойиб бўлур”, дейди. Қуйида Ҳарат Навоийнинг асарларида келган баъзи ишоратларнинг маънолари билан танишамиз:
Ҳавойи ишқинг аро ўзга оламим бордур,
Ки ашким анжум эрур, оҳ дуди афлоким.
Ҳақнинг зуҳурига сабаб бўладиган дастлабки сифат-ишқдир. Тасаввуфда ишқ деб Ҳусни Мутлаққа бўлган шиддатли севгига айтилади. Ҳақнинг бошланғичи ва охири бўлмаганидек, Ҳақ тажаллийсининг ҳам ибтидоси ва интиҳоси йўқдир. Унинг зоти ҳар жойда зоҳир эрур. Ишқ Аллоҳдан ато этилган раҳмоний бир улфатдир. Улфатдошлик туйғуси эса ҳар бир руҳ соҳибига хосдир.
Ишқ икки хил бўлади: ҳақиқий ва мажозий. Ҳақиқий ишқ -Аллоҳга, мажозий ишқ эса Аллоҳ яратган нарсаларга, одам ва олам гўзаллигига ошиқлик эрур.
Эшит майхона ичра дайр пиридин Ҳақ асрори,
Ки воиз хонақаҳда гоҳ дер афсона, гаҳ афсун.
(“Бадоеъ ул -васат”,451,7)
Ушбу байтдаги майхона -илоҳий ишқ улашадиган жой, хонақоҳ, пир ҳузури, завқ, шавқ ва илоҳий маърифат тўла ориф, майхона-ботинидир.
Эй Навоий, фақр аро қил мосиваллоҳ дафъиким,
Келди солик бошига дунёву мо фиҳо бало.
(“Бадиеъ ул -васат”),29,9)
Мосиво-мосиваллоҳ: Аллоҳдан бошқа ҳар бир нарса, махлуқот, мумкинот, ҳодисот.
Мосиво-Аллоҳдан бошқа ҳамма нарса ҳасрат демакдир. Ҳақ соликлари Худо яратган ашёларга мафтун бўлиб қолишидан эҳтиёт бўлганлар ва ҳақиқий борлиқ – Аллоҳнинг ишқ-у ёди билан умр ўтказишни афзал деб билганлар. Зеро дунёдаги ҳамма нарса ягона борлиқ -Аллоҳ борлигининг тасдиғи ва далилларидир. Тариқат йўлидаги шоирлар “ғайр”, “сиво”, “даъво”, “ёлгон”, “ағёр” каби атамаларни ҳам мосиво маъносида татбиқ қилганлар .
Тариқатнинг луғавий маъноси “йўл” демакдир. Тариқат – инсонларни махсус таълим тарбия билан гўзал ахлоқ, покиза қалб ва латиф руҳ соҳиби этадиган, охир-оқибат Аллоҳга яқинликни таъминлайдиган ўзига хос маслак ва таълимот йўлидир. Аммо тариқат шариатдан фарқли ўлароқ, бир талай хусусий талаб, усул ва қоидаларига эга йўлдир. Яъни тариқат аҳли шариат амрларини бажариш билан бир қаторда қўшимча нафл ибодатларни ҳам адо этади. Қаттиқ риёзатлар чекиб, суннатга жиддий эътибор қаратади. Навоий асарларида мадҳ этилган бу одоб-ахлоқ мезонини Навоийнинг ўз хулқида ҳам яққол намоён бўлганини кўриш мумкин. Академик Алийбек Рустамов шундай деб ёзади: “Ҳазрати Навоийнинг диёнати ҳамма замон, ҳамма маконнинг ҳамма халқлари, айниқса мусулмонлар учун ўрнакдир. У Ислом ибодатию муомаласи, ахлоқу одобига аъло даражада амал қилди, ўзини бутунлай мамлакат тараққиёти ва эл ҳизматига бағишлади. Шунинг учун ҳам “Низомиддин” лақаби берилди.”
Юртимиздан кўплаб буюк сиймолар етишиб чиққанлар. Ҳазрат Навоий ҳам шулар жумласидандир. Аллоҳ таоло юртимиздан кўплаб ана шундай буюк аждодларга муносиб авлодлар етишиб чиқишини насиб этсин.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта-махсус ислом таълим
муассасаси ўқитувчиси Кенжабой Гулруҳ

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*