1 Ислом ниқоби остидаги террористик ташкилотлар ва уларга қарши далиллар – .:: Xadicha.uz

Ислом ниқоби остидаги террористик ташкилотлар ва уларга қарши далиллар

Ҳаммамиз бебаҳо неъматлар ичидамиз. Нафасимизнинг кириб-чиқиб тургани, танамиз соғлиги, юртимизнинг ҳурлиги ва тинчлиги, етарли озуқамиз ва кийим-кечагимизнинг борлиги, ҳаво ва сувнинг мавжудлиги, фарзандлар бериб қўйилгани, буларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг улуғ инъомидир. Парвардигоримиз моддий ва маънавий неъматларни мукаммал бериб қўйган. Бунинг эвазига эса биздан фақат бир нарсани – Ўзига итоат қилишимизни, неъматларига шукр айтишимизни талаб қилади, холос.
Худди шу каби мустақиллик, ҳуррият, бировларга қарам ва мутеъ бўлмаслик Аллоҳ таолонинг халқимизга, юртимизга, миллатимизга ато этган энг улуғ неъматидир. Неъмат бўлганда ҳам, ҳар куни, ҳар соат бу ҳақда фикр юритиладиган, ҳар дам бунинг шукрини қилинадиган, унинг қадри, шарафи, бардавомлиги кўз қорачиғидай авайлаб асраладиган бебаҳо неъматдир. Бу неъматнинг миқёси, кўлами, аҳамияти ва моҳиятини англаш ва ибратланиш, хулоса чиқариш кифоя қилади. Айниқса, бу нарса Ислом дини равнақи, мусулмонларга яратилган эркинликлар ва шароитлар соҳасида яққол кўзга ташланади. Ҳар бир оқил инсон бу ҳақда озгина мулоҳаза юритса, ўйлаб кўрса, солиштирса ҳамма нарса ойдинлашади, ҳақиқат бор қадди билан намоён бўлади. Яқин ўтмишда бошқа диний китоблар у ёқда турсин, ҳатто Аллоҳнинг каломи – Қуръони каримни айрим кишиларнинг ўз жонини, оиласининг келажагини гаровга қўйган ҳолда сақлаб, мутолаа қилиб келган юртимизда, сўнги йилларида диний адабиётлар нашрига кенг йўл берилди. Шунингдек, Имом Бухорийнинг асарлари, Бурҳониддин Марғинонийнинг, Абу Исо Термизийнинг, мазҳаббошимиз Имом Аъзамнинг Асарлар Ҳаким ат-Термизийнинг, Абу Ҳомид Ғаззолийнинг, Имом Набавийнинг китоблари, «Аҳли суннат вал жамоа ақоиди», каби машҳур асарлар, ақоид, фиқҳ усуллари, ҳадис, сийратга доир ўнлаб дарслик ва китоблар нашр этилмоқда.
“ …Биз ислом дини ота-боболаримиз дини эканини, у биз учун ҳам имон, ҳам ахлоқ, ҳам диёнат, ҳам маърифат эканини доимо юксак қадрлаймиз. Халқимизнинг минг йиллик тарихини, бугунги маънавий ҳаётини, дину диёнатимизни мухтасар ифодалаб, айтиш мумкинки, Аллоҳ бизнинг қалбимизда, юрагимизда. Динга ҳурмат ва эътиқод биз учун ўлмас қадриятдир”.
Инсонни инсон қилиб турган энг муҳим асос нима? Албатта эътиқод. Чунки у шикаст топса инсоннинг онг тафаккури ва дунёқараши ҳам шикастланади. Ўзлигини йўқотади. Барчамизга маълум айнан мана шу эътиқод борасида бугунги кун ҳамиша огоҳ бўлиб яшашни талаб этмоқда. Ҳақиқатдан ҳам, дунё жамоатчилигини ташвишга солаётган, мафкуравий полигонлар орқали инсонларнинг соф эътиқодларини, ядровий полигонлари орқали уларнинг ҳаётларини зарарлаётган ақидапарастлар кимлар ўзи? Аллоҳ таолонинг Ўз каломида:
ادْعُ إِلَى سَبِيلِ رَبِّكَ بِالْحِكْمَةِ وَالْمَوْعِظَةِ الْحَسَنَةَِ
“(Эй, Муҳаммад) Роббингизнинг йўли (дини)га ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даъват этинг!” (Наҳл сураси, 125 оят) – деган хитобини оёқости қилиб, ислом динидаги муқаддас тушунчаларни ботил ақидаларига мослаштиришга уринаётганлар кимлар? Уларнинг мақсади нима? Айни дамда, мана шундай, инсонларнинг Ислом динига, унинг пок номига шубҳа ҳатто нафрат билан қарашига сабаб бўлаётган манфур шахслар фаолияти ҳамда уларнинг ботил ақидалари хусусида фикримизи айтиш учун , даставвал бугунги кундаги таҳликали фитналарга сабаб бўлаётган экстримистик оқимларнинг яширин ва ошкора тарзда олиб бораётган фаолиятлари борасида сўз юритадиган бўлсак, Аллоҳ таолонинг Ўз каломида:

«Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларини қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир (Моида сураси, 32 оят)
– дея огоҳликка чақиради.
Айни вақтда, дунёнинг барча давлатлари БМТ, Европа иттифоқи, Араб давлатлари лигаси каби халқаро ташкилотлар, АҚШ, Австралия, Саудия Арабистони, Буюк Британия, Индонезия каби давлатлар ИШИД ни террорчилик ташкилот деб эълон қилиб, уларнинг Ислом динига мутлақо алоқаси йўқлигини такрор-такрор таъкидламоқдалар. Динимизнинг асоси – Қуръони карим ва суннати набавияда қўни-қўшничилик ва бошқа турли кўринишдаги ўзаро муомалаларда ҳам бағрикенгликка тарғиб қилинган. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўплаб ҳадисларида ғайридинга ҳам инсонийлик юзасидан яхши муомалада бўлишга тарғиб қилганлар.
Юқоридагилардан хулоса қиладиган бўлсак, динимизнинг тинчликка бўлган эътибори нечоғлик катта ҳамда бағрикенглик унинг негизи эканлиги яққол кўриниб турибди. Юртимиз мўмин-мусулмонлари бу анъаналарга
содиқ қолиб, диний ва миллий аҳиллик ва тотувликка катта ҳисса қўшиб келмоқдалар. Бу борада бутун жаҳон аҳли бизга ҳавас билан қараяпти. Лекин терроризм деган бало дунёнинг деярли барча гўшаларида умумий хавфсизликка ва динлараро дўстликка қарши жиддий таҳдидга айланиб бораётган бир пайтда доим ҳушёр, зийрак бўлишимиз лозим. Турли адашган гуруҳлар бошқа динларга эътиқод қилувчиларнинг барчасини “кофир” деб эълон қилиб, уларга қарши куч ишлатишга даъват этишларига йўл қўймаслигимиз даркор. Сир эмас, қора ниятли кучлар ёки бошқача қилиб айтадиган бўлсак, фитначи гуруҳлар юртимизда эътиқод эркинлиги борасида олиб борилаётган ишларни, эришилаётган ютуқларни атайлаб бузиб кўрсатишга уринмоқдалар. Интернет ва бошқа воситалар орқали турли миш-мишлар тарқатиб тинчлигимизни бузишга ҳаракат қилмоқдалар. Ҳолбуки, одамларни динга ва диний кўрсатмаларни бажаришга зўрлаш Исломнинг моҳияти ва руҳига мутлақо зиддир. Қолаверса, Қуръони каримнинг
Бақара сураси 256-оятида:… (سورة البقرة/256) لَا إِكْرَاهَ فِي الدِّينِ قَدْ تَبَيَّنَ الرُّشْدُ مِنَ الْغَيِّ
яъни: “Динда мажбурлаш йўқ, зеро, тўғри йўл янглиш йўлдан ажрим бўлди дейилиб, насронийлар ва яҳудийлар “аҳли китоб” саналиши ҳақида кўрсатмалар келган. Айниқса, террорчиларнинг худкушлик
усулини ишга солиб портлатишлар қилаётгани, бундай қабиҳ ишларга турли алдов воситалари билан болалар ва аёлларнинг жалб қилиниши ислом дунёсини ларзага солмоқда. Қуръони каримда: وَلَا تَقْتُلُوا أَنْفُسَكُمْ … (سورة النّساء/29)
яъни: “Ўзларингизни (бир-бирингизни ноҳақ) ўлдирмангиз”…!
Ҳадиси қудсийда эса: “Эй бандаларим, бу дунёда зулм қилишни қўйинглар, шу сизларга охират азобидан енгилроқдир”,- дейилади. Бу ўз жонига қасд қилиш ва бошқа одамларнинг ҳаётига зомин бўлиш Ислом асосларига тамоман зид эканини кўрсатади. Бундай ғайриинсоний даъватлар
ва ҳатти-ҳаракатларга бош қўшаётганлар юртимизга четдан суқилиб кириб келган бузғунчи оқимларнинг таъсир доирасига тушиб қолган айрим адашган кимсалар, холос. Шукрки, халқимизнинг, диёримиз мўмин-мусулмонларининг аксарият, кўпчилиги бундай нопок қилмишларни қаттиқ қоралайди ва Ислом динимиз, аҳли сунна вал жамоа таълимотига содиқлигини янада мустаҳкамлаш йўлидаги ибодатларида собитдир Юртимиз мусулмонлари бошқа динларнинг вакиллари билан биргаликда ягона мақсад – Ватанимиз Ўзбекистоннинг янада гуллаб-яшнаши йўлида ҳаракат қилмоқдалар. Биз улар билан турли тадбирлар, анжуманлар ўтказиб бу борадаги муштарак вазифаларимизни самимий маслаҳатлашиб турамиз. Бир-бирларимизни диний байрамларимиз билан қутлаймиз. Бу, шубҳасиз, мамлакатимизда қарор топган тинчлик-осойишталикда ўз ифодасини топмоқда.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта
махсус ислом таълим муассасаси
ахборот-ресурс маркази раҳбари
М. Саиджалолова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*