Аллоҳ эзгу иш қилувчилар мукофотини зое қилмагай

Аллоҳ таъоло марҳамат қилади:
﴿الصَّابِرِينَ وَالصَّادِقِينَ وَالْقَانِتِينَ وَالْمُنْفِقِينَ وَالْمُسْتَغْفِرِينَ بِالْأَسْحَارِ ﴾
“(Улар) сабрли, садоқатли, итоатли, саховатли ва саҳар чоғларида Аллоҳдан мағфират сўрайдиган кишилардир”.
Оли Имрон сураси, 17-оят.
Алло таъоло ушбу ояти каримада мўмин киши эга бўладиган беш ҳислатни зикр қилиш билар уларни мадҳ қилди. Бу беш ҳислат: сабр, садоқат, тиоат, саховат ва саҳар чоғларида Аллоҳдан мағфират сўрашдир. Кўриб турганимиздек, ушбу сифатлар ичида“(Улар) сабрли…” дея биринчи бўлиб сабр зикр қилинди. Дарҳақиқат, сабр муқаддас динимиз унга чақирадиган, инсоният учун зарур бўлган, мўминларга хос сифатлардандир. Қуръони каримда сабрли бўлишга чақирувчи ояти карималар бисёр. Улардан баъзиларининг мазмунига тўхталиб ўтамиз.

﴿لَتُبْلَوُنَّ فِي أَمْوَالِكُمْ وَأَنْفُسِكُمْ وَلَتَسْمَعُنَّ مِنَ الَّذِينَ أُوتُوا الْكِتَابَ مِنْ قَبْلِكُمْ وَمِنَ الَّذِينَ أَشْرَكُوا أَذًى كَثِيرًا وَإِنْ تَصْبِرُوا وَتَتَّقُوا فَإِنَّ ذَلِكَ مِنْ عَزْمِ الْأُمُورِ﴾
“Мол-мулкларингиз ва жонларингиз (офати ва мусибати) ила синалурсизлар. Шунингдек, сизлардан олдин Китоб берилганлар ва мушриклардан кўп азиятли (аччиқ) гапларни эшитасизлар. Агар сабр қилсаларингиз ва тақволи бўлсаларингиз, албатта, бу ишларнинг пухталигидандир”. Оли Имрон сураси, 186-оят. Ояти каримада Аллоҳ таъоло бандаларини турли синовлар билан синалишларини баён қилиш билан бирга мусибатларга сабр қилиш ва Аллоҳга тақво қилиш лозимлигини бандаларига таълим бериб: “Агар сабр қилсаларингиз ва тақволи бўлсаларингиз, албатта, бу ишларнинг пухталигидандир” дея марҳамат қилди. Яна бошқа ояти каримада марҳамат қилинади:
وَلَنَبْلُوَنَّكُمْ بِشَيْءٍ مِنَ الْخَوْفِ وَالْجُوعِ وَنَقْصٍ مِنَ الْأَمْوَالِ وَالْأَنْفُسِ وَالثَّمَرَاتِ وَبَشِّرِ الصَّابِرِينَ﴾ ﴿
Сизларни бироз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз. (Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг (эй, Муҳаммад)! Бақара сураси 155-оят.
Демак, Аллоҳ таъоло ўз бандаларини турли синовлар билан синаб, сабр қилган мўминларни Ўзи ажру-мукофотлари билан мукофотлайди. Бу ҳақида, кўриб турганимиздек, кўплаб оятларда хабарлар ворид бўлиши билан бирга, кўплаб ҳадиси шарифларда ҳам сабр қилишнинг фазилатлари баён қилинган. Ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу ъалайҳи васаллам айтадилар: “Қайси бир бандага Аллоҳ таоло яхшиликни раво кўрса, унга шу дунёнинг ўзида жазо ва уқубат беради. Ёмонликни раво кўрса, охиратга қолдиради”. Ҳадиси шарифдан мусибатлар мўъмин кишининг гуноҳларига каффорат бўлишини англашимиз мумкин.
Аллоҳ таъоло тақдир қилган ҳар бир иш мўмин банда учун яхшилик ва неъмат эканини ушбу ояти карималар ва ҳадиси шарифлардан маълум бўлиб турибди. Мўъмин инсон ношукурлик қилишдан сақланиб, тақдиридан рози бўлиши ва ҳар бир ҳолатига шукр қилиб, мусибатларга сабр қилиши унинг учун зарур бўлган иш саналишини билиши лозим. Ким Аллоҳ таъолонинг розилигига мувофиқ яшаса Аллоҳ таъоло ҳам уни у рози бўладиган охират билан мукофотлайди. Аллоҳ таъоло марҳамат қилади:
وَاصْبِرْ فَإِنَّ اللَّهَ لَا يُضِيعُ أَجْرَ الْمُحْسِنِينَ﴾ ﴿
“Сабр қилинг! Бас, албатта, Аллоҳ эзгу иш қилувчилар мукофотини зое қилмагай”.
Аллоҳ таъоло барчамизн Ўз Каломида мақтаганидек сабрли, садоқатли, итоатли, саховатли ва саҳар чоғларида Аллоҳдан мағфират сўрайдиган кишилардан қилсин!

Хадичаи кубро ислом таълим
муассасаси ўқитувчиси
Гулруҳ Кенжабой

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*