Эътиқод тушунчаси

Эътиқод (арабча «иътақада» феълидан) ишонч, имонли бўлиш маъноларини англатади. Кенг маънода эътиқод инсон фаолияти учун маънавий асос, йўл-йўриқ ва мўлжал бўлиб хизмат қилувчи, ақл, ҳис ва ирода воситасида англанган билим, ғоя ва шу асосда шаклланадиган мақсадлар мажмуини ҳамда уларнинг тўғрилигига ишонч билан боғлиқ бўлган психологик ҳолатни ифодалайди. Билим ва ғоялар инсоннинг ҳам ақли, ҳам қалби билан ўзлаштириб олинганидагина эътиқодга айланади. Умуман олганда, эътиқод шахс, гуруҳ ва оммани жипслаштирувчи, одамларни ижтимоий ҳаётнинг фаол аъзосига айлантирувчи омил ҳисобланади.
Эътиқод инсон вояга етиши билан боғлиқ ҳолда тўпланган билимлар, ўзига хос эҳтиёж ва манфаатлар, ҳаётий тажриба асосида шаклланиб, мустаҳкамланиб боради ва шахс фаолиятининг изчил, мантиқий ва мақсадли бўлишига олиб келади.
Ижтимоий жиҳатдан эътиқод инсоннинг фаолияти билан боғлиқ бўлади. Зеро, эътиқод фақат амалий фаолият жараёнида ўзлигини намоён қилади. Юқоридаги сифатий хусусиятлар билан бир қаторда журъатсизлик, қатьиятсизлик ва бефарқлик каби ҳолатлар ҳам мавжудлигини ва улар эътиқоднинг заифлигини кўрсатишини қайд этиш лозим. Шунингдек «…бировнинг ҳаётига, ён-атрофда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга бетараф ва бепарво қараб, шунчаки кузатувчи бўлиб яшайдиган одамдан қўрқиш керак. Улардан ҳеч қачон яхшилик чиқмайди. Чунки уларда на имон, на ирода бўлади. Улар ҳатто ўз халқи ва Ватани тақдирига ҳам бамисоли бегона одамдек қарайди».
Олдиндан маълумки, бепарво одам душмандан ҳам хавфлироқдир. Чунки душманнинг кимлиги, асл қиёфаси сиз учун олдиндан маълум бўлади. Бироқ лоқайд ва бепарво одамнинг қиёфасини бирданига билиб бўлмайди. Шунинг учун у ёнингизда юриб, сизга қарши тиш қайрайдиган душманлар учун имконият яратиб беради.
Машҳур файласуфлардан бири ана шу ҳаётий ҳақиқатни чуқур таҳлил этиб, қуйидаги ҳаққоний фикрларни баён қилган: «Душманлардан қўрқма – нари борса, улар сени ўлдириши мумкин. Дўстлардан қўрқма – нари борса, улар сенга хиёнат қилиши мумкин. Бефарқ одамлардан қўрқ – улар сени ўлдирмайди ҳам, сотмайди ҳам, фақат уларнинг жим ва бепарво қараб туриши туфайли ер юзида хиёнат ва қотилликлар содир бўлаверади».
Эътиқоди заиф кишилар кўпинча бошқаларга эргашиб ёки тақлид қилиб яшайдилар. Шароитга қараб гоҳ у, гоҳ бу томонга оғадилар. Бундай эътиқодий заифлик шахс камолотига салбий таъсир кўрсатади.
Агар эътиқод мутаассиб, ирқий, миллатчилик, тор сиёсий ва иқтисодий манфаатлар билан чекланган бўлса, бундай ҳолда у бузғунчилик, беқарорликка хизмат қилади, ривожланишга тўсиқ бўлади. Тараққиёт, ҳурликка етакловчи ишонч ва эътиқод билан бузғунчи, алдамчи, адаштирувчи, ёлғон «эътиқод»ни фарқлаш жуда муҳим.
Шу нуқтаи назардан қараганда, соғлом эътиқод шахс дунёқараши тизимида муҳим ўринни эгаллайди. Унинг аҳамияти биринчидан, шахс дунёқарашидаги барқарорликни белгиловчи халқа сифатида чиқишида, иккинчидан, мавжуд ёки юзага келиши мумкин бўлган қийинчиликлардан чўчимасликка, уларга қарши тура олиш ва бартараф этишнинг оқилона йўлларини излашга, учинчидан, хулқидаги собитлик, изчиллик ва амалиётдаги фаолликни таъминлашга хизмат қилишида кўринади.
Шунинг учун, кишиларда ижтимоий қадриятлар, буюк келажак, тараққиётга бўлган ишончни, озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт барпо этишга бўлган эътиқодни шакллантириш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар
ўрта-махсус ислом таълим
муассасаси ўқув ишлари
бўйича мудира ўринбосари в.б
Вахидова Муаттар

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*