Тинчлик ва осойишталик шукронаси

Ҳозирги глобаллашган жамиятда яшаётган эканмиз, ҳар куни дунёнинг турли жойларида бўлаётган воқеа ва ҳодисалардан хабардор бўлиб яшашимиз давр талабидир. Алҳамдулиллаҳ, ватанимиз тинч, осмонимиз мусаффо, фарзандларимиз оила даврасида, бехавотир ўқишга, ишга, бошқа ҳожатларимизга истлаганча бориб келаяпмиз. Ейишга таомимиз, ичишга турли туман ичимликлар бисёр. Лекин атрофга теран кўз билан боқадиган бўлсак, яқин ва узоқ атрофимиздаги кўпгина давлатларда бўлаётган урушлар, касалликлар, очарчиликлар, бошпанасиз инсонлар, юпун кийинган ва болалигидан мосуво бўлган ёш болалар, еб-ичишга озуқаси йўқ очлар, бир парча ерга зор бўлган қочқинлар, касалликдан ўлаётган одамлар…
Тафаккур қилган қалб билан инсоф юзасидан қарасак айнан шундай! Санаб ўтилганлар мақола ёзиш учун кўпиртириб ёзилган сўзлар эмас ахир…
Имом Байҳақий қилган ривоятда Али ибн Абу Толиб: “Неъмат шукр ила улангандир. Шукр эса зиёдага боғлангандир. Бандада шукр узилмагунча зиёда қилиш ҳам узилмайди”, деганлар. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло каломида: “Агар шукр қилсангиз албатта сизга зиёда қиламан” (Иброҳим 7-оят), деган ваъдаси бор.
Дунёда мусулмонлар жуда кўп. Улардан беҳисоб неъмат берилганлари ҳам талайгина. Бизга ато этилган жисмимиздаги неъматлардан ташқари ислом, соғлик-саломатлик, тинчлик-хотиржамлик, ватан, вақт, ақл-заковат, оила, фарзанд, илм, тафаккур, офият, ризқ, … Давом эттирадиган бўлсак, Аллоҳ айтганидек, санаб адоғига етолмаймиз. Ана шундай беҳисоб неъматлар ичра эканлигимизни тафаккур қилиб, Аллоҳга чексиз ҳамдлар айтишимиз, неъматларини зиёда қилиши учун шукрона келтиришимиз, қадрига етишимиз керак.
Қуйида шукр борасида диний адабиётларда келтирилган баъзи маълумотлар билан танишамиз.
Шукр – неъмат берувчи Аллоҳ таолога мақтов сўзларини айтиш ва неъматни уни берган Зотнинг розилиги учун ишлатиш демакдир. Шукр уч турга бўлинади:
1. Қалб шукри. Бу неъматни тасаввур қилишдан ва шу сабабли яхшиликни қасд қилишдан иборат.
2. Тил шукри. Бу неъмат берувчини зикр қилиб ҳамд айтишдан иборат.
3. Аъзолар шукри. Бундан Аллоҳнинг неъматларини У Зотнинг тоати учун ишлатиш, маъсиятига ишлатмаслик тушунилади .
Шукр тил билан бўлганда Аллоҳни улуғлаб ҳамд, зикр, дуо қилиб адо этилади. Яна Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўргатиб кетган дуоларни ўқиш ҳам мақсадга мувофиқ.
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам у кишининг қўлларидан тутиб: “Эй Муоз, мен сени яхши кўраман. Мен сенга ҳар бир намоздан кейин “Аллоҳумма инний ала зикрика ва шукрика ва ҳусни ибадатика”, дейишингни тарк қилмаслигингни тавсия қиламан”, дедилар”. Ушбу ривоятдаги дуонинг маъноси: “Аллоҳим, менга зикрингни, шукрингни ва сенга чиройли ибодат қилишимга Ўзинг ёрдам беришингни сўрайман”.
Бундан ташқари Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таомдан сўнг ҳамд айтишлари барчамизга маълум ва машҳурдир. Бу гўзал одат бизга сингиб, ҳатто одат даражасига етиб борган. Яна у Зотнинг оёқлари шишиб кетгунча намоз ўқиганларида Оиша онамиз: “Сизнинг аввалги-ю охирги гуноҳларингиз мағфират қилинган бўлса ҳам ўзингизни қийнайсизми?”, деб сўраганларида: “Шукр қилувчи банда бўлмайинми?”, деб жавоб берганлари, биз барча умматга юксак намунадир.
Қаранг-ки, инсон қўлидаги, атрофидаги нарсаларга шукр қилгани сари фақат ўзига фойда-манфаат олади. Унинг шукридан Аллоҳ беҳожат Зотдир. Банда шукр айтиш билан иймони мукаммалашади. Роббисининг розилигини топади, нафс хотиржамлиги, ақл комиллигига эришади, Аллоҳ унга янада беҳисоб неъматлар беради ва уни Ўзи муҳофаза қилади. Юқоридагилар бу дунёдаги мукофотлардир. Охиратда эса бундан ҳам улуғ мартабаларни тайёрлаб қўйган. Ким буларни хоҳламайди? Ҳамма ҳам хоҳлайди. Шундай экан, Шакур исм-сифатли зотга шукр қилайлик.
Ислом тарихига назар ташласак, бани Исроилга Аллоҳ таоло қанчадан-қанча оят-мўжизаларини кўрсатди. Улар эса Аллоҳга осий бўлиб ношукрлик қилдилар. Аллоҳ айтади:
“Яна эсланг, “Ей Мусо, биз бир хил таомга сабр қила олмаймиз. Роббингдан дуо қилиб сўра, бизга ердан чиқадиган бодринг, саримсоқ, мош-ловия, пиёз каби сабзавотлар чиқариб берсин”, дейишганида, У “Яхши нарсани (бедана ва ширинликларни) паст нарсаларга алмаштирмоқчимисиз? Шаҳарга тушингиз сиз сўраган нарсалар бор”, деган эди. Уларга (бу ношукрликлари сабабли) хорлик ва мискинлик битиб қўйилди ва Аллоҳнинг ғазабига учрадилар …”(Бақара сураси 61-оят)
Ношукрлик оқибатида Аллоҳнинг ғазабига гирифтор бўлинса, шукр сабабли Аллоҳнинг марҳаматига эришилади. Қуйидаги ривоятни келтириб ўтишни лозим деб топдик. Ривоят қилишларича, қадим замонда Султон ота исмли иймон-еътиқодли киши яшаган экан. У нафсини ақлига бўйсундирган, сабр-тоқатли, қалби Аллоҳга шукронага тўла мўмин экан. Кунлардан бирида бемор биродарини зиёрат қилиш учун йўлга тушибди. Йўлда шукрона айтиб борар экан, беҳосдан қоқилиб йиқилибди. Ота дарров ўрнидан туриб, ўзини ўнглаб олибди ва: “Эй Худо, Ўзингга шукр! Қариб қолсам ҳам, ўз оёғим билан юрибман. Йиқилсам ҳам шикаст топмадим”, дея йўлда давом этибди. Яна бир неча қадам босгач тағин йиқилибдилар. Султон ота ўзларини ўнглаб олгач: “Эй Роббим, Ўзингга шукр! Йиқилсам ҳам қаттиқ шикаст емадим. Тиззам бироз шилинди-ю, қон чиқмади”, деб кетаверибди. Кутилмаганда у кишининг рўпарасидан юзига ниқоб таққан бақувват бир йигит чиқиб қолибди. У отага ёрдамлашиб юборибди. Султон ота дўсти яшайдиган хонадонга етгач, йигитни дуо қилиш учун фотиҳага қўл очибдилар. Шунда йигит: “Ҳай-ҳай ота мени дуо қилиб овора бўлиб юрманг, барибир тегмайди. Чунки мен шайтонман”, дебди. Султон ота ҳайрон бўлиб: “Ей бадбахт, агар сен шайтон бўлсанг, нега менга яхшилик қилдинг. Сенинг ишинг бандаларни йўлдан уриш-ку!” дебдилар. Шайтон: “Тўғри, биз яхшилик қилмаймиз. Ўзингиз оч бўла туриб бемор биродарингизга иккита нон олиб кетаётганингиз учун Худо фаришталарига: “Қаранг анави бандам бир беморни кўнглини обод қилгани кетяпди”, деб сизга муҳаббат назарини солди. Шунда мен ёниб кетдим. Сиз биринчи бор йиқилиб тушганингизда Аллоҳга ҳамд айтдингиз. Аллоҳ амр қилди: “Шу бандамни барча гуноҳларини кечдим”, деди. Мен баттар ғазабландим. Сиз иккинчи бор йиқилганингизда яна шукр айтдингиз. Аллоҳ яна амр қилди: “Шу бандамни етти пушти қилган гуноҳларини кечдим. Унга Жаннатдан шундай жой ҳозирлангки, ҳатто авлиёлар ҳавас қилсин!”. Мен бундан жуда аччиқландим. Сизни манзилингизга етказишга ошиқдим. Бўлмаса, яна бир марта йиқилиб шукр қилсангиз, Аллоҳ бутун шаҳар аҳолисини гуноҳини кечириб юбориши мумкин, деган хавотирдаман”, деган экан .
Ривоятдан аниқ бўлди-ки, неъматга шукроналик неъматни янада зиёда қилишига сабаб бўлар экан. Дунёда бўлаётган воқеа-ҳодисалардан айтиш мумкин-ки, бизга берилган тинчлик неъмати энг катта неъматлардандир. Биз бу неъматга шукр қилишимиз учун баъзи давлатларда бўлаётган урушларга, у ердаги инсонларнинг кўрган қийинчиликларига назар солсак, бугунги куннинг қадрига етамиз. Аллоҳ бизга ана шундай қийинчиликларни кўрсатмаганига шукр қиламиз. Узоққа бормайлик: яқиндагина Ш.Мирзиёев ташаббуси билан “Меҳр-1” ва “Меҳр-2” номли оператсия ила қайтарилган аёллар, ёш болалар, гўдакларни эсланг ёки шу кунларда бутун дунёда ваҳимага сабаб бўлаётган Cоvid-19 деб номланган янги короновирус билан касалланаётган ёки ўлаётган одамларни тасаввур қилинг.
Ривоят қилишларича бир подшоҳ мулозимлари, хизматчилари билан кемага минибди. Кема жойидан қўзғалиши билан олдин ҳеч кемага чиқмаган бир хизматчиси чўкиб кетишини ўйлаб дод-вой қила бошлабди. Шу даражада саросимага тушибди-ки, подшоҳ ва мулозимлари ҳам ундан безовта бўлибди. Атрофдагилари ҳар қанча кема хавфсиз эканлигини тушунтиришса ҳам уларнинг гапини эшитмас, фақат бақириб-чақирибди. Кемада бир доно киши бор экан. У подшоҳдан уни тинчитиш йўлини билишини ва бунга изн беришини сўрабди. Подшоҳдан рухсат олгач, бир неча киши уни кўтариб, денгизга ташлаб юборибдилар. У дод-вой солганича кеманинг олдига осилиб, сузишни билмай денгизнинг шўр сувини ютиб ҳолдан тойганида денгиздан чиқариб олишибди. Энди хизматчи кеманинг бир чеккасида қалтираб, оғиз очмай жим ўтирар эди. Бўлган воқеани тушуна олмаган подшоҳга доно киши: “Бу одам денгизда ғарқ бўлиш машаққатини бошидан кечирмагани сабабли кемадаги тинчлик, саломатликнинг қадрини билмади. Мусибатга гирифтор бўлмаган одам тинчлик-саломатликни қадрига етмайди”, деб тушунтирди .
Дарҳақиқат, инсон хавф-хатарга йўлиқмагунича Аллоҳ берган тинчлик неъматига Аллоҳга шукр этмаслиги мумкин. Бежизга Аллоҳ бизга ақл, тафаккур неъматларини бермаган, биз шукр қилишимиз учун бошимизга мусибат келишини кутиб ўтиришимиз шарт эмас. Аллоҳнинг бизга берган, санасак адоғига етолмайдиган неъматлари учун шукр қилиб, бу неъматларни ғанимат билиб, асраб-авайлаб, қадрлаб, илм олиб, амал қилиб, келажак авлодни тўғри тарбиялаб, ватанимиз ривожига ўз ҳиссамизни қўшиб, турли ёт оқимларга алданмасдан, исломда собитқадам бўлиб, Аллоҳнинг ризосига эришишимизни Аллоҳ барчамизга насиб этсин! Ўзига мунтазам шукр қилувчи муқарраб бандаларидан қилсин, амин!

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

Зухра Ходжимуратова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*