ҲУСНИ ХУЛҚ – КОМИЛЛИК БЕЛГИСИ!

Аллоҳ таоло инсонларнинг суратини гўзал шаклда яратиб қўйган. Бу гўзаллик инсонни Аллоҳ таоло яратган бошқа маҳлуқотларига қиёслаганда яққол намоён бўлади, агар инсон ўз сийратини ҳам, хулқини ҳам гўзал қилса, ҳақиқий комил инсон бўлади. Барча яхши хулқ ва сифатларни ўзида жамлаган ва шу хусусда инсонлар учун намуна бўлган зот Расулуллоҳ (с.а.в) эдилар.

Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қалам сураси, 4–оятида шундай марҳамат қилади: “Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз!” Ушбу оятда Расулуллоҳ (с.а.в) хулқларининг улуғ эканлиги баён қилинмоқда.

Ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз (с.а.в):

“Мен яхши хулқларни мукаммал қилиш учун юборилганман”, деганлар. Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг жуфти ҳалоллари Оиша (р.а) онамиздан у зотнинг хулқлари ҳақида сўрашганда: “Хулқлари Қуръон эди” деб жавоб берганлар. Яъни у зот Қуръони каримдаги барча яхши одоб-ахлоқларини олий хулқларни, гўзал фазилатларни ўзларига сингдириб, Қуръонда мазаммат қилинган, ёмонланган хулқлар, ишлардан ўзларини поклаб олган зот эдилар. Бизлар ҳам ўзимизга намуна бўлишга энг хақли зот-Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга, у зотнинг суннатларига эргашсак бундан фақат ва фақат фойда оламиз.

Инсоннинг хулқи чиройли бўлиши учун аввало, унинг қалби пок бўлиши лозим. Чунки, қалб инсон жасадининг подшоҳи, қолган аъзолар унга тобедир. Агар қалб пок бўлса, қолган аъзолар ҳам унга эргашади, агар у нопок бўлса, барча азолардан нопок амаллар содир бўлади. Қалб поклиги борасида буюк аллома Имом Ғаззолий (р.а.) шундай деганлар: “Киши зоҳирини нажосатлардан сақлаши, ундан узоқ юриши лозим. Аммо, ботиний нажосатлар ҳам борки, улардан сақланиш ундан ҳам муҳимроқдир. Чунки, ботиний ифлосликлар, яъни қалб нопоклиги кишини нафақат бу дунёда ҳалокатга бошлайди, балки охиратда ҳам аламли азобга дучор бўлишига сабаб бўлади. Покликни истовчи қалб гўё бир ошиён, фаришталар қўнадиган макон. Гина, ҳасад, кибр, ғараз, ғазаб, мараз каби қалб касалликлари жирканч махлуққа ўхшайди. Фаришталар қандай қилиб, бундай маконда қўним топсинлар!”

 Демак қалбларимизни юқоридаги иллатлар ва яна уларга ўхшаш мақтанчоқлик, бахиллик, ҳирс, таъма, ғурур, риё, мутакаббирлик, ёмон ният каби иллатлардан поклаб, фаришталар макони бўлмиш қалбларимизни камтарлик, тавозе, яхши ният ва бошқа гўзал хулқлар билан безамоғимиз зарур.

Ахлоқ илми уламолари “Одамдаги ахлоқлар уни яратилишида қўшилиб яратилган бўладими ёки киши ахлоқни кейин ўрганадими?” деган саволга: “Ота-онасида мавжуд бўлган баъзи ахлоқлар инсонга онасининг қорнидалик пайтидаёқ ўтади. Аллоҳ бандани яратиш чоғида ахлоқ қобилиятини ҳам қўшиб яратади. Инсон ўсиши жараёнида, тарбия, муҳит ва одатланиш оқибатида у ёки бу ахлоқни ўзида ривожлантиради ёки йўқотиб юборади.” деганлар. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг чиройли хулқ ҳақидаги ҳадиси шарифлари жуда кўп. Улардан баъзиларини келтириб ўтиш мақсадга мувофиқ деб билдик.

Бир ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менга сизларнинг севимлироғингиз ва охиратда менга энг яқин турадиганингиз хулқи гўзал бўлганларингиздир. Менга ёқимсизингиз ва охиратда мендан узоқ турадиганингиз хулқи ёмонларингиздир” деганлар.

Улуғ саҳобалардан Ибн Аббос (р.а): “Яхши хулқ қуёш қорни эритганидек, хатоларни эритади, ёмон хулқ ҳам асални сирка бузганидек, амални бузади”, деганлар. Яна бир улуғ саҳоба Муоз ибн Жабал (р.а) ўзларига Расулуллоҳ(с.а.в)нинг охирги васияти: “Одамлар билан муомалада хулқингни чиройли қил, эй Муоз ибн Жабал” деган сўзлари бўлганини айтар эдилар.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат куни мўминнинг мезонида чиройли хулқдан кўра оғирроқ нарса бўлмас. Албатта, Аллоҳ таоло фахш ва жирканч сўз айтувчини ёмон кўрур” деган бўлсалар бошқа бир ҳадиси шарифда: “Албатта, мўмин ўзининг чиройли хулқи билан рўза тутувчи ва бедор бўлувчининг даражасини топади, деганлар. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан “жаннатга одамларни кўпроқ киргизадиган нарса” ҳақида сўралди. У зот, “Аллоҳдан қўрқиш ва чиройли хулқ, дедилар. Шунда у зотдан одамларни кўпроқ дўзахга киритадиган нарса ҳақида сўралди. Бас у зот: “Оғиз ва фарж ҳамда ёмон хулқдир” дедилар. 1

Гўзал хулқ анбиёлар ва сиддиқларнинг, яхшиларнинг сифатидир. Ёмон хулқлар заҳри қотилдир. Ёмон хулқлар ўз эгасини шайтоннинг йўлига ва обрўйини тўкадиган абадий хасталикка бошлайди. Шунинг учун хулқларимизда баъзи қалб касалликлари борлигини сезсак, ўша касалликни унинг зидди билан тезда муолажа қилишимиз зарур. Масалан, бахилликни саховат, ғазабни ҳилм, жоҳилликни илм, кибрликни тавозе ва камтарлик билан даволаш керак. Инсон ўз айбини топиб, хулқини чиройли қилиши учун қуйидаги тўрт ишдан фойдаланиши керак.

  1. Инсонларни айбларини кўра оладиган устоз олдида таълим олиш.
  2. Садоқатли, художўй дўст топиш.
  3. Душманларнинг унинг айби тўғрисидаги фикрларини тинглаш. Зеро, душман кичик айбларни ҳам кўра олади.
  4. Одамларга аралашиб, улар ёмон кўрган нарсалардан сақланиш. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг яхшингиз чиройли хулқлигингиздир” деганлар. Одамларни яхшиси бўлишга ҳаракат қилиш, хулқларимизни чиройли қилишга тиришишимиз лозимдир.

Ҳадисда келтирилишича: «Одамларга аралашмаган, уларнинг озорларига сабр қилмаган мўминдан, одамларга аралашган, уларнинг озорларига сабр қилган мўмин афзалроқдур». Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни саҳобаларидан: «Хўш, кимни энг кучли одам деб ўйлайсизлар?» – деб, сўрадилар. Саҳобалар: «Рақибини тезлик билан енгадиган, йиқитадиган киши энг кучли полвон бўлади», деб жавоб бердилар. Шунда у зот саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўқ, ундай эмас, жаҳли чиққанда ғазабини ичига юта оладиган киши энг кучли полвондир», дедилар. Шу сабабдан Аллоҳ таоло ҳам ғазабини ичига юта оладиган кишиларни мақтаган:

الَّذِينَ يُنفِقُونَ فِي السَّرَّاء وَالضَّرَّاء وَالْكَاظِمِينَ الْغَيْظَ وَالْعَافِينَ عَنِ النَّاسِ وَاللّهُ يُحِبُّ الْمُحْسِنِينَ {١٣٤}

«У тақводор зотлар яхши-ёмон кунларда инфоқ-еҳсон қиладиган, ғазабларини ичига ютадиган, одамларнинг (хато-камчиликларини) авф этадиган кишилардир. Аллоҳ таоло бундай яхшилик қилувчиларни севади». (Оли-Имрон сураси, 134-оят).

Ҳикоя қилишларича, улуғлардан бирининг хизматкори хўжайинига таом келтираётиб, оёғи чалишиб, йиқилади ва қўлидаги таом тўкилиб, гиламни булғайди. Хўжайин ғазабга тўлади, шунда хизматкор: «Ей тақсирим, Аллоҳ таолонинг сўзини эсланг», дейди. Аллоҳ нима деган?,  сўрайди хўжайин. Аллоҳ таоло «Ғазабни ютувчилар»,  деган, дейди хизматкор. Шунда хўжайин, «Майли мен ҳам ғазабимни ичимга ютдим», дейди. Аллоҳ таоло яна: «Яхшилик қилувчиларни Аллоҳ севади», деган дейди хизматкор. Шунда хўжайин: «Аллоҳ таоло учун сени озод қилдим», деб хизматкорни қулликдан озод қилади ҳамда минг динор ҳадя беради.

Шу кичик ҳикоядан Аллоҳ жалла ва аълонинг ахлоқ-одобга чақирган бир ояти кишининг икки дунёсини ҳам обод қилиши мумкинлигини гувоҳи бўламиз. Бир оятга амал қилган хизматкор қул Аллоҳнинг раҳматига эришиб, иккинчи тарафдан мустақиллик, ҳурлик саодатига эришди.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бу дунёга келган инсонлар бир-бири билан муомала қилмасдан иложи йўқ. Одамларнинг бир-бири билан қиладиган муомалалари худди меҳмонга қиладиган муомаладек ширин ва мулойим бўлиши шарт, зеро барчамиз бу дунёда вақтинчалик меҳмонмиз.

Бу тўғрида Оиша (р.а.) онамизга қилган панду-насихатларида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деган эканлар: «Ей Оиша, ўзингга юмшоқликни лозим тутгин, қўполлик ва ундан пайдо бўладиган ёмонликлардан сақлан, чунки юмшоқлик аралашган ҳар бир нарса чиройли бўлур ва юмшоқлик аралашмаган нарсанинг айблари кўриниб қолур».

Дарҳақиқат, юмшоқ, ширин сўзли кишини барча яхши кўради, қўпол кишидан эса ўзини четга олади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини кўркам хулқли бўлишга чақириб шундай деганлар: «Қиёмат кунида мўмин банданинг барча амаллари тарозуга қўйилганда энг тош босадиган амали яхши хулқдир, Аллоҳ таоло шармсиз, беҳаё сўз қилувчиларни ўзига дўст тутмас».

Фарзу вожиб амаллардан кейин қилинадиган энг яхши амаллар ана шундоқ бўлади. Худди шунингдек, ўзига фарзу вожиб бўлган амалларни бажариб туриб, яна нафл амаллар билан ортиқча савоб топаман деган одам ҳусни хулқ билан ҳам юқори даражаларга эришмоғи мумкин экан.

Умуман, ҳусни хулқ бунга ўхшаш улкан савоблар билан бирга, кўпгина яхшиликларга ҳам эриштириши турган гап. Ҳусни хулқли одамни ҳамма яхши кўради ва ҳурмат қилади. Ундан ҳамма мамнун бўлади. Ҳусни хулқли киши ўзи яшаб турган жамиятнинг кўрки бўлади.

Қиёмат кунида банданинг амалларини тортадиган адолат тарозусида яхши амаллари оғир келиб, жаннатга киришни истаган одам ҳусни хулқли бўлиши керак экан. Ҳусни хулқли бўлмай, фаҳш гап ва ишларни қиладиган, тилида чиркин сўзлар кўп айтиладиган киши бўлиш эса, Аллоҳ таолонинг ёмон кўришига сабаб бўлар экан. Шунинг учун ҳусни хулқли бўлайлик ва фаҳшдан ҳамда чиркин гап-сўзлардан йироқ юрайлик.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ислом таьлим муассасаси

4-курс талабаси Сулаймонова Муслима

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*