Ханафийлик мазхаби асосчиси

Шундай бир улуғ неъмат борки, у ҳам бўлса диёримиз мусулмонларига Имом Аъзам (раҳматуллоҳи алайҳ) асос солган ҳанафий мазҳабида амал ва ибодат қилишликни муваффақ этди.
Ҳанафия исломдаги энг кўп тарқалган мазҳабдир. Унинг асосчиси Абу Ҳанифа 669-767 йилларда яшаган. Маълумки, ҳуқуқшунослик марказларидан бири Ироқдаги Куфа шаҳри бўлган. Пайғамбаримизнинг саҳобалари Абдуллоҳ ибн Масъ-уд (вафоти 653 й.) у ерга фақиҳ ва муаллим сифатида Халифа Умар томонидан юборилган эди. Унинг талабалари фуқаҳо сифатида тан олинди ва уларнинг энг машҳурлари-дан бири Ҳаммод ибн Абу Сулаймон (вафоти 738 й.) мазкур мазҳабга ном берган Абу Ҳанифанинг устози бўлган.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (саллоллоҳу алайҳи ва саллам) фиқҳ илми ҳақида марҳамат этиб шундай деганлар:

“عن معاوية بن أبي سفيان رضي الله عنهما قال: سمعت النبي صلى الله عليه وسلم يقول: “من يريد الله به خيرا يفقهه في الدين” (متفق عليه

Ҳазрати Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, у киши ушбу сўзни Расулуллоҳдан эшитганман, деб айтдилар: “Аллоҳ таоло кимга яхшиликни раво кўрса, уни фақиҳ (дин олими) қилади”. Дарҳақиқат, Имоми Аъзам раҳматиллоҳи алайҳга Аллоҳ таоло чиндан ҳам яхшиликни раво кўрди. Ул зотни дин илмида мумтоз қилди, мазҳабини бошқа мазҳаблардан кўра мукаммал ва мумтоз қилди.
Ривоят қилишларича, Имоми Аъзамнинг отаси Собитни болалик чоғида бобоси Зутий ҳазрат Али (р.а.) ҳузурларига олиб келиб, унинг ҳақига дуо қилишларини сўрайди. Ҳазрат Али (р.а.) Аллоҳ таоло бу боланинг ўзига ва зурриётига баракот берсин, деб дуо қиладилар. Ушбу дуо шарофатидан Собитнинг зурриётидан Имоми Аъзам машҳурлик касб этди ва бу зотнинг мазҳаблари оламга ёйилиб, шогирд ва эргашувчилари сон-саноқсиз бўлди.
Абу Ҳанифа насли эронлик, асли эса куфалик бўлиб, ўзининг исми Нуъмон ибн Собит эди. Ўзига тўқ ипак сотувчи хонадонида таваллуд топган. Аъло таълим олиб, ёшлигида сўнгги саҳобаларнинг суҳбатини олган. 22 ёшида машҳур ҳуқуқшунос Ҳам-мод ибн Абу Сулаймоннинг шогирди ва унинг даврасида 18 йил тахсилда бўлади. Устоз вафотидан сўнг 10 йил давомида ушбу тўгаракка рахбарлик қилади. У Куфа ва Басранинг энг обрўли фақиҳи хисобланган. 747-748 йилари уни давлат хизматига чорлаган Ироқ ҳокимининг зулмидан қочиб, Маккага кўчиб ўтади. Ҳокимиятга Аббосийлар келгач, Ироққа қайтади ва бой тожир хамда нуфузли олим сифатида ҳаёт кечиради. Халифа ал-Ман-сур (754-775) Бағдодда унга қози ёки бошқа юксак мартабани эгаллашни таклиф этганида қатъиян рад жавобини беради. Иродасини бўйсундириш учун ёши ва обрўсига ҳам қарамай, халифа уни қамоққа ташлаб, ҳатто савалашга буюради. Орадан кўп ўтмай Абу Ҳанифа оламдан ўтади.
Имом Абу Ҳанифа бутун умри мобайнида эллик беш марта ҳаж қилганлиги маълум. Олим сифатидаги билимларини савдо шиларида кундалик ҳаётга амалий жиҳатдан татбиқ этиш имконига эга бўлиб, қоида-қонунларни киёс ва истиҳсонни ишлатиш орқали бойитади. Қиёсни шакллашда раъй (фикр)га таяниши туфайли унинг мактаби «Ахлур-раъй» номини олади. Ҳадисларга таянганлар «Аҳлул-ҳадис» номини оладилар, бироқ Абу Ҳанифа мактаби анъанани яхши билган ва тан олган. У шундай деган: “Бизнинг бу борадаги энг аъло билимимиз раъйдир. Бу – биз эриша олган энг аъло нарсадир”.
Нўъмон ибн Собит кичик ёшида Қуръони каримни ёдлаган. Етти қоридан бири сифатида танилган Имоми Осимдан қироатни ўрганганлиги ривоят қилинади. Нўъмон ёшлигини тижорат билан ўтказганидан кейин Имом Шаъбий (туғ. 20/641 й.)нинг тавсия ва қўллаб-қувватлашлари туфайли таълим ва таҳсилни давом эттирган. Араб адабиёти, сарф ва наҳв, шеъриятни пухта ўрганган. Шаъбийнинг илмга тарғиб ва ташвиқини Абу Ҳанифа шундай ҳикоя қилади: «Кунларнинг бирида Шаъбийнинг ёнидан ўтиб кетаётсам, у мени олдига чақириб: «Қаёққа боряпсан?», – деди. Мен: «Бозорга», – дедим. У эса: «Буни айтаётганим йўқ, уламолардан кимнинг дарсига боряпсан?» – деди. Мен: «Ҳеч қайсининг», – деб жавоб берганимда Шаъбий: «Илм ва уламолар билан кўришиб туришни канда қилма. Сени ниҳоятда зукко ва илмга ташналигингни кўряпман», – деди. Бу сўзи менга далда берди. Тижоратни тўхтатиб, илм йўлини тутдим.
Имоми Аъзам вояга етган Куфа ва Ироқ турли эътиқодий ва фалсафий фирқаларнинг баҳс-тортишувлари қизғин тус олган минтақа сифатида танилган. Диндор оилада ўсиб улғайган Абу Ҳанифа ҳам бундай эътиқодий мунозара ва тортишувларда иштирок этиб турганлиги эҳтимолдан холи эмас.
Абу Ҳанифа тўғрисида халқимиз ўзларига яраша, керакли маълумотларга эга. Ул зот тўғрисида уламоларимиз кўп ва хўп гапиришган, маноқиблари, фазлу фазоиллари хусусида бир қанча китоб ва рисолалар ёзилган. Шунинг учун мавзу бўйича батафсил тўхтаб ўтирмасдан бошқа мужтаҳид ва фуқаҳоларга насиб этмаган ўнта фазилатларини баён қилишга ҳаракат қиламиз.

” يَكُونُ فيِ أُمَّتيِ رَجُلٌ يُقَالُ لَهُ أَبُو حَنِيفَةَ ، هُوَ سِرَاجُ أُمَّتيِ يَومَ الْقِيَامَةِ ” (جامع المسانيد

яъни: “Умматим ичидан Абу Ҳанифа деб аталувчи бир зот чиқади. Ана ўша зот қиёмат куни умматимнинг чироғидир”.
Бу каби Имом Аъзам (рҳ.) ҳақларидаги башоратларни ўз ичида мужассам этган ҳадисларни кўплаб келтириш мумкин.

 

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта
махсус ислом таълим муассасаси
ахборот-ресурс маркази раҳбари
М. Саиджалолова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*