Қўшнига яхшилик қилиш (ҳадислар шарҳи)

Ислом дини барчага яхши муомила қилишга чақиради. Агар жамиятда барча инсонлар бир-бирига яхши муносабатда бўлса,бу жамият бахт-саодатли, тинч-тотув яшайдилар. Бу борада мусулмонлар бир-бирларининг ҳақларини адо қилишлари лозим бўлади. Инсон боласи ўзининг кундалик ҳаётида, истайдими истамайдими, барибир, доимий равишда алоқада бўлиб турадиган тоифалардан бири қўшнилардир. Исломда қошничилик алоқасига алоҳида эътибор берилган. Қўшнинг ҳаққи юқори кўтарилган. Унга яхшилик қилиш ҳақида кўплаб тавсиялар берилган.  Қуйида бу борада келтирилган ҳадисларга  тўҳталиб ўтамиз.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менга Жаброил қўшнига яхшилик қилиш қилиш ҳақида шуалар тавсия  қилдики, ҳаттоки, уни меросхўрим қилиб қўйса керак, деб ўйладим”,-дедилар”. (Имом Буҳорий ривояти). Демак, Жаброил алайҳиссалом қўшнига яхшилик, мурувват қилиш тўғрисида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга шу қадар қаттиқ таъкидлаган эканларки, гап шундай давом этадиган бўлса, меросингни ҳам қўшнинг олади деб ўйлаб қолган эканлар.
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таолонинг наздида,дўстларнинг энг яхшиси дўстларига энг кўп яхшилик қиладиганидир. Қўшниларнинг энг яхшиси қўшниларига энг кўп яхшилик қиладиганидир”, – дедилар”. (Имом Буҳорий ривояти). Ушбу ҳадисдан қўшниларнинг энг яхшиси қўшниларига энг кўп яхшилик қиладиганлари ҳисобланишини билиб оламиз. Қўшнига яхшилик унинг ҳожати тушган ишларда ёрдам бериш ва ундан ёмонликларни даф қилиш билан бўлади. Қўшнига тили билан ҳам қўли билан ҳам озор берилмайди. Қўшнига очиқ юзли бўлиш,ширин сўз бўлиш, таом бериш каби ишлар ила икром кўрсатилади.
Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ей Абу Зар! Шўрва қилсанг, сувини кўпайтиргин-да, қўшниларингдан хабар ол ёки қўшниларингга ҳам тақсимлаб бер”, – дедилар”. (Имом Буҳорий ривояти). Бу ҳадиси шарифда қўшничилик алоқаларини яхшилашнинг энг халқчил омилларидан бири ҳақида сўз кетмоқда. Яъни, пиширган таомидан қўшнисига ҳам илиниши кераклигига тарғиб бор. Шўрванинг сувини мўлроқ қилиб уни қўшнисига ҳам бериш кераклигини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таълим бермоқдалар. Бу ерда гап фақат таомда эмас, балки қўшнига бўлган эътиборда. Бу муомаладан қўшни ҳурсанд бўлади. У ҳам жавоб тариқасида яхшилик қилишга ўтади. Натижада улар орасидаги муносабат мустаҳкамлашади. Оқибатда жамият азоларининг алоқалари ижобий натижаларга эришади. Яхшилик қилишни қўшниларнинг қай биридан бошлашлик кераклиги  хусусида қуйидаги ҳадисдан билиб оламиз.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Ё Расулуллоҳ,менинг иккита қўшним бор, улардан қайси бирига ҳадя берай?”, – деб сўрадим. Ул зот: “Сенга эшиги яқинроғига”, – дедилар”. (Имом Буҳорий ривояти). Демак, қўни-қўшнига яхшилик қилишда, ҳадя ёки таом беришда  эшиги яқинроқ бўлган қўшнидан бошлаш керак экан.
Абдуллоҳ ибн Мусовир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ибн Аббоснинг Ибн Зубайрга хабар бериб айтаётганини эшитдим: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ўзи тўқ бўлиб, қўшниси оч қолган одам мўмин эмас”, деганларини эшитдим”.
Ушбу ҳадисдан қўни-қўшниларнинг ҳолидан ҳабар олиш, уларни оч қолишларидан эҳтиёт бўлиш керак экан. Бу ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўмин эмас деганлари комил мўмин эмас маъносидадир. Доим қўшнисидан ҳабар олиб, унга эътиборли, ғамхўр бўлишлик комил мўминнинг  сифатларидан экан.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу  алайҳи васалламга: “Ё Расулуллоҳ! Фалон аёл кечаси билан намозда қоим бўлади. Кундузи нафл рўзаларни тутади. Яна бошқа фалон-фалон яхшиликларни қилади, садақа беради, лекин тили билан қўшниларга озор етказади”, – дейилди. Шунда  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “У аёлда яхшилик йўқ. У дўзаҳ аҳлидандир”, – дедилар. Бояги кишилар: “Фалончи аёл бўлса,фарз намозларини ўқийди,кийимларидан садақа қилади,аммо бирор кишига озор бермайди”, – дейишди.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ана шу аёл аҳли жаннатлардандир”, – дедилар.
Бу ҳадиси шарифда қўни-қўшниларга озор бермаслик, уларни беҳурмат қилмаслик нақадар зарур иш эканлиги таъкидланмоқда. Қўни-қўшниларга ёмон муносабатда бўлиш, уларга озор бериш ўқилган нафл намозлар, тутилган нафл рўзаларни ҳам ювиб кетиши мумкин экан. Қўшнилари билан тинч-тотув яшаган, уларга озор бермаган инсон катта бахт-саодатга эришади ва аҳли жаннатдан бўлади. Юқорида ўтилган ҳадисларга амал қилсак, қўшнилар билан аҳил-иноқ бўлиб, ўзаро эҳтиром билан яшасак кўплаб ажрларга эга бўламиз ва ҳаётимиз янада фаровон бўлади.
                                     Хадичаи Кубро ўрта махсус 
ислом таълим муассаси
ўқитувчиси Жозиба Жамол қизи

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*