Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институти қўлёзмалар фонди ва у ерда сақланаётган араб тили грамматикасига оид манбалар

Узоқ тарихга эга бўлган ўзбек халқи, унинг юксак маданияти, қадриятлари, бой илмий мероси бутун жаҳоннинг диққат-еътиборини ўзига жалб этиб келган ва келмоқда. ЎзР ФА Шарқшунослик институтининг ноёб қўлёзмалар фондида сақланаётган улкан хазина ҳам шу жумладандир. ЎзР ФА Шарқшунослик институти қўлёзмалар фонди дунёдаги энг машҳур ва бой фондлардан биридир. У ерда сақланаётган нодир қўлёзмалар ўтмишдаги Шарқ ислом оламининг қарийб минг йиллик тарихини ўз ичига олган. Нафақат Ўзбекистон олимлари, балки бутун дунё олимлари ҳам мазкур қўлёзмалар фондидан фойдаланиб, ўтмиш тарихини ва маданиятини ёритадилар.
Республикамиз ҳудудида XIX аср охирларигача кутубхоналар мадраса ва масжидлар қошида ташкил этилган. 1870 йилга келиб эса ушбу кутубхоналардан ташқари давлат кутубхонаси ҳам ташкил этилди. Самарқанд халқ кутубхонаси, Мирзо Улуғбек мадрасаси қошидаги кутубхона ҳам шу даврда очилди. Бу кутубхоналарда турли тиллардаги китоблар, газета ва журналлар сақланган. Октабр тўнтарилиши арафасида Туркистонда жаъми 14 давлат кутубхонаси фаолият юритган. 1870 йилда ташкил этилган давлат кутубхонаси қошида Шарқ қўлёзмалар бўлими мавжуд бўлган. Унда 1889 йилда 87 жилд, 1895 йилда 90 дан ортиқ қўлёзмалар мавжуд бўлган. Инқилобдан кейин эса бу бўлимдаги қўлёзмалар сони тез кўпая бошлаган. Қўлёзмалар турли араб, форс, тожик, ўзбек, урду, пушту ва бошқа шарқ халқлари тилларида битилган турли соҳаларга оид эди. Бу қўлёзмалар хазинаси Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондига асос бўлди. 1944 йилда эса Республика Давлат кутубхонаси Шарқ бўлими негизида Шарқ қўлёзмаларини ўрганиш институти тузилди ва 1950 йилдан бу институт Шарқшунослик институти деб атала бошлади. Ҳозирда бу ноёб фондда 25.977 жилд қўлёзма асарлар мавжуд бўлиб, улар ўтмишдаги фанларнинг деярли ҳаммасини ўз ичига олган. Бундан ташқари, 39.107 жилд тошбосма ва босма асарлар ҳам сақланмоқда. Бундан ташқари, 5000 дан ортиқ турли ҳужжатлар ҳам бу фонддан ўрин олган.
Шунингдек араб тили грамматикасига оид манбалар ҳам ушбу фондда анчагинани ташкил этади. Араб тили грамматикасини ўрганиш юртимиз илм-фан ривожи ва тарихидан далолат берувчи буюк меросимизни ўрганишда муҳим омил ҳисобланади. Чунки қўлёзмалар фондларида сақланаётган манбаларнинг аксари араб тилида ёзилган. Араб тили грамматикаси асосини сарф ва наҳв илмлари ташкил этади ва балоғат, фасоҳат каби илмлар уларни бойитади. ЎзР ФА Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида турли соҳаларга оид манбалар жуда кўп бўлиб, араб тили сарф ва наҳв илмлари ҳам шу жумладандир.
ЎзР ФА Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондидаги араб тили грамматикасига оид манбаларни ёзилган тилига кўра икки турга ажратиш мумкин.
1. Араб тилида ёзилган манбалар.
2. Форс тилида ёзилган манбалар.
Ҳар икки тилда ёзилган манбалар ичида ҳам наҳв, ҳам сарфга оидлари бор.
Араб тилида ёзилган манбалар сон жиҳатидан кўп бўлганлиги учун қуйида улар ҳақида батафсил маълумотлар келтирамиз.
1. Усмон ибн Умар ибн Ҳожиб қаламига мансуб “Кофия фи-н-наҳв” асари. Қўлёзмалар фондида ушбу асарнинг 94 нусхаси сақланмоқда.
2. Абдураҳмон ибн Аҳмад ал-Жомийнинг “Фавоид уз-зиёия” асари. Бу асар “Кофия”нинг шарҳи бўлганлиги учун “Шарҳи мулло Жомий” деб ҳам номланади. “Фавоид уз-зиёия”нинг Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик инсититути қўлёзмалар фондида 84 нусхаси сақланмоқда.
3. “Фавоид уз-зиёия” асари шарҳ бўлгани учун ҳам уни шарҳлаш мақсадида кўп муаллифлар томонидан ҳошиялар ёзилган. Ҳошиялар сони ҳам анчагина бўлиб, 114 нусхадан иборат. Улар турли муаллиф ва даврларга оиддир. “Фавоид уз-зиёия”га ёзилган ҳошиялар ичида Абдулғофур ал- Лорийнинг ҳошияси диққатга сазовардир. Шунингдек, Муҳаммад Шариф ибн Муҳаммад ал-Бухорий, Иброҳим ибн Муҳаммад Арабшоҳ, Шамсиддин Муҳаммад ал-Қўҳистоний, Мулло Содиқ, Ҳабибуллоҳ Мирзажон Шерозий, Ҳофиз Кўҳакий аш-Шоший, Миржамол ибн Носир, Мулло Исматуллоҳ Самарқандий ва бошқалар қаламига мансуб ҳошиялар ҳам мавжуд.
4. Муҳаммад ибн Усмон ибн Умар ал-Балхий қаламига мансуб “Вофия фи-н-наҳв” асарининг 7 нусхаси сақланмоқда.
5. Али ибн Муҳаммад аз-Заририй ал-Қўҳандазий қаламига мансуб “Зарирй фи-н-наҳв” асарининг 2 нусхаси бор.
6. Шаҳобиддин ибн Шамсиддин ибн Умар ал-Ҳиндий ад-Давлатободий қаламига мансуб “Иршод фи-н-наҳв ” асарининг 2 нусхаси бор.
7. Носир ибн Абдуссаййид ал-Мотрузий қаламига оид “Китаб ул-мисбаҳ фи-н-наҳв” асарининг 2 нусхаси бор.
8. Шайх Розий Муҳаммад ибн Ҳасан Астрабодий қаламига мансуб “Шарҳи Кофия” асарининг 13 нусхаси бор.
9. Абдулқоҳир ибн Абдураҳмон ал-Журжоний қаламига мансуб “Авомил” асари ҳам кўп нусхали асарлардан бўлиб, фондда 44 нусхаси сақланмоқда.
10. “Авомил” асарига ёзилган 18 шарҳ мавжуд бўлиб, улар Муҳаммад Содиқ ибн Дарвеш Муҳаммад ва Пир Муҳаммад ибн Ёдгор Муҳаммад аш-Шерозий қаламига мансуб.
11. Зиёуддин ал-Маккийнинг “Кифаяту-н-наҳв фи илми ал-еъроб”асарининг 1 нусхаси бор. Ушбу муаллиф Жаруллоҳ аз-Замахшарийнинг шогирдлари бўлганлиги ҳақида маълумотлар бор.
12. Маҳмуд ибн Умар аз-Замахшарийнинг “Ҳаракат ул-еъроб” асари 6, “Муқаддамат ул-адаб” асари 10 дан ортиқ, “Фасл фи-л-ҳуруф”, “ал-Унмузаж”, “Муфассал фи-н-наҳв” асарининг 7, “Тасарруфот” асарининг 7 нусхаси мавжуд.
13. Жалолиддин ибн Абу Бакр Суютий қаламига мансуб “Ишбоҳ ва назоир фи-н-наҳв” асари якка нусхада сақланмоқда.
14. Ҳусан пошо ибн Алоуддин ал-Асваднинг “Шарҳи Мисбоҳ”асарининг 4 нусхаси бор.
15. Абдулжалил ибн Файруз ал-Ғазнавийнинг “Ҳидоя фи-н-наҳв асарининг” 3 нусхаси мавжуд.
16. Асириддин аби Ҳайённинг “Иртишаф уз-зарб фи лисани-л-араб” асари якка нусхада мавжуд.
17. Ибн Ҳожиб ва Ибн Камол қаламига мансуб “Рисала фи таҳқиқи муаннас симаъий” асари мавжуд.
18. Ҳуршид Аҳмаднинг “Ифода фи кашфи изофа” асари ҳам якка нусхали асардир.
19. Муҳаммад Боқий Бухорийнинг “Масъалат ул-истисно” асарининг 6 нусхаси мавжуд.
20. Усмон ибн Умар ибн Ҳожиб қаламига мансуб “Шофия фи-т-тасриф” асарининг 9 нусхаси мавжуд.
21. Юқоридаги “Шофия фи-т-тасриф” асарига ёзилган шарҳлар 10 нусхада бўлиб, улар Муҳаммад ибн Ҳусан ал-Жорбардий қаламига мансубдир.
22. Иброҳим ибн Абдулваҳҳоб аз-Занжонийнинг “Сарфи Занжоний” асари ҳам кўп нусхали асарлардан бўлиб, 36 нусхаси бор.
23. “Сарфи Занжоний” асарига ёзилган шарҳларнинг 13 нусхаси мавжуд бўлиб, улар Масъуд ибн Умар ат-Тафтазоний ва Муҳаммад ибн Қосим ибн Юсуф ал-Ҳусайний қаламига мансубдир.
24. Муҳаммад ибн ал-Қосим ал-Маъзий қаламига мансуб “Маъзий фи-т-тасриф” асарининг 37 нусхаси бор.
25. Абу Бакр Муҳаммад ибн Умар ибн ул-Азиз ал-Қуртубийнинг “Афъол ва тасрифуҳа” асари ҳам якка нусхада сақланмоқда.
26. Султон хўжанинг “Ҳаср ул-абваб фи-с-сарф” асари, Мир Саид Шарифнинг “Таълилот фи-с-сарф”, Шер Муҳаммад ибн Шайх Муҳаммад Қурайшийнинг “Қоваид ус-сарф” асари, Абдулжамил ибн Маҳмуд ибн Муҳаммад ас-Софийнинг “Жамеъ ул-масаил фи-т- тасриф” асари, Аҳмад ибн Али ибн Масъуднинг “Мироҳ ул-арвоҳ” асари, Аҳмад ибн Али Сижистонийнинг “Шарҳи Қисорий” асари кабилар ҳам якка нусхадаги асарлардир.
Юқорида келтирилган асарлардан ташқари араб тили сарф ва наҳвга оид баъзи асарлар ҳам борки, уларнинг муаллифлар номаълум. “Таржимаи Кофия”, “Рисола фи-н-наҳв”, “Ҳошия ала мабҳас мажрурот”, “Муаннас самоий ва жаъм муаннас”, “Тағойюрот ва тасарруфот ул- афъол”, “Тасриф ул- афъол”, “Рисала фи-л-фуруқ”, “Рисала фи-л-масдар”, “Изҳар ул-асрор”, “Китаб мақсудия” кабилар шулар жумласидандир.
Араб тили грамматикасига оид араб тилида ёзилган қўлёзма асарлар Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик инсититути қўлёзмалар фондида 450 нусхадан ортиғини ташкил этади. Форс тилида ёзилганлари эса 200 нусхадан ортиқроқдир. Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик инсититути қўлёзмалар фондида шу каби бошқа соҳаларга оид яна минглаб асарлар борки, уларни илмий ўрганиш ва оммалаштириш нафақат тарихий илмий меросимизни ўрганиш жиҳатидан балки бугунги кун илм фан талаби нуқтаи назаридан ҳам муҳим саналади.

Фойдаланилган адабиётлар

1. М.Ҳасаний, А.Ҳабибуллаев. Адабий манбашунослик ва матншуносликнинг назарий масалалари. Т.: 2011 йил.
2. А.Ҳабибуллаев. Адабий манбашунослик ва матншунослик. Т.: 2000 йил.
3. ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фондидаги соҳага оид карточкалар.
4. www.ziyonet.uz
5. www.arabic.uz

Абдувалиева Комила
Хадичаи Кубро аёл-қизлар
ўрта-махсус ислом таълим
муассасаси ўқитувчиси

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*