Буюк хулқ эгаси ким?

Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ таоло биз бандаларига “Батаҳқиқ, сизлар учун Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун гўзал ўрнак бор эди”. (“Аҳзоб” сураси 21-оят) ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга “Ва албатта сен улкан хулқдасан” (“Қалам” сураси 4-оят) деб марҳамат қилади. Шунинг ўзи Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ва у кишининг хулқлари улуғлигига ва биз умматга гўзал ўрнаклигига катта ҳужжатдир.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен яхши хулқларни тугал қилиш учун юборилганман” дедилар. Яна кўплаб ривоятларда у Зотнинг хулқлари “Қуръон” эканлиги машҳур. Бундан кўринадики, динимизнинг ахлоқ-одобга оид таълимотларини руҳий тарбия илми Қуръони Карим ва суннат асосида баён қилиб беради.
Ҳусни хулқли бўлиш нақадар фазилат эканлигини қуйидаги ҳадисдан билиб олишимиз мумкин:
Абу Дардо разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: Тарозида ҳусни хулқдан кўра оғирроқ нарса йўқдир” дедилар.
Ҳатто, Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳудек зот ўз хулқларини назорат қилиб: “Менга айбларимни ҳадя қилган кишини Аллоҳ раҳм қилсин” дер эдилар. Бу ҳақда Салмон разияллоҳу анҳудан қаттиқ туриб сўрайверганларида у киши “менга сизнинг икки сидра кийинганингиз бирини кундузи иккинчисини кечаси киярмишсиз” деб жавоб берибдилар.
Шунда “бу тўғирланди деб ҳисоблайвер” дедилар ҳазрати Умар.
Буюк хулқ эгасининг энг олди шогирдлари шу тариқа ўзларини назорат қилиб Аллоҳнинг розилигини топганлар.
Руҳий тарбия устозлари инсон хулқини яхшилаши ва айбини аниқлашнинг тўрт йўлини келтирганлар:
1) Ҳусни хулқли устоздан таълим олиш. Айбларини билиб, давоси устида изланиш;
2 ) Мўмин дўст топиш. Зеро мўмин мўминга ойна;
3) Ўз айбини билишда душмандан фойдаланиш. Душман одатда хато топиб йиқитиш пайида бўлади;
4) Одамларга аралашиб, улар билан муомалада бўлиб, улар ёмон кўрган нарсадан қочиш.
Бу омиллар инсонни камолотини таъминлашга хулқини дақиқ жойларигача ислоҳ қилишга олиб боради.
Бундан кўринади-ки, ҳусни хулқли бўлишимиз энг олий мақсадимиз Яратганнинг розилиги ва унинг мукофоти “Жаннат”га эришиш омили деб қарасак нафақат ўзимиз, балки аҳли оиламиз, шу билан бирга жамиятни ислоҳ қилган бўламиз. Бундан ортиқ бахт борми?!

 

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус таълим муассасаси

4-курс талабаси Сулаймонова Муслима

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*