МУҲТОЖЛАРГА ЯХШИЛИК ҚИЛИШ

عَنْ مُصْعَبِ بْنِ سَعْدٍ قَالَ: رَأَى سَعْدٌ أَنَّ لَهُ فَضْلاً عَلَى مَنْ دُونَهُ فَقَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: هَلْ تُنْصَرُونَ وَتُرْزَقُونَ إِلاَّ بِضُعَفَائِكُمْ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.
Мусъаб ибн Саъд ривоят қилади: “Саъд ўзини бошқалардан афзалроқ деб билди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлар заифларингиз туфайли ғалаба қозонмайсизми, ризқланмайсизми!” дедилар” (Бухорий ривояти).
Бу ерда “Саъд” деб тилга олинаётган киши Мусъаб ибн Саъднинг отаси Саъд ибн Абу Ваққос (Молик) ибн Вуҳайб ибн Абдуманоф ибн Зуҳра ибн Килоб ибн Мурра ибн Каъб Абу Исҳоқ Қураший Зуҳрий розияллоҳу анҳудир. У машҳур саҳоба, жаннатийлиги хабар берилган ўн кишидан биридир. Саъд ибн Абу Ваққос барча ғазотларда қатнашган. Мазкур саҳоба жуда жасур, паҳлавон эди. Айниқса, камон отишда моҳир бўлган, бундай қобилияти кўплаб жангларда қўл келган.
Ривоятда айтилишича, Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу шижоатли, кучли бўлгани учун ўзини бошқалардан устун санаган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундан хабар топиб: “Сизлар заифларингиз туфайли ғалаба қозонасиз, ризқланасиз!” деб таълим берганлар.
“Заиф” деганда мусулмонлар орасидаги заиф тоифалар – болалар, қариялар, аёллар, беморлар, ногиронлар, моддий жиҳатдан қийналган бечораҳол кишилар, мискинлар назарда тутилади.
Яъни: эй Саъд, бошқалардан устунман, деб ўйлама! Ғалабага фақат сенга ўхшаган кучли жангчилар сабаб бўлгани йўқ. Балки мана шу заиф тоифалар дуоси, ибодати сабаб Аллоҳ сизларга душманларингиз устидан нусрат беради, ризқингизни етказиб туради.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу билан Саъдга камтар бўлишни, ўзини катта олмасликни уқтирмоқдалар.
Ибн Баттол айтади: “Заифлар дуода ихлосли, қалблари дунё ҳою ҳавасларидан, зийнатларидан узоқ бўлгани учун хушуъ билан ибодат қилишади. Аллоҳ уларнинг дуолари, ибодатлари сабаб мусулмонларга нусрат ва ризқ беради”.

وَعَنْ أَبِي الدَّرْدَاءِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: ابْغُونِي الضُّعَفَاءَ فَإِنَّمَا تُرْزَقُونَ وَتُنْصَرُونَ بِضُعَفَائِكُمْ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ وَالنَّسَائِيُّ وَأَحْمَدُ وَالْحَاكِمُ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.
Абу Дардо розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мени(нг розилигим)ни заифларга яхшилик қилиш билан талаб этинглар! Зеро, заифларингиз туфайли ризқланасиз, нусратга эришасиз”, деганларини эшитганман” (Абу Довуд, Термизий, Насоий, Аҳмад, Ҳоким ривояти. Ҳадис санади саҳиҳ).
Насоий ривоят қилган ҳадисда: “Аллоҳ бу умматга заифлари дуолари, намозлари, ихлослари сабаб нусрат беради”, дейилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мискин, бева-бечора, камбағалларга яхшилик қилишни, уларни қаровсиз қолдирмасликни алоҳида тайинламоқдалар:
“Мени(нг розилигим)ни заифларга яхшилик қилиш билан талаб этинглар!”
Яъни, розилигимни топиш, муҳаббатимга сазовор бўлиш учун заифларга, камбағалларга ёрдам беринглар. Зеро, уларнинг дуоси шарофати билан ғалабага эришяпсиз, ўлжалар қўлга киритяпсиз, мол-дунё топаяпсиз. Бойлигингизда уларнинг ҳам ҳақи бор. Шундай экан, ҳар бир ҳақдорга ўз улушини беринг. Заифларга яхшилик қилиш менинг йўлим, сизларга насиҳатимдир.

وَعَنْ سَعْدِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قُلْتُ يَا رَسُولَ اللهِ ، الرَّجُلُ يَكُونُ حَامِيَةَ الْقَوْمِ أَيَكُونُ سَهْمُهُ وَسَهْمُ غَيْرِهِ سَوَاءً قَالَ: ثَكِلَتْكَ أُمُّكَ يَا ابْنَ أُمِّ سَعْدٍ وَهَلْ تُرْزَقُونَ وَتُنْصَرُونَ إِلاَّ بِضُعَفَائِكُمْ. رَوَاهُ أَحْمَدُ وَسَنَدُهُ حَسَنٌ لِغَيْرِهِ.
Саъд ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Мен: “Эй Расулуллоҳ, агар бирон киши қавм ҳимоячиси бўлса, уники билан бошқалар улуши тенг бўладими?” дедим. Шунда у зот: “Онанг сени йўқотиб қўйгур, эй Умму Саъднинг ўғли! Сизлар заифларингиз шарофатидан ризқланасиз, ғалабага эришасиз”, дедилар” (Аҳмад ривоят қилган. Ривоят санади ҳасан лиғайриҳ ).
Ҳадисда номи тилга олинган Саъд ибн Молик айнан Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудир. Саъд отасининг куняси Абу Ваққос, исми Молик.
Айтиб ўтганимиздек, Саъд ибн Абу Ваққос жасур кишилардан эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жангда тушган ўлжани мусулмонлар ўртасида тенг тақсимлардилар. Заиф, кучсиз, курашда фаол иштирок этмаганлар ҳам бенасиб қолмасди. Саъд ибн Молик шуни мулоҳаза қилиб: “Эй Расулуллоҳ, агар бирон киши қавм ҳимоячиси бўлса, уники билан бошқалар улуши бир хил бўладими?” деб сўради.
Яъни, агар бир киши қавм ҳимоячиси бўлса ёки жангда асосий оғирликни зиммасига олиб, ғалаба қозонишда жонбозлик кўрсатса, унинг ҳам, урушда қатнашмаган ёки қисман қатнашганларнинг ҳам ўлжаси бир хил бўладими? Мардонавор курашганларга ўлжадан кўпроқ ажратилса бўлмайдими?
Унинг бу саволини эшитган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таажжуб билан: “Онанг сени йўқотиб қўйгур, эй Умму Саъднинг ўғли! Сизлар заифларингиз шарофатидан ризқланасиз, ғалабага эришасиз”, дедилар.
Яъни, эҳ сени қара! Ахир бу умматга Аллоҳ таоло заифлари дуолари, ибодатлари сабаб ғалаба беради. Сизлар бечораҳол кишилар туфайли ризқланасиз.
Юқорида келтирилган ҳадислар матни бир хил. Аммо уларнинг айтилишига турли ҳолатлар сабаб бўлган. Бундан чиқди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонларни бир-бирига ёрдамлашишга, заифларни қаровсиз қолдирмасликка муттасил даъват қилиб келганлар.
Ушбу ҳадис бошқа тузумларда мавжуд “Ишлаган тишлайди, ишламаган тишламайди” деган гап Ислом учун етти ёт бегоналигини кўрсатади. Ислом бошқа жамиятлардан фарқли ўлароқ заифларни, камбағалларни қаромсиз қолдирмасликка, уларга яхшилик қилишга чақиради. Бу билан жамият тинч-тотувлиги сақланади, юрт гуллаб-яшнайди, яхшилик қилган бандалар мартабаси кўтарилади, ризқ-насибаси мўл бўлади.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта
махсус ислом таълим муассасаси
ахборот-ресурс маркази раҳбари
М. Саиджалолова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*