ИСЛОМДА ҲИЖРАТ МАСАЛАСИ

Ислом деганда кўз олдимизга энг биринчи бўлиб, Аллоҳ таолонинг охирги пайғамбари Муҳаммад сав келадилар. Сўнгра у зотнинг аҳли байтлари ва саҳобаи киромлари. Расулуллоҳ сав ўзларидан сўнг умматларини ҳар бир ишда Аллоҳнинг китоби ва пайғамбарининг суннатига эргашишга буюрдилар.
Тарихга назар соладиган бўлсак Муҳамммад сав туғилиб ўсган юртлари Маккада пайғамбар бўлганларидан кейин 13 йил яшадилар. Мушрикларнинг тазйиқларига чидадилар. Маккадан Мадинага ҳижрат қилиш энг охирги чора, қочиб жонларини, динларини сақлаш учунгина бўлди.
Дини ва иймони хавф-хатарда қолган ҳар бир мусулмон дунёвий манфаатларидан кўз юмиб, дину диёнатини сақлаш мақсадида тинч-омон жойга ҳижрат қилишга мажбур бўлиб қолади.
Қайси бир юртда яшаётган мусулмон, агар ўз динига амал қилиш имкони бўлса, виждон эркинлиги кафолатланган бўлса, диний ибодатларини ўз ўрнида бажара олаётган бўлса, унга ҳижратнинг иккинчи маъноси яъни маъсият, гуноҳ ишлардан ҳижрат қилиш фарз бўлади.
Аслида ҳижрат икки турли бўлади:
Биринчиси: Жон ва дин саломатлиги йўлида амалга ошириладиган маконий ҳижрат бўлиб, Аллоҳ йўлида ўз ерини тарк этиб, ислом диёридан бошпана топмоқ ёки фитна авж олган ерларни ташлаб, фитна камроқ бўлган ерга чиқмоқдир.
Иккинчиси: Гуноҳ-маъсиятларни ва Аллоҳ қайтарган ҳар қандай нарсани ҳажр қилиш, яъни тарк этиш.
Ҳадиси шарифларда келтирилишича Абдуллоҳ ибн Амр ра дан ривоят қилинишича Расулуллоҳ сав дедилар: “Тили ва қўлидан мусулмонлар саломат бўлган киши мусулмондир. Аллоҳ таъоло қайтарган нарсадан ҳижрат қилган киши муҳожирдир” (Бухорий ривояти).
Абдуллоҳ ибн Амр ра дан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан энг афзал ҳижрат ҳақида сўрашганида: – Аллоҳ ҳаром қилган нарсани тарк этган киши!- деб, жавоб бердилар. (Абу Довуд ва Насоий ривояти).
– Ҳижрат зоҳирий ва ботиний бўлади. Ёмонликка буюрувчи нафс ва шайтон чақириғига жавоб бермаслик – ботиний ҳижрат. Динини фитналардан олиб қочиш – зоҳирий ҳижрат.
Шукрлар бўлсинки, бизнинг юртимиз, Ўзбекистон Республикасида барча фуқароларнинг диний эркинликлари кафолатланган. Ҳеч кимни намоз ўқигани учун, Қуръон ўқиган учун ёки рўза тутгани учун жазоланмайди. Муқаддас ислом динимизни ўрганиш, унга амал қилиш борасида жуда кўп ҳайрли ишлар амалга оширилмоқда. Диний таълим соҳасига ҳам катта имкониятлар яратилган бўлиб, ҳар бир инсон диний билим ва малакаларини бемалол ошириши мумкин.
Ҳозирги кунимизда ҳижрат ҳақида ўз ҳавои нафсларига кўра ҳар хил гаплар тарқатаётган кишиларнинг асл мақсади, дин номидан ёлғон ишлатиб инсонларни алдаш, уларни тўғри йўлдан адаштириш ва улардан ўзларининг ғаразли мақсадларида фойдаланишдир.
Улар аввал ҳижрат қилишга тарғиб қиладилар, сўнгра уларга алданиб ўз юртини ташлаб келганларни қўпорувчилик, террорчилик ишларига мажбур қиладилар ёки ўлимидан сўнг жаннат ваъдасини бериб, турли хунрезликни қилдирадилар.
Муҳожирликка чақираётган бундай ватанфуруш инсонлар иймон, намоз, закот, рўза, ҳаж каби асосий дин арконларидан, исломнинг асл моҳиятидан инсонларни чалғитиб, ҳижрат қилиш, қон тўкиб жиҳод қилишни исломнинг, мусулмонликнинг асосий шартлари қилиб кўрсатадилар.

 

Хадичаи Кубро аёл-қизлар
ўрта-махсус ислом таълим
муассасаси ўқув ишлари
бўйича мудира ўринбосари в.б
Вахидова Муаттар

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*