Араб тилининг ўзбек лексикасидаги аҳамияти

Маълумки, лексика ва унинг ҳар хил қатламлари ўз характерига кўра турлича “товланиб”, ўзига хос лисоний қиймат касб этади. Бу нарса лексиканинг ўзига хос мураккаб лисоний сатҳ эканлигидан далолат беради. Ҳар бир халқ ва унинг тилининг бошқа халқлар ва уларнинг тили билан ўзаро алоқадорлиги ҳам лексикада акс этади. Шу боис тил лексикасини кўзгуга ўхшатиш жоиз бўлади. Кўзгу унга қаратилган ҳар бир нарсанинг аксини намойиш этгани каби, тил лексикаси ҳам ижтимоий ва руҳий оламнинг барча хусусиятларини намойиш қилади. Шу сабаб ҳам жамиятнинг ижтимоий, маънавий оламидаги ҳар бир янгилик, ҳар бир ўзгариш энг аввало луғат таркибида ўз ифодасини топади. Дарҳақиқат, лексика ижтимоий ҳаётдаги барча ўзгаришларни, халқ босиб ўтган тарихий йўлнинг изларини ўзида акс эттиради. Айни пайтда муайян тилнинг луғат таркибини тадқиқ этишда чет тил элементларининг мавқеи ва амал қилиш доираси, ўзига хос хусусиятларини ана шу нуқтайи назардан таҳлил этиш заруратини пайдо қилади. Шуни айтиш керакки, луғат таркибининг ижтимоий ҳаётдаги ўзгаришларни акс эттиришида ўзига хос қонуниятлар амал қилади. Негаки, ўзга халқлар билан маданий, маънавий, иқтисодий ва сиёсий муносабатлар ҳам тилда, ҳам унинг лексикасида акс этади. Бундай жараён тил луғат таркибида чет сўзларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлади. Жумладан, ҳозирги ўзбек тили луғат таркибида араб тилидан ўзлашган сўзлар салмоқли миқдорни ташкил этади. Бу сўзлар ўзбек тили луғат таркибидаги ўзлашган бошқа сўзлар қатламида ўзининг бойлиги ва ифодалилиги билан ажралиб туради. Ҳазрат Навоий араб тилининг бу хусусияти ҳақида “Муҳакаматул луғатайн” асарида шундай дейди: “ Барчасидин араб тили фасоҳат ойини била мумтоз ва балоғат тазйинибила мўжизатироздурким, ҳеч такаллум аҳлининг мунда даъвоси йўқдур”.
Ўзбектили луғат таркибининг бойишида ташқи манбаларнинг аҳамияти муҳим. Сўз ўзлаштириш ҳодисаси халқлар ўртасидаги турли хил иқтисодий, ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий муносабатлар асосида юзага келади. Маълумки, ўзбек тили лексикасининг ўзлашма қатлами ,асосан, арабча, форс-тожикча, русча сўзлардан иборат. Олимларнинг ҳисобига қараганда, баъзи туркий тиллар луғат таркибининг 30-35 фоизини араб сўзлари ташкил қилади. Поетик нутқда эса форсий элементларни ҳам қўшиб ҳисоблаганда, бу миқдор 95 фоизга яқинлашади. Ўзбек тили лексикасининг арабча сўзлар қатлами тарихий-ан`анавий усулда о`злашган. Араб тилидан сўз ўзлаштиришга олиб келган омиллар қуйидагича : аввало, араблар истилоси, ислом динининг кенг тарқалиши, қолаверса, араб ёзувининг қўллана бошланганлиги, мадрасаларда араб тили ўқитилиб, олим-у фузалоларнинг араб тилида ижод қилиши, туркий-араб икки тиллигининг таркиб топганлиги . Бундай сўзларнинг ўзбек тили (туркий тил) луғатига олиниши ислом дини Ўрта Осиёга кириб келган даврлардан бошланган бўлиб, ўзбек тилига асосан бевосита (араб тилида ёзилган манбалардан) ёки билвосита (форс тилида ёзилган манбалардан) ўтган: бақувват, ғамхўр, қарздор , мансабдор каби.
Араб тилида бор-йўқлигидан қатъий назар асл арабча элементлар ҳам, араб ўзагидан араб бўлмаган халқлар томонидан яратилган сўзлар ҳам тушунилади. Ўзбек классик адабиётида арабизмларнинг мавзувий гуруҳлари қуйидагилар: Фалсафий атамалар: маъно –мазмун, суврат –шакл, вахдат –борлиқнинг ягоналиги, фано –йўқ бўлиш, маърифат –билиш назарияси, мало –тўлиқлик ва бошқалар.Мантиққа оид атамалар: қиёс –аналогия, қазия –ҳукм, жавҳар –субстансия, араз –аксидентсия, ботил –ёлғон, махмул –предикат ва бошқалар.Психологияга оид сўз ва атамалар: ҳис -сезиш, хафиза –еслаш қуввати, рағбат –хоҳиш, ирода –ирода. Етикага оид сўз ва терминлар: ахлоқ –етика, ҳусни ахлоқ –хулқи яхши бўлиш, такаббур –ўзини катта олиш, хилм–юмшоқ табиатлилик, ҳалим –юмшоқ табиатли, зарофат –нозик сўзлилик ва ҳоказо. Сиёсатга оид сўз ва терминлар: сиёсат –сиёсат, жамоа –жамоат, ижтимо –жамият, раис –жамият бошлиғи адл–адолат, зулм –адолатсизлик, малик –подшо, ҳур–еркин, асорат –тутқунлик ва бошқалар.Тилшуносликка оид сўз ва атамалар: калом –нутқ, жумла –гап, исм –от, феъл –феъл, ҳарф –ҳарф, товуш, тажвид –орфоепия, имло –орфография, мухотоб –иккинчи шахс, мутакаллим –биринчи шахс, исми фоил –сифатдош, масдар –инфинитив, жаъм –кўплик, ғойиб –учинчи шахс.Адабиётшуносликка оид сўз ва терминлар: назм –поезия, шеър–шеър, байт–икки мисра, мисра –шеърнинг бир қатори, қофия–мисралар охиридаги оҳангдошлик, маснавий –жуфт қофияли поетиc асар, рубоий –тўрт мисралик шеърий жанр, аруз –шеърий ўлчовлар системасининг бир тури, хазаж, рамал, мунсарих,мутадорик, мужтасс, қариб, ғариб –баҳр (аруз вазн туркумлари) номлари. Бошқа тилдан сўз олганда, албатта, муайян меъёр сақланиши шарт, шубҳасизки, бу меъёр тилнинг яхлит сўз захирасини меҳваридан чиқариб юбормаслик учун хизмат қилади.
Ўзбек тилига араб тилидан сўз ўзлашиш жараёни узоқ давом этган. Яқин вақтларгача ўзбек тили лексикасидаги рус ўзлашмаларига катта имтиёз берилиб, ўзбек тили луғат таркибининг байналмилал сўзлар қатлами тарзида қадрланиб келинди. Аслида бундай юксак баҳо ўзбек тили лексикасидаги араб ўзлашмаларига нисбатан айтилса, маъқул бўларди. Негаки, араб луғавий ўзлашмалари ислом динидаги туркий ва туркий бўлмаган барча халқлар тилида ҳам мавжуд. Бу нарса араб луғавий ўзлашмаларининг оламшумул ва умумбашарий хусусиятлари ҳисобланиши шубҳасиз. Шу боис араб луғавий ўзлашмаларини тадқиқ этиш катта илмий-амалий аҳамият касб этади. Арабча ўзлашмалар тилимизга шуқадар сингиб кетганки, бугунги кунда сўзнинг тилимизда муқобили бўлсада, ундан воз кечмаймиз.

Хадичайи Кубро аёл- қизлар ислом
таълим муассасаси 3-курс талабаси
Мирзаева Гулҳаё

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*